Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг!

5042

Онажоним, меҳрибоним!
Бундоқ ўйлаб кўрсам, қалбимнинг энг тўридан жой олган бўлсангиз-да, шу пайтгача сиз ҳақингизда сира ёзмабман, сизни жуда-жуда яхши кўришимни баралла айтолмабман. Тўғри, ҳар сафар ота уйимга бориб кўришаётганимда дадам ва сизга ҳазил-ҳузул қилиб, иккингизни қаттиқ-қаттиқ бағримга босаман. Аммо, айтиб қўяй, бу менинг қалбимда дарёдек жўш урган меҳр-муҳаббатнинг бир томчиси, холос.
Эсингиздами, 2-синфда ўқиб юрган кезларим «Ўқиш» китобидаги «Сув» шеърини севиб ёдлагандим. Уни жуда ёқтирганимданми, ўзим ҳам сув ҳақида шеър ёзиб, сизга ўқиб бергандим. Сиз эса «Манави сўзларинг яхши, аммо шуни билки, шеър китобдан кўчирилмайди, ҳамма сатрлари ўзингники бўлиши керак, болажоним», дегандингиз. Сабаби, мен дастлабки «ижодий ишим»да китобдаги шеърнинг баъзи қаторларини олиб, давомига ўзим тўқиган сатрларни қўшгандим. Чунки у пайтларда ҳали ҳеч кимдан шеър нималиги ва қандай ёзилиши кераклиги ҳақида эшитмагандим. Сиз эса она сифатида бу ҳақда менга илк тушунчани берган эдингиз.
Ўшанда адабиётга ва илм олишга иштиёқим кучлилигини пайқаганингиз ёки мени қизиқтириш учунми, шундай деган эдингиз:
– Мактабни аъло баҳоларга битирган бўлсам-да, бобонг «Қиз боланинг олис шаҳарларга бориб ўқиши яхши эмас», деб рухсат бермаганди. Олий маълумотли бўлиш менга армон бўлиб қолган, болам. Шу боис сен олий маълумот олишингни, шифокор бўлишингни астойдил хоҳлайман. Агар мактабни тугатгач, олий ўқув юртига ўқишга кирсанг, сенга бозордаги энг қиммат ва энг чиройли пальтони олиб бераман…
Бу гапларни сиз юрак-юракдан ва шундай оҳангда айтдингизки, мен ўша кундан эътиборан чиройли пальто кийиш учун эмас, балки армонга айланган орзуингизни ушалтириб, сизни хурсанд қилиш учун ўзимга ўзим ваъда бердим. Бунинг учун эса кўп ва хўб ўқишим зарурлигини тушундим.
Ўша дамлар оиламизда яхши бир анъана бор эди. Қиш оқшомлари уйда чироқ ўчиб қолса, дадам ёки сиз акамни, мени, синглим ва укамни атрофингизга тўплаб, эртак айта бошлардингиз. Бир-биридан сеҳрли эртакларнинг ялмоғизу баҳодирлари, маликаю фаришталари бўларди. Улар жуда қизиқарли бўлгани туфайли соатлаб жим ўтириб тинглардик. 5-синфда ўқиётган пайтларим адабиёт дарсида эртак мавзусини ўтаётганимизда мен сиздан эшитган чўпчаклардан бирини айтиб бериб, «5» баҳо олгандим. Кейинчалик эса сиз «Ўзим тўқирдим ўша эртакларни» деганингизда, ҳайрону лол бўлганман. Негаки, сиз тўқиган ўша эртаклар мени аллақачонлар адабиётга ошно қилиб қўйганди.
Ҳаёт қизиқ экан. Мен 6-7-синфгача шифокор бўламан, деб юргандим. Кейин журналистикага қизиқишим кучайди. Дадам билан сиз бу танловимни қўллаб-қувватладингиз.
Имтиҳонларга тайёргарлик кўраётган кунларимнинг бирида тест саволлари ёритиладиган «Ахборотнома»нинг навбатдаги сонини сотиб олиш учун пул сўрадим. Сиз «Уйда бор-йўғи 50 минг сўм бор эди, шу «Ахборотнома»ни олишинг шартми? Жуда зарур бўлмаса, бироз кутиб тур», дедингиз. Университетда ўқиш илинжида кечаю кундуз имтиҳонларга тайёрланаётган қиз эмасманми, маъюс оҳангда «Зарур эди-да», дедим. Сиз менга термулиб, бироз жим қолдингиз. Кейин шартта уйга кириб, пул олиб чиқдингиз-да, «Майли, «Ахборотнома»ни олавер, қолгани бир гап бўлар. Дадангга ўзим тушунтираман», дея қўлимга тутқаздингиз. Мен худди тилла топиб олган одамдек шаҳардан «Ахборотнома» тестларини олиб келиб сотадиган маҳалладошимникига шошилдим.
Йўлда борарканман, сизларни чиқимдор қилаётганимдан виждоним қийналди. Чунки мен кунда-кунора ҳали у, ҳали бу китобни ёки «Ахборотнома»нинг янги сонини сотиб олишга пул сўрардим. Қолаверса, туман миқёсидаги тадбиру мусобақаларга тез-тез мактабимиз номидан қатнашардим. Булар, гарчи кўп маблағ сарфлашни талаб қилмаса-да, энди-энди ўзини тиклаётган оддий ишчи хонадони учун мушкуллик туғдирарди. Ахир мендан бошқа яна уч фарзандингиз, уларнинг ҳам ўзига яраша эҳтиёжлари бор. Мен эса ўқишга кираман, деб сизларни чиқимдор қиляпман.
Шунда ич-ичимдан Худога илтижо қилдим: «Эй Аллоҳим, қара, оилага керак бўлса ҳам, онам қизим ўқисин, деб охирги пулни менга берди. Ишқилиб, ўзинг юзимни ёруғ қил! Ўқишга давлат гранти асосида кириб олайин. Ота-онамнинг ишончини оқлайин. Вақти-соати келганда, яхши жойларда ишлаб, менга сарфлаган маблағларини ортиғи билан қайтарайин!»
Қаранг, онажон, ўзингиз айтганингиздек, яхши ният – ярим давлат экан. Мен ижодий имтиҳонга «Булунғур ҳаёти» газетасида чоп этилган 35 та мақоламни олиб кирдим. Машҳур публицистлардан бири уларни синчиклаб кўздан кечирди-да, «Сиз деярли тайёр журналист экансиз, фақат диплом берилса, кифоя экан», деди кулиб. Бир-иккита саволига жавоб қайтарганимдан сўнг энг юқори балл қўйганини айтди. Бу мен учун жуда юксак баҳо эди, қувончим оламга сиғмасди. Дадам иккингизга телефон орқали бу хушхабарни етказганимда, беҳад хурсанд бўлдингизлар.
Шундай қилиб, мен 2001 йили Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Албатта, бир пайтлар сиз ваъда қилган пальтони ҳам кийдим. Энг муҳими, умрбод ёнимда бўла оладиган яхши дўстлар орттирдим. Университетни битиргач, самимий ва ўз касбининг ҳақиқий фидойиси саналмиш инсонлар билан бирга ишлаш насиб этди.
Албатта, мен ҳали ўзимни соҳанинг устаси деб айтолмайман. Шунинг учун ўрганишда ва изланишда давом этяпман. Гоҳ-гоҳида хатолар ҳам қилиб турибман, айни чоғда, кичик бўлса-да, ютуқларим ҳам бор. Барчаси ўзингизга маълум.
Эсингизда бўлса, сиз бир гапни кўп такрорлардингиз: «Қизим, муваффақиятнинг асоси ҳавас, ҳаракат ва сабр». Мен ҳаётим ва иш фаолиятим давомида сизнинг ана шу ўгитингизга амал қиляпман. Бундан ташқари, сиз «Қаерда бўлсанг ҳам, яхши инсонларга ҳавас қил, улардан ўрган, доимо изланишда бўл. Баъзан мақсад сари интилаётган чоғингда қандайдир кўнгилсизлик рўй бериши ёки хатоларга йўл қўйишинг мумкин. Сен улардан тегишли сабоқ чиқариб ол, қийинчиликларга чида, шунда муваффақият қозонасан!», дер эдингиз.
Онажон, мудом шу ўгитларингизга амал қилишга ҳаракат қиляпман. Менга ўз вақтида тўғри йўл кўрсатганингиз, қалбимда меҳнатга ва ўқишга иштиёқ уйғотганингиз учун катта раҳмат!
Ўтган йил сиз учунгина эмас, оиламиз учун ҳам бироз оғир кечди. Кичикроқ бўлса-да, икки марта операция бўлдингиз. Биринчисини мендан яширибсизлар. Бир куни дадам қўнғироқ қилиб, «Онанг кеча операциядан яхши чиқди. Ҳозир мен олдидаман, хавотир олма!», деганларида қотиб қолдим. Ахир ҳар куни телефонда гаплашиб турардик. «Соғлиғингиз яхшими?» десам, «Яхшиман, яхшиман», дер эдингиз. Лекин бу операция… нега, қачон?.. Бир неча кундан буён тушимга кирганингиз маъносини шунда тушундим. Негадир операция бўлишингиздан 4-5 кун олдин кетма-кет тушимда сизни маҳзун аҳволда кўрдим. Эрталаб хавотирланиб, қўнғироқ қилсам, «Яхши юрибман», деб набираларингизни ҳовлида сайр қилдираётганингизни айтдингиз.
Кейин операция бўлганингизни эшитиб, дарҳол кўргани бордим. Узоқ давом этган суҳбатимиз чоғи билдимки, мен овора бўлмаслигим ва хаёлим бўлинмаслиги учун ўшанда хаста эканингизни билдирмабсиз. Акам, синглим ва укамга ҳам менга айтмасликларини тайинлабсиз. Эҳ онажоним-а, мен учун сиздан-да азиз инсон, сизнинг соғлиғингиздан-да буюк неъмат борми? Нега яширдингиз? Нима бўлибди, сиз учун барча ишларимни ортга суриб, йўлга отлансам?..
Кейинги кичик операция чоғида ўзим ёнингизда бўлдим. Аллоҳга шукур, синовлардан эсон-­омон ўтиб олдингиз. Бироқ мен ҳадикда бўлавераман, мендан яширмаяптимикан, ҳақиқатан ҳам, соғлиқлари яхшимикан, деб. Охирги марта уйга борганимда дадажоним намоз ўқиб бўлгач, узоқ дуо қилиб ўтириб қолди. Дуоларини тугатиб, сафимизга қўшилгач, «Дадажон, намозингизда бизларни ҳам дуо қилиб қўйинг», дедим. Шунда у «Албатта, болам, ҳар бир намозимда ҳар бирингизни алоҳида-алоҳида дуо қиламан», деди ва нима деб дуо қилишини айтиб берди. Охирида эса, «Онанг­­ни ҳам дуо қиламан. Аллоҳим, аёлим бошқа дард кўрмасин, ўзинг мустаҳкам соғлиқ бер. Аввалгидек дугоналари билан тўйларга ва гапларга бориб юрсин!», деб сўрайман деди.
Дадамнинг охирги гапидан кўнглим алланечук бўшашиб кетди. Қувонч ва ҳавас ила сизга қарадим. Бир умрлик қадрдонингизнинг гапини тинг­лаб, кўзингиздан бир томчи ёш думалаб кетди. Бироқ сир бой бермаслик мақсадида ­­«Э, гапниям оласиз-да», дея кулиб, эътиборимизни бошқа томонга қаратишга уриндингиз. Мен эса ич-ичимдан дадажонимнинг дуолари Аллоҳга етиб боришини тиладим. Сизларга ҳавас қилдим.
Онажон, мен сизни ҳаммадан ҳам кўпроқ ва кучлироқ яхши кўраман. Шуни унутманг, сиз энг яхши онасиз! Фарзандларига эзгу орзу-мақсадлар билан яшашни, меҳнатдан қочмасликни ўргатган энг мўътабар аёлсиз! Сиз бор экансиз, мен фақат сизни ва дадажонимни хурсанд қилиш учун яшайман! Илоҳим, бахтимизга ҳамиша бошларингиз омон бўлсин!