Вақтинчалик кўприклар

2263

Пахталисой аҳлининг дардини ким эшитади?

Чироқчи тумани «Пахталисой» маҳалласи – туман марказидан 70-80 километр узоқликда жойлашган чекка ҳудуд. Маҳалладаги Пахталисой, Олтинсой-1, Олтинсой-2, Биёбон, Боғимайдон, Омад қишлоқларида 6250 нафар аҳоли яшайди.

Маҳалла ўртасидан «Эски анҳор» канали ўтган. Куз, қиш, баҳордаги ёғин-сочинли кунларда бу ерда сув тўлиб оқади. Айниқса, жала, кучли ёмғир бўлган кезлари канал сувининг сатҳи бир-бир ярим метр кўтарилиб, улкан сой-дарё вужудга келади. Маҳалланинг бу учидан нариги учигача бўлган масофа 10 километр бўлиб, шу оралиқда одамлар каналдан ошиб ўтишга мажбур. Чунки ҳудуддаги 132, 153, 167, 224-ўрта умумтаълим мактабларига ўқувчилар канал оша боришади.
Канал устидан мустаҳкам кўприк қурилиши – маҳалла аҳлининг орзуси. Ҳашар йўли билан баҳоли қудрат қилинган ­кўприкчаларнинг хизмат кўрсатиш муддати бир сел келгунчалик. Масалан, ўтган асрнинг 70-йилларида ҳашар йўли билан бунёд этилган кўприкнинг ёнбош плиталари бузилиб кетган. Маҳалла фуқароларининг мазкур бузуқ кўприк устидан автомобилда ўтаётганини кўриб, қўрқиб кетасиз. Мўлжалдан ярим метр адашилса, машина каналга тушиб кетиши турган гап.
Яна бир жойда канал ичига қувур ётқизилиб, устига тош тўшаб қўйилибди. Елкасига мактаб сумкасини осиб олган бир қизча укасини етаклаб келиб қолди. Қўлбола кўприккача келиб, ундан укасини кўтариб ўтишига кўзи етмай, ортига қайтиб кетаётганди, шу ердаги бир киши уларни кўтариб, кўприкчадан ўтказиб қўйди.
– Тўрт нафар фарзандим бор. Уларнинг учови мактабда ўқийди. Мактаб каналнинг нариги томонида бўлгани учун то болаларим уйга келгунича қадар юрак ҳовучлаб, йўлига чиқиб ўтираман, – дейди Шоира Наримонова. – Қўшнилар билан амал-тақал қилиб, канал устидан қўлбола кўприкча қиламиз, бир сел келади-да, оқизиб кетади. Неча йиллардан бери шу аҳвол.
– 2020 йил 5 февралда масъул идораларга маҳалланинг ички йўлларини таъмирлаб беришни сўраб, мурожаат қилган эдик, – дейди Пардамурод Солиев. – 2020 йилнинг 14 февралида Чироқчи тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи М.Сайфиев имзоси билан жавоб хати олдик.
Унда шундай сатрлар бор:
«Таъмирлаб беришни сўраётган йўл тупроқ йўл бўлиб, тош­­ли йўл (шағал) талаб этилади. Ҳозирги кунда битум маҳсулоти танқислиги сабабли туп­роқ йўлларни тошли (шағал) йўлларга ўтказиш ишлари манзилий дастур асосида бажарилмоқда.
Биринчи навбатда, таъмирланиши лозим бўлган йўллар, яъни мактаблар, боғчалар, ҚВП, маҳалла гузари, аҳоли томонидан қатнови кўп фойдаланиладиган ички автомобиль йўллари бюджетдан ажратилган маб­лағларни инобатга олган ҳолда таъмирланмоқда. «Пахталисой» маҳалласида ички йўлларни таъмирлаш ишлари келгусида босқичма-босқич таъмирлаб берилиши тушунтирилди».
Аммо орадан икки йилдан ортиқроқ вақт ўтса-да, на кўприк ва на йўл қурилиши борасидаги масаламиз ҳал бўлди.
Канал устида мустаҳкам кўприк қуриш – ҳашар билан бажариладиган иш эмас. Бу ишга давлат техникалари, давлат эътибори керак. Йўл масаласига келсак, ҳеч бўлмаса, масъул ташкилотлар техникасини юборса, аҳоли қараб турмайди. Ёқилғисини олиб бериб, шағал тўктириб олардик. Шағални ёйиш ишларини ҳам ҳашар йўли билан ўзимиз бажарардик.
– Маҳалла ҳудудининг катталиги ҳисобга олиниб, канал устидан ҳеч бўлмаганда иккита кўприк қуриш лозим, – дейди Нишон бобо Сатторов. – Ўқувчилар мактабга қатнаса, ўзимиз тўйга, маъракага борамиз. Каналга сув кўп келганидан қўлбола кўприклар ҳам сув остида қоляпти. Шундай кезларда биров бемор бўлса, «Тез тиббий ёрдам» машинаси ўтадиган жой тополмайди. Хуллас, бизга давлат эътибори жуда зарур.
– Осмонга булут чиққанда кунда-кунора телефонимизга Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан сел келиш хавфи ҳақида хабарлар келиб туради, – дейди эл зиёлиси Эштемир Аччибоев. – Кўпчилик бу хабарларни очиб ўқимайди ҳам. Аммо бу хабарлар пахталисойликларни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, болаларини мактабга жўнатиб, хавотир остида уларнинг уйга қайтишини кутиб ўтирган оналарнинг бу «SMS»лардан хавотири янада ортади.
Ҳа, қишлоқ аёллари билан суҳбатлашганимизда уларнинг аксарияти «Қачон кўприк қуриладию, кўнглимиз хотиржам бўлади?», дея илинж билан сўради.
Менимча, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари аҳолини сел хавфи ҳақида бохабар қилишдан ташқари, «Пахталисой» маҳалласи сингари аҳоли яшаш жойларида бўлиб, инсон ҳаётига хавф соладиган каналлар, анҳорлар билан яқиндан танишиши, бу жойларда қуриладиган кўприкларнинг зарурати ҳақида тегишли қурилиш ташкилотларига, маҳаллий ҳокимликларга хулосалар, кўрсатмалар бериши лозим.
Шунда, балки бу каби долзарб масалалар ўз ечимини топармиди?

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»