Чекишни ташлаб бўлмайди

5288

Бунинг учун жамиятда «Мен сенга тегмай,
сен менга!» тамойилини ўзгартириш керак

Чет элдаги бир дўкон сотувчиси ёшгина ҳомиладор аёлга «18 ёшга тўлмаганларга сигарета сотмаймиз» деса, у «аллақачон 18 га кирганман», дебди. «Мен сиз ҳақингизда эмас, ҳомилангиз ҳақида қайғур­япман. У аввал туғилсин, 18 га киргач, никотин билан заҳарланиш ёки заҳарланмаслик тўғрисида ўзи бир қарорга келсин», дея жавоб қайтарибди сотувчи.

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда бепарволигимиз, лоқайдлигимиз туфайли болаларнинг тамаки билан заҳарланишларига озми-кўпми сабаб­­чи бўляпмиз. Телевизорда сигарета чекаётган ёки спиртли ичимлик истеъмол қилаётган хорижлик актёрларни кўрсатиш оддий ҳолга айланиб қолди. Ёки савдо мажмуалари, супермаркетларда касса аппарати устига ҳар хил тамаки маҳсулотлари териб қўйилганини кўп кўрамиз. Бу гўёки «Ўзингизга керакли ҳамма нарсани харид қилдингиз, сигаретани унутмадингизми?», деган маънодаги эслатмага ўхшайди. Қолаверса, ҳар қандай савдо шохобчасида тамаки расталари кўзни олар даражадаги ялтир-юлтирлиги билан ҳам ўзига хос реклама вазифасини ўтамоқда. Барчамиз маҳалламизда кечаю кундуз ишлайдиган носфурушларнинг ва сигареталарнинг исталган турини қутиси билан ёки доналаб сотадиган тижоратчиларнинг қизғин савдосига оддий ҳолдек қараяпмиз.
Ички ишлар мутасаддилари берган маълумотларга қараганда, мактаб ўқувчилари ўртасида электрон сигареталар ва никотин снюсини қабул қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Ҳолбуки, электрон сигарета ингаляторнинг ўзгинаси. Суюқлик қизийди ва буғланади. Буғ учун гликоль, глицерин ва пропиленгликоль, ёқимли ҳид учун ароматизаторлар ва никотин жавоб беради. Ишлаб чиқарувчи «никотинсиз» деб ёзганига қарамай, суюқлик ўзида бу моддани сақлаши мумкин. Гликоль, глицерин ва пропиленгликоль ичга қабул қилинганда хавфсиз экани исботланган, бироқ нафас олиш орқали қабул қилинишининг оқибатлари номаълум.
Ароматизаторларнинг қон-томир тизимига салбий таъсири тўғрисида ҳам маълумотлар етарли. Долчин, ваниль, қаймоқ таъмини берувчи суюқликлар эса энг заҳарли ҳисобланади. Никотин бошқа кимёвий унсурларсиз ҳам юрак-қон томир касалликларидан тортиб, ўсма метастазаларигача бўлган турли хасталиклар хавфини орттиради.
Агар кучли сигарета таркибида 1,5 мг. никотин бўлса, снюсда бу кўрсаткич 22 мг.ни ташкил этади. Тамаки оғиз бўшлиғида бўлганида 5-10 минутдан сўнг қонга кўп миқдорда никотин ўтади.
Шу кунларда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилмоқда. Унда ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин бўлмаган жамоат жойларининг аниқ рўйхати кўрсатилиб, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар белгиланмоқда.
Тўғри, олдин ҳам бу борада қонунлар қабул қилинган. Лекин улар деярли ижро этилмаяпти. Масалан, оддий жамоат жойларида чекиш тақиқланган бўлса-да, ҳеч ким унга риоя қилмаяпти.
– Маркетологлар фикрига кўра, реклама бўйича заиф қонунлар ва тақиқлар мавжуд бўлган мамлакатларда тамаки саноати яширин маркетингнинг турли усулларини қўллайди, уларнинг асосий вазифаси турли хил тарғибот воситалари орқали тамаки чекишнинг тарқалишини рағбатлантиришдир, – дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари Дониёр Тўраев. – Масалан, бугунги кунда Интернетда тамаки маҳсулотларининг яширин рек­ламаси кенг тарқалган. Тамаки саноати, ўз ­навбатида, маҳсулотини тарғиб қилиш учун ижтимоий тармоқлар орқали инфлюэнсер (influencer)лардан фойдаланади. Умуман олганда, тадқиқот натижалари яширин тамаки маркетингининг зарарини ва Интернетда ёшларнинг хатти-ҳаракатларига кучли таъсир кўрсатадиган рағбатлантирувчи тасвирлар кўпаяётганини тасдиқлайди.
– Буни қарангки, мамлакатимизда 10 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлар бор. Уларнинг 500-600 таси соғлиқни сақлаш тизимида, – ­дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жуманазар Отажонов. – Лекин шу вақтгача алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилиниши борасидаги назоратни қониқарли, дея олмаймиз. Бу аянчли ҳолатни светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетишга ўхшатиш мумкин. 2011 йилда қабул қилинган қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини таълим муассасаларидан 500 метр радиусдан узоқроқда сотиш белгиланган. Бу норма амалиётда ишламади. Сабаби, таълим, спорт, диний ташкилотлар жуда зич жойлашган, чек­ловимиз нотўғри белгиланган эди. Кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг таклифи билан бу масофа ушбу «ташкилотлар ҳудудидан тўғри чизиқ бўйлаб 200 метр»га ўзгартирилди. Афсуски, ҳозирги кунда ҳам бу норма ишламаяпти. Шунинг учун янги қонунда соҳадаги назорат органларининг ва ижро этувчи ­масъулларнинг аниқ вазифалари белгиланди ва бу нормалар қонуннинг ишлашига хизмат қилади.
Зеро, яқинлари ва атрофидагиларнинг соғлиғини ўйлаган, шу ҳақда қайғурган одам борки, сиртдан қараганда, оддий туюлган кашандаликка бепарво бўлмаслиги керак. Чунки бепарволик, лоқайдлик миллат генофондига фожиали таъсир қилади.
Муҳими, «жамоатчилик назорати» иборасидаги «назорат» сўзининг мазмун-моҳиятини назар солмоқ, кўз-қулоқ бўлмоқ маъносида тушунсак, албатта, у сиз билан бизни нафақат кашандалик, балки бошқа йўналиш­лардаги ноқонуний хатти-ҳаракатларга ҳам бепарво бўлмасликка ундайди.
Негаки, кенг жамоатчиликнинг фойдасидан зарари кўп иллатга қарши биргаликда курашиши давр талабига айланмоқда. Бу ўринда тараққий этган демократик давлатни жисмонан соғлом, маънан баркамол инсонларгина бунёд этишини унутмайлик.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист