Ҳолимизга боқиб, ноғора қоқайлик

1147

Яқинда «Ishonch» газетасида Дилором Худойберганованинг «Кўрпамизга қараб оёқ узатайлик» сарлавҳали мақоласини ўқиб, ёдимга бир танишим айтиб берган воқеа тушди.

Воқеа шундай бўлган: танишимнинг қариндоши (аёл киши) катта қарз олиб, ўғлини уйлантиради. Она «ўғлим бошқа тенгдошларининг олдида ўксимасин», дея бугун урф бўлган барча одатларни ортиғи билан бажаришга ҳаракат қилган. Шундай ҳам бўлган. Тўй жуда дабдабали ўтган. Аммо тўй ўтгач, қарзни сўраб келиш бош­ланади. Аммо уни тўлашга келганда… Алалоқибат, иш судгача боради. Она қамалади.
Мулоҳаза қилиниши керак бўлган ҳолат шуки, аёл кишининг тўй учун қарз олиб, қамоқхонада ўтиргани ниҳоятда ачинарли. Айниқса, невара суйиб ўтириши керак бўлган аёл учун.
Яна ҳам мушоҳада қилиш керак бўлгани шуки, бу биргина ҳолат эмас. Жамиятда бундай вазиятлар ниҳоятда кўп. Бу бизнинг ҳаётимиз қимматини яхши англамаслигимиз, ҳою-ҳавас­ларга ҳаддан ортиқ берилиб кетганимиз белгиси, менимча.
Мен бир нарсага ҳайрон қоламан: ривожланган давлатлар аҳолисининг турмуш тарзига назар солсак, уларнинг энг бой аҳолиси ҳам тўйни бизчалик катта дабдаба билан ўтказмайди. Оддийгина, камтарона нишонлашади. Қайтанга тўйга кетадиган пулга турли давлатларга саёҳат қилишади, китоблар сотиб олишади. Натижада бу каби жиҳатлар сабаб оиланинг ­мустаҳкамлиги ҳам ошади. Бизда эса ота-она қаригунча йиғиниб, саломатлигига қараш ўрнига данғиллама тўйлар қилади. Кейин эса қарз тўлаб, сиқилиб, саломатлигидан ҳам айрилади.
Айтар ­фикрим шуки: биз қачон ҳаётга реал қараймиз? Тўйларимизни дабдабали эмас, содда ва ихчам ўтказишни қачон ўрганамиз? Қачон ҳолимизга қараб тўй қиламиз?

Унсиной АРЗИҚУЛОВА,
талаба