ёхуд фарзандингиз бошқа замон руҳида тарбия топаётганини ҳис этинг!
«Хорижда ишлаш масаласида онам билан кўп тортишдик. Менинг мақсадим ишлаш эмас, ўқиш эди. Бирор замонавий касб этагидан тутсам, чет элда орттирадиган даромадни ўзимизда ҳам топа оламан. Лекин оиламиз серфарзанд. Аямга такрор-такрор «Мени тушунинг!» дейишимга қарамай, оилавий эҳтиёжларимизни қондириш ва чиройли келажак қуриш учун акаларим қатори мени ҳам хорижга ишлаш учун жўнатди…».
Эндигина 20 ёшни қаршилаган Анвар билан Истанбулнинг Мармара денгизи соҳилида бўлган суҳбат мени қаттиқ таъсирлантирди.
Шундан сўнг узоқ ўйладим ва бугун айрим ота-оналарга ўз «овозимиз»ни эшиттириш учун уларга юзланишни истадим.
«Ishonch» газетасининг шу йилги 10 февраль сонида X, Y ва Z авлод ҳақида ёзган эдик. Бугун Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий фаол қисмининг аксарияти икки авлодга мансуб – улар Y авлод, яъни 27 ёшдан юқори бўлган қатлам ва 26 ёшгача бўлган Z авлод. Икки авлод ўртасида катта муаммолардан бири – тушунчаларнинг ўзаро фарқланиши.
Y авлод ҳисобланган ота-оналаримиз болаликда ўзлари орзу қилган касб эгаси бўлолмагани учун ҳам фарзанди шифокор, адвокат ёки ўқитувчи бўлишини исташади. Уларнинг давомчилари ҳисобланган Z авлод эса ўз ҳаётини ўзи қуришни хоҳлайди.
Бундоқ ўйлаб кўрадиган бўлсак, бугунги ота-оналар фарзанди молиявий жиҳатдан эркин бўлишини истайди. Уй, машина, қўшниларни лол қолдирадиган даражада дабдабали тўй қилиш… Аммо бу ердаги чалкашлик шундаки, ушбу орзуларини амалга ошириш ниятида у ўзи билиб-билмай фарзандининг келажагига тўсқинлик қилади. Камчиқим тўй аслида боласини моддий эркинликка тезроқ олиб чиқишини билмайди. Бу эса авлодлар ўртасида низолар пайдо қилиши тайин.
Қўшни маҳалладаги Наргиза опа фарзанди билан келиша олмаётганини айтиб, ҳасрат қилади. Муҳаббат ая набираларининг дангасалигидан нолийди. Абдували амаки эса ўғли яхши яшаши учун уни университетдан чиқариб олди. Ҳозир Азамат отасининг фирмасида ишлаяпти.
Сиртдан қараганда, ҳаммаси рисоладигидек туюлади, аммо қўшни маҳалладаги яқинларимнинг фарзандлари ва набиралари билан суҳбатлашганимда, уларда ота-оналарига хос бўлмаган фавқулодда тетик бир руҳият борлигини сезаман.
Наргиза опанинг ўғли АКТ соҳасида фаолият юритмоқчи. Онаси эса бу соҳани тушунмагани сабабли унга шифокор бўлишни маслаҳат бермоқда.
Муҳаббат аянинг набиралари мобиль телефонлар учун дастурлар яратади. Кўп вақтларини компьютер қаршисида ўтказишгани боис бувилари наздида оиладаги мақомлари – дангаса.
Эҳтимол, энди тушуниб етгандирсиз – болангиз ёки набирангиз билан сизнинг ўртангизда неча йиллик ривожланиш борлигини?
Ёшларга бериладиган саволларнинг энг машҳури шундан: «Қаҳрамонинг ким?».
Авваллари бу саволга кўпчилик «Ота-онам!» деб жавоб қайтарарди. Ҳозир уларнинг ўрнини миллионерлар, санъаткорлар ёки бизнесменлар эгаллаган.
Бу эса болангиз билан бир уйда яшаб, унга қанчалар бегоналашиб бораётганингиздан далолат беради.
Катта шаҳарлардан хорижга бориб ишлайдиганлар кам. Лекин кичик қишлоқларда бу борадаги кўрсаткичлар тобора ортиб бораётгани ачинарли ҳол. «Нега болангиз чет элда?», деган саволга эса ҳамманинг жавоби битта – «ўзимизда иш йўқ».
Унинг ортидан иккинчи савол келади: «Ўғлингиз бирор марта давлат идорасига ёки хусусий ташкилотга иш сўраб борганми?». Шу билан суҳбатга ҳам чек қўйилади.
Ҳеч қандай мурожаатсиз иш йўқ деган хулосага келиш кадрларга эҳтиёж ортиб бораётган бир даврда ўзини оқлайдими? Йўқ, албатта!
Z авлоднинг бир вакили сифатида мен биз чиндан ҳам ота-онамиз миямизга муҳрлаган илк таассуротлар билан яшаётганимизни тан оламан. Шу билан бирга, ҳар куни электрон почтам орқали келаётган ишга таклифларни таҳлил қилиб, иш йўқ, деган кескин қарорни инкор этишга ҳам ҳақлиман.
Молиявий муаммоларнинг асл сабаби – эҳтиёжларимизни назорат қила олмаслигимиз! Уч хонали уйимизни беш хона қилиш илинжида яшаётганимиз! Акасининг машинаси борлиги учун ҳам кичик фарзандимизни ишлашга мажбур қилиш ёки унинг режаларини инобатга олмаслик оиламиз келажаги учун адолатсизлик эмасми?
Бир авлодни бошқа бир замон одами сифатида тушуниб етиш муаммолар камайишига сабаб бўлади. Болангизни сиз истаган қиёфада эмас, аксинча, ўзининг қиёфасида кўра олишингиз ота-она сифатида замон руҳини қабул қилаётганингиздан дарак беради.
Болангизнинг «жуда эркаланиб» кетаётганини ёки «ўта кетган ялқов» бўлиб қолаётганини муаммо сифатида кўриб, бир пайтлар отангиз сизга қўллаган тактикани ишга солиш – далада кетмон чопишга мажбурлаш дунёни қўлида тутиб турган кичик қалб эгаси учун аянчлидир. Буни у қабул қила олмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз.
Олтой мифологиясида «Мерген» атамаси бор. У муҳим ахборотлар қўлида бўлган инсонга нисбатан ишлатилади. Сиз ўзингиз ёки оилангиз учун аҳамиятли ҳисобланган ахборот қўшнингизда бўлса, у билан муроса қилишга уринасиз. Бугун уйингизда улғаяётган болангизга нисбатан ҳам ана шундай муносабатда бўлишга мажбурсиз.
…Яна Анварнинг ҳикоясига қайтамиз. Орзу-ҳавас дея, бола руҳини тушунмасдан уни ишлашга, айниқса, хорижда ишлашга мажбурлашдан аввал эҳтиёжларингизни камайтиринг. Фарзандингизнинг қизиқишлари билан ҳисоблашинг. Оилавий муносабатларда узоқлашув – катта фожиа эканини англаб етишга ҳаракат қилинг. Фарзандингиз бошқа замон руҳида тарбия топаётганини ҳис этинг. Азиз Несин айтганидек, «Фарзандингизга бекаму кўст дунё яратишга уринманг, дунёга қалби тоза фарзандлар беринг». Шундагина барча муаммолар ечим топади.
Исфандиёр БУРГУТБОЕВ
Туркиянинг Анадолу университети магистранти, тадқиқотчи
