Пайсалга солинган тўлов

1248

2015 йил 10 июнь куни «QQAV­TOTEXXIZMATI» МЧЖ ходимлари А.Даулетов ҳамда ­Б.Жумабаев жамиятга тегишли автомашинада ҳалокатга учраб, ҳаётдан кўз юмадилар. Автоҳалокат ишлаб чиқариш билан боғлиқ, деб топилиб, Н-1 далолатномаси расмийлаштирилади. 2015 йилнинг июнь ойидан то 2018 йилнинг май ойига қадар боқувчисини йўқотганлиги туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга шахсларга зарар тўловлари тўлаб берилади. Аммо 2018 йилнинг май ойидан 2021 йилнинг ноябригача бўлган тўловлар ҳар хил важлар билан пайсалга солиниб келинар эди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғис­тон бўйича меҳнат техник инспектори Б.Утепбергеновнинг таъкидлашича, «Qqavtotexxizmati» МЧЖ боқувчисини йўқотганлиги туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга атайин тўламай келган.

Меҳнат кодексининг 192-моддасига кўра, ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек, ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек, ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.
Жамиятнинг собиқ ходимлари марҳум А.Даулетов ҳамда Б.Жумабаевнинг ўн олти ёшга тўлмаган фарзандлари қолган. Демак, ҳозирги кунда ҳам уларга зарар тўловлари тўланиши шарт.
Суд шу ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларни, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон бўйича меҳнат техник инспектори тақдим этган ҳужжатларни инобатга олиб, талабгорларга 70 миллион сўмдан ортиқ зарар тўловлари корхона томонидан тўланиши юзасидан қарор қабул қилди.
Айни пайтда марҳумларнинг оилаларига зарар тўловлари ойма-ой тўлаб борилмоқда.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»