Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти кенгаши тасарруфидаги ташкилотларда Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 539 йиллиги муносабати билан маънавий маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими, Адлия бошқармаси ҳамда вилоят юридик техникуми ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “Алишер Навоий ҳуқуқшунос бўлганми?” деган савол кўтарилди.
Дарҳақиқат, ҳазрат Навоийнинг нафақат ижодда, балки, ҳуқуқ соҳасидаги улкан ишлари эътирофга лойиқ. У одил ҳуқуқшунос, қонун ижодкори сифатида ҳам фаолият юритган. Улуғ шоир адолат туйғусини ҳар бир инсон, ҳар қайси халқ ва миллат интилиб яшайдиган олий мезон даражасига кўтарган, жами одамзотни ҳаётда адолатни қарор топтиришга, уни авайлаб-асрашга чорлаган.
Тадбирда юридик техникум ўқувчилари Навоий ва шоҳ Бобур ижодидан намуналар ўқишди, алломалар ҳақида саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Шунингдек, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Қашқадарё минтақавий филиалида “Буюк Туроннинг икки улуғ алломаси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими аъзоси, шоира Нафиса Даврон қатнашиб, машҳур боболаримиз ҳаёти ва ижоди хусусида дилбар ҳикояларсўзлаб берди.
Вилоят божхона бошқармасида ўтган “Асрларни титратган икки буюк даҳо!” маънавий-маърифий тадбирида таъкидландики, ривожланиш босқичига кирган Янги Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда буюк аждодларнинг безавол адабий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади…
Тадбир сўнггида Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими томонидан иштирокчиларга буюк алломалар қаламига мансуб достонлар тўплами топширилди.
Муножот НОРОВА,
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари
касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси
