ёхуд Ўзбекистон ҳудудида республикачилик тарихига бир назар
Замонавий тарих фанида республикалар («республика» лотин тилида «жамоа иши» дегани) ибтидоси, ривожи, ғоялари ва сиёсий жиҳатларини ўрганишда, асосан, Афина, Рим, Венеция, Генуя, Новгород шаҳарлари андоза сифатида қаралади.
Таассуфки, бу ўринда Шарқ шаҳарлари республикачилик анъаналарига зид равишда талқин қилинади. Яъни, ушбу контексда Мағриб ва Машриқ сиёсий тарихи қарама-қарши қўйилади. Яна ҳам тўғрироғи, Шарқ очиқ-ошкор истисно қилиниб, республикачилик фақат Ғарб сиёсий маданиятига хос, деган талқин илгари сурилади.
Аслида шундайми? Бир неча тамаддунларга бешик бўлган Шарқий яримшар наҳотки ушбу ижтимоий-сиёсий босқични назардан қочирган бўлса?!.
Менинг назаримда бунинг сабаби кўпроқ ушбу жиҳатнинг илмий ўрганилмагани ва тарғиб қилинмагани билан боғлиқ. Жумладан, бизнинг тарихчилар ҳам ҳали-ҳамон бу ҳақда ҳатто ўйлаб кўришмаётгани кишини ажаблантиради.
Ваҳоланки, АҚШ, Россия, Европа Иттифоқида республикачилик тарихини ўрганишга ихтисослашган кўплаб марказлар фаолият юритаётганини биз яхши биламиз. Бунинг натижаси ўлароқ, соҳага оид илмий ишлар ёзилаётир, мақолалар ва китоблар чоп этилаётир.
Бизнинг «ақл марказларимиз»да эса нафақат сиёсий тарих бўйича чуқур илмий изланишлар олиб бориляпти, ҳатто республикачиликка оид юзаки мавзулар ҳам ўрганилаётгани йўқ. Энг ачинарлиси, мутахассислар тайёрлаш масаласида ҳам муаммолар бор. Шу боисданми университет дарсликларимизда ҳам, сиёсатшунослик фанида ҳам европача сиёсий андоза ва тафаккур устунлик қилмоқда.
Бунинг биз учун нозик жиҳати шундаки, европача тарих талқинида республикачилик анъаналари, ҳали эслаганимиздай Афина ва Рим шаҳар – республикаларига бориб тақалади. Биламизки, ҳозирги замон республикачилик анъаналари ва демократия илдизлари XII-XV асрлар тарихи билан бевосита боғлиқ. Фикримча, Шарқ ва Ғарб шаҳарлари ривожланиш тарихида унчалик сезиларли зиддиятлар йўқ. Улар бир-бирига жуда яқин, ўхшаш.
Республикачилик анъаналари бизнинг ҳудудда ҳам бўлган. Шу ўринда фикримни бир неча тарихий сюжетлар билан исботламоқчиман. билишмча, бизнинг ҳудуд сўнгги 600 йил давомида камида 7 та республикачилик анъаналарига гувоҳ бўлган. Булар: Самарқанд республикаси (1365-1366 йй.), Тошкент республикаси (1784-1809 йй.), Туркистон Мухторияти (1917-1918 йй.), Туркистон Совет Республикаси (1918-1924 йй.), Бухоро Халқ Совет Республикаси (1920-1924 йй.), Хоразм Халқ Совет Республикаси (1920-1924 йй.), Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (1924-1991 йй.) ва мустақил Ўзбекистон Республикаси.
Энди уларнинг қисқача тарихи билан сизни таништиришга ҳаракат қиламиз.
XIV аср Самарқанд республикаси
Самарқанд республикачилик анъаналари биринчи бор рус шарқшунослари тадқиқотларида келтирилган. Таниқли олим В.В.Бартольд «мусулмон Ўрта Осиё шаҳарларида республикачилик анъаналари мавжуд бўлган», деб ёзади. Яъни, у 1365 йилги Самарқанд шаҳрида кечган воқеаларга ишора қилади.
Тарихдан маълумки, 1365 йили Самарқанд шаҳрини мўғуллардан сарбадорлар ҳимоя қилган ва шаҳарда демократик тузум ўрнатган. Совет шарқшунослари фикрича, ёвга қарши кураш, истиқлолчилик ҳаракати Самарқандда республикачилик анъаналарини вужудга келтирди. Бундан келиб чиқадики, озодлик учун кураш республикачиликнинг асосий белгиларидан биридир. Шу боис, биз 1365 йил воқеаларига асосланиб, бемалол, ўша даврда Марказий Осиёда, хусусан, Самарқандда республика вужудга келди, деб бемалол айта оламиз.
Шундай жараён бу даврда Ғарбий Европада – шимолий Италияда ҳам кетаётганди. Ажабланарлиси шундаки, 1365 йилги Самарқанд воқеалари бутун жаҳонда кетаётган сиёсий жараён билан бевосита боғлиқ эди.
Афсуски, бу воқеалар тарихчиларимиз томонидан республикачилик нуқтаи назаридан талқин қилинаётгани йўқ. Ваҳоланки, биз бемалол XIV асрда юртимизда республикачилик анъаналари бўлганини исботлаб беролсак, дунё фанига катта ҳисса қўшган ва шу билан бирга, ўз сиёсий тарихимизга эга бўлардик.
XVIII аср Тошкент аристократик (зодагонлар)республикаси
«XVII асрда Тошкент эркин шаҳар эди», деб ёзганди таниқли шарқшунос олима О.Д.Чехович. «Эркин шаҳар» атамасини у 1721-1724 йилларда бизнинг юртимизда бўлган Н.Минернинг ёдномасидан олган, чамаси.
Тарихдан маълумки, XVIII асрда Тошкент 4 даҳадан иборат эди ва 1784-йилга келибгина Юнусхўжа томонидан бирлаштирилганди. 1809 йили Тошкент Қўқон хонлигига қўшиб олинади. 1784-1809 йиллар оралиғини, тарихий манбаларга асосланиб, Тошкент аристократик (зодагонлар) республикаси эди деб талқин қилишимиз мумкин. 1800-1801 йилларда Тошкентда бўлган рус сайёҳлари М.Бурнашев ва Т.Поспелов ёзишмаларида Тошкентда республикачилик анъаналари кучлилиги, ўз-ўзини бошқариш маданияти шакллангани ҳақида батафсил маълумотлар бор.
Рус нумизмати (тангашуноси) В.Н.Настич ўша давр Тошкент тангаларини тадқиқ қилиб, Тошкентни «шарқий феодал республикаси» деб атайди.
2012 йилда Тошкентда чоп этилган академик нашрда юртимиз тарихчилари Тошкентни Генуя ва Новгород билан солиштиришади. Яъни, Тошкентни «савдогарлар республикаси» деб аташади.
Туркистон Мухторияти республикаси
Туркистон (Қўқон) Мухторияти тарихи мозийшунос олим С.С.Агзамхўжаев томонидан анча чуқур тадқиқ қилинган, лекин мухториятда республикачилик анъаналарининг шаклланиши илдизлари ҳалигача ўрганилмаган.
Тарихдан маълумки, 1917 йил сиёсий воқеалари таъсирида Қўқонда Туркистон Мухторияти тузилади. Унинг пайдо бўлишида жадидлар катта жонбозлик кўрсатишган. Ўзбекистон тарих фанида Туркистон Мухторияти биринчи демократик дунёвий республика деб қабул қилинган.
Айтиб ўтиш лозимки, Туркистон Мухторияти сиёсий тизими юртимиз тарихида биринчи бор пайдо бўлган сиёсий-маъмурий бошқарувнинг янги шакли – Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ Мажлисига таянар эди. Бироқ минг таассуфки, унинг умри қисқа бўлди: у 1918 йил 9 февраль куни большевиклар томонидан тугатилди. Атиги 72 кун «умр кўрган» республикани эса совет тарихшунослиги бизга узоқ йиллар салбий ва кинояли тарзда «бойлар мухторияти» дея онгимизга қуйиб келишди.
Туркистон Совет республикаси
Туркистон Мухторияти барбод қилингандан сўнг, 1918 йилда Тошкентда Туркистон Автоном Совет Республикаси тузилади. Бу, илгаригисидан ғоявий жиҳатдан тубдан фарқ қиладиган, очиқ айтганда, большевикча республика эди. Мазкур республика тарихчилар томонидан анча яхши тадқиқ қилинганига қарамасдан, жуда кўп ечимини топмаган муаммолар мавжуд.
Масалан, зиёлиларимиз 1920 йилларда республикачиликни ва республикани қандай тушунишган? Жадидларимиз ва мусулмон жамияти дунёвий давлат дейилганда нимани англашган? Нима учун жадидларнинг катта қисми большевиклар мафкурасини қабул қилди?!
Афсуски, ушбу саволларга ҳали миллий тарихчилигимизда аниқ жавоб йўқ. Сир эмас, 1920 йилга келиб, ўлкамизда Туркистон Совет Социалистик Республикаси тузилади. Айнан 1920 йилларнинг бошларида большевиклар жадидларни ўз ғояларига ишонтиргани ва оғдиргани англашилади.
Шунинг меваси ўлароқ, ўша йиллари улар ўртасида сиёсий иттифоқ тузилади. Америкалик таниқли олим Адиб Холиднинг фикрича, 1920 йилларда жадидлар юртимизда замонавий республикачиликнинг шаклланишига катта ҳисса қўшишган. Улар фақат большевикларнинг қўлловчиси ёки тасдиқловчи эмас, балки ўзларининг ҳам сиёсий онглари етук бўлиб, жараёнларда фаол қатнашишган. Дейлик, Турар Рисқулов бошчилигидаги ҳукумат бир неча бор Ўрта Осиё Федерациясини тузишга ҳаракат қилганини тарихий ҳужжатлардан билсак бўлади.
Тўғри, ўша маҳаллар сиёсий бирликка эришилмади, лекин иқтисодий ва маданий бирлик муҳити яратилди. Масалан, 1923 йили Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши тузилди. Бундан ташқари, айнан жадидларнинг бевосита ҳаракатлари билан Туркистонда 1918 йилда биринчи университет (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети) очилди. Ёзувчилар уюшмаси ва маориф ривож топди. Албатта, буларнинг барчаси маҳаллий зиёлилар саъй-ҳаракати натижаси эди.
Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикаси
Хоразм Халқ Совет Республикаси 1920 йил апрелда хон ҳокимияти ағдарилганидан сўнг ташкил топган.
Бухоро Халқ Совет Республикаси эса 1920 йил сентябрда амир ҳокимияти тор-мор этилгач тузилган.
Албатта, бунда большевикларнинг роли жуда катта эди. Қиёсан қараганда, уларнинг тарихи бафуржа ўрганилган. Ўрни келганда шуни эътироф этиш керакки, ушбу мавзуда ҳозирги кунда юртимизда ҳам, хорижда ҳам илмий тадқиқотлар олиб бориляпти.
Албатта, бу таҳсинга лойиқ иш. Бироқ муаммо шундаки, бошланган аксарият илмий лойиҳаларда ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаёти республикачилик нуқтаи назаридан ўрганилаётгани йўқ. Айтайлик, тадқиқотларнинг бирортаси Бухоро ва Хоразмда 1920-1924 йилларда монархия ва республика сиёсий тизимлари ўзаро кураш олиб боргани изланишлар марказидан ўрин олмаган.
Россиялик тарихчи олим И.В.Стариков Бухоро ва Хоразмда республикалар ҳақида фикр билдириб, «улар шаклан инқилобий-демократик бўлиб, социализмга ўтиш учун тайёргарлик эди», деб ёзади. 2019 йилда Тарих институтимиз томонидан нашр қилинган илмий асарда бу республикаларда «дунёвий ислоҳотлар ўтказилиб, улар демократик республикаларга айланиш арафасида эди» деб битилади.
Шу ўринда яна бир муҳим масала кўзга ташланади: айнан Бухоро ва Хоразм республикаларида «халқ республикаси» тушунчаси учрайди. Демак, «Халқ республикаси» тушунчаси ҳам бугун илмий тадқиққа муҳтож. Айтиб ўтиш лозимки, ушбу атама бизда биринчи бор Бухоро ва Хоразмга нисбатан ишлатилган. Ҳозирги кунда ҳам дунёда «халқ республикалари» мавжуд. Масалан, Хитой Халқ республикаси, Корея Халқ демократик республикаси ҳозирги кунгача мавжуд ва биз бу давлатлар билан яқин ҳамкорлик қиляпмиз.
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, биз ушбу тушунчалар ва атамалар тарихини муфассал ўргансак, албатта, юртимиз ва халқимиз тарихини холис ўрганган, қолаверса, миллий сиёсатшунослик фани ривожланишига туртки берган бўлардик.
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси
1924 йили большевиклар томонидан қисқа вақт ичида миллий-ҳудудий чегараланиш амалга оширилади. Туркистон Совет Социалистик Республикаси, Бухоро Халқ Совет Республикаси, Хоразм Халқ Совет Республикаси тарқатиб, юборилади ва ўрнига Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси тузилади.
Ўзбекистон ССРдан ташқари минтақамиз харитасида бешта янги республика – Қозоғистон ССР, Қирғизистон АССР, Тожикистон АССР, Туркманистон ССР пайдо бўлади. 1925 йили Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси СССР таркибига иттифоқчи республика сифатида киради.
Бу давр тарихчиларимиз томонидан бир мунча яхши ўрганилган. Лекин яна бир бор таъкидлаш лозим деб ҳисоблайманки, ушбу «маъмурий ислоҳот»лар ҳам республикачилик нуқтаи-назаридан умуман ўрганилмаган. Республикачиликни, масалан, Ф.Хўжаев монархияга қарши кураш деб тушунган. Жадидчилик ҳаракатини эса монархиячиликдан коммунистликка ўтиш даври деб қабул қилган. Бу ғояларини Ф.Хўжаев 1926 йилда ўзининг «Бухорода инқилоб тарихи» асарида аниқ-тиниқ ифодалаб берган. Тўғри, у ўзини руҳан инқилобчи ва коммунист сифатида кўрсатишни яхши кўрган. Бироқ аҳамиятли томони, ўша замонлар бу тушунча фақат унгагина хос эмасди, балки умумжамият ва давлат қурилишини тутиб турадиган собит бир ғояга айлантирилганди. Ва катта эҳтимол билан шунинг учун ҳам бизда то 1991 йилгача, республикачилик тушунчаси айнан у эътироф этганидек, монархияга қарши кураш деб тушунилди: «ишчилар ва деҳқонлар иттифоқи Ўрта Осиёда феодализмни тугатди», деган сиёсий ғоя онгимизни эгаллаб келди.
Мустақил Ўзбекистон Республикаси
СССР парчалангандан сўнг Марказий Осиёда мустақил республикалар вужудга келди.
1992 йилда қабул қилинган Конституциямизнинг 1-моддасида «Ўзбекистон – суверен демократик республика» деб ёзиб қўйилган. Яъни, мустақил Ўзбекистон сиёсий системаси демократия ва республика тизимларининг қоришмасидан иборатдир.
Назаримда, бизнинг республикачилик борасидаги тушунчамиз ҳали ҳам мустақиллик учун кураш ғояси билан мустаҳкам боғланиб кетгандай. Ҳеч бўлмаганда, биз уни шундай талқину ташвиқ қилаётгандаймиз. Бу эса республиканинг классик шаклига бизни боғлаб қўймоқда. Алал-оқибат, республика тушунчаси фақат озодлик учун кураш, деб тушунилмоқда.
Шу ўринда мана бундай савол туғилиши мутлақо табиий: мустақилликни қўлга олганимизга 30 йил бўлаётир-ку, яна кимдан ва нимадан мустақил бўлишимиз керак, қандай озодлик ҳақида бош қотиришимиз керак экан?
Албатта, ушбу абсурд ҳолат биздан ҳозирги кун талабларига мос республика ва республикачилик тушунчасини яратишни тақозо этади.
Аслида, моҳиятан қараганда, республикачилик тамойиллари ҳозирги кунимизга ЎзССРдан мерос бўлиб ўтгандек. Яъни, қандай қилиб социалистик республикадан демократик республикага ўтдик? Ўтиш даврида қандай республика шакли мавжуд бўлди?
Шундай саволларга жавоб излаш учун республикачиликнинг тарихий илдизларини чуқурроқ ўрганишимиз лозим бўлади. Қолаверса, агар, биз Президентимиз таклиф қилгандек, ижтимоий давлат қурмоқчи бўлсак, инсон-жамият-давлат тамойили натижа беришини истасак, республика тизимини мукаммалаштиришимиз керак бўлади, назаримда.
Бунинг учун эса биз ўзимизнинг республика ва республикачилик назариясини пухта ишлаб чиқмоғимиз лозим.
Республикачилик келажаги
Юқорида зикр этилган масалаларни оқилона ечиш ҳақида ўйларканмиз, бу борада илмий жамоатчилигимиз, тадқиқотчиларимиз олдида бир нечта муҳим назарий масала ётганини англаймиз:
1) республикачилик назариясини ўз тарихий тажрибамиздан келиб чиқиб яратиш;
2) республикачиликнинг жаҳон тажрибасини ўрганиш;
3) бу тўғрида китоблар ёзиш, дарсликлар яратиш ва илмий изланишлар олиб бориш.
Бу ишларни амалга ошириш учун, албатта, сиёсий ирода ва хоҳиш-истак керак бўлади. Аммо биз ҳозирги мураккаб дунёда сиёсий ўзлигимизни сақлаб қолиш учун сиёсий институтларимизни ривожлантириш нақадар муҳим эканини англаб турибмиз, деб ўйлайман. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида давлатимиз ўзининг мутлақо замонавий ва миллатпарвар йўлини танлаб бўлди. Янги Ўзбекистон ғояси дунё жамоатчилигининг нигоҳига тушди, эътирофини қозонди.
Масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, тилга олган, ўзимизга мавзу ўлароқ танлаган масаланинг ечими бўйича мулоҳазалар кўпчилик мутахассислар қатори менда ҳам йўқ эмас.
Таклифим шундан иборатки, юртимизда мавжуд илмий тадқиқот муассасалари – Фанлар Академияси ҳузуридаги Шарқшунослик, Тарих, Давлат ва ҳуқуқ институтлари ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Марказий Осиё халқаро институтлари илмий салоҳиятларини бирлаштирган ҳолда республикачиликни ўрганадиган йирик илмий марказ очиш лозим.
Агар бу иш амалга оширилса, республикачилик бўйича ўз назариямиз яратилса ва амалиётга тез татбиқ этилса, Президентимиз айтганидек, марра албатта, бизники бўлади.
Бахтиёр АЛИМЖАНОВ,
тарих фанлари номзоди,
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти докторанти
