Дунёдаги энг севимли,энг маҳзун ҳам майин қўшиқ бу – алла!
Кошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асарида «ала» сўзи бор ва шундай изоҳланган: «ала – секин, шошилмай; ала-ала дейдилар. Секин-секин, аста-аста. Бу сўзга «к», «л» қўшиб «ола кел» ҳам дейилади» . Ушбу изоҳдан англашиладики, «ала» сўзи бирор иш-ҳаракатни секинлаштириш, айтайлик, шошаётган, ғазабланаётган одамга нисбатан тинчлантириш мақсадида айтилган бўлиши мумкин. Аммо ухлаётган болага «ала-ала», яъни «секин-секин» дейиш ғализроқ туюлади.
«Девон»да Кошғарий «алла» маъносида бошқа бир сўзни келтиради: «балу-балу» – оналар боласини бешикда ухлатиш учун қўллайдиган алла ўрнидаги сўз». Агар «алла» туркий этимологияга эга бўлса, айнан ана шу «балу-балу»дан кейинчалик алу-алу, яалла-алла шаклларига ўтган бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Қолаверса, татарларнинг бешик жирида ҳозир ҳам мавжуд бўлган «элли-бэлли, бэу-бэу, бэллу-бэу» каби айтимлар – «балу-балу»дан «алла-алла»га ўтиш босқичини ифода этиши мумкин.
«Балу-балу» русларнинг «баю-бай»сига ҳам ўхшаб кетади. Бу сўздан рус тилида «(у)баюкать», яъни «алла айтиш» феъли ҳам ясалган. Макс Фасмернинг «Этимологический словарь русского языка» луғатида «баю» ва «(у) баюкать» сўзларига берилган изоҳ, бизнингча, қониқарли эмас. Хусусан, М.Фасмер мазкур сўзларни бир ўринда «гапириш» маъносидаги славянча «баять» феълидан деса, бошқа ўринда туркий «бай» («бой») билан алоқадор деган фикр билдирган. Аслида, русча «баю баюшки баю» кўпроқ рус казакларига тегишли бешик айтимидир. Маълумки, «казак» исмининг ўзи туркий сўз, «Бобурнома»да ҳам «қазақ» сўзини кўп учратамиз. Шунингдек, казаклар орқали рус тилига «атаман», «есаул» («ясовул»), «кош», «курен» («кўч», «кўрон»), «домбра» («дўмбира») каби юзлаб туркий сўзлар ўтгани маълум. Эҳтимол, М.Фасмер «Девону луғотит-турк»даги «балу-балу»дан хабардор бўлмагандир. Аммо «Девон»даги ушбу сўз ва татар айтимларидаги «элли-бэлли, бэу-бэу, бэллу-бэу» шакллари русча «баю-бай»нинг туркий ўзакка эгалиги эҳтимолини кучайтиради. Баъзан бир тилда йўқотилган сўз бошқа тилда яшаб қолади. Айтайлик, «кирпич» («кирпич»), «öтүк» («утюг»), «авйа» («айва») каби кўплаб туркий сўзлар ҳозир ҳам рус тилида яшаб келмоқда. Ўйлаймизки, «балу-балу» («баю-баю») ҳам шундай сўзлар сирасига киради.
«Алла» айтиш бизда қачондан урф бўлгани маълум эмас, аммо турли халқларда унинг турлича қўлланишига кўра ҳудудларга ажратиш мумкин. Айтайлик, Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасида айтиладиган алла («аллаё-алла, алла, болам (бачам), алла») деярли бир хил. Туркманчада «алла» сўзи ортидан «ҳу» товушининг эшитилиши («аллаҳуалла») бизга «Аллоҳ» исмини ҳам эслатади.
Умуман, туркий халқларда оналар аллани ҳар доим ҳам сўз билан айтишмаган, балки кўпинча аллалар «ҳайя-ҳув, ҳий-ув, ҳу-вий» каби товушлар иштирокидаги мусиқадан иборат бўлган. Туркманча «ҳу» ҳам шундай товуш бўлиши мумкин. Айниқса, бошқирдларнинг бешик жирида бу товушлар яққол кўзга ташланади: «элли(ҳ)у, элли(ҳ)у вуув, вэлийи-вэлэйи вай, эвэйии-эвэйии вэй».
Қозоқ ва қирғизлардаги «алди ай алди» – ўзбекча «алла ё алла»нинг қозоқ ва қирғиз тилларига мослаб қабул қилинган шакли экани англашилади. Айтайлик, «мулла» сўзи ҳам қирғиз ва қозоқ тилларига «молдо» шаклида, иккинчи «л» товуши «д»га айлантириб қабул қилинган.
Озарбайжонлар эса аллани – «layla» дейишади ва «алла» ўрнида «лайи-лай» деб куйланади. Бунда эронча алла – «ла-лайи» таъсири сезилади. Демак, Эрон ва Озарбайжонни бир алла ҳудудига мансуб дейиш мумкин.
Аммо турк «гўдак аллалари» («bebek ninnilari») фарқли кўринишга эга. Туркларда чақалоқ тилидан олинган сўз – ninni – «алла» маъносини билдиради, «dandini dandini danali bebek», деб бошланадиган туркча асосий алла қўшиғидаги «dandini»эса французча: «тебратмоқ, қўнғироқни ипидан тортиб ҳаракатга келтирмоқ, дангиллатмоқ» маъносидаги «dandiner» сўзининг туркчага ўзлашган шаклидир. Бу эса туркча «dandini» қўшиғи кейинчалик пайдо бўлганидан дарак беради.
Бизнингча, «алла» сўзи исломдан кейин пайдо бўлган ва «Аллоҳ» исми зикри билан алоқадор, деган фикр ҳақиқатга яқинроқ. Маълумки, ўтмишда болалар ўлими ниҳоятда кўп бўлган, шу боис фарзанди соғлиғини Аллоҳдан тилаган оналар тилида «Аллоҳ» зикри қўшиққа айланган бўлиши мумкин. Шунингдек, «алла»нинг форсча «лала»га ҳам ўхшаши, баъзи оврўпо тиллари, хусусан, инглиз тилида «лалабай» («lullaby») дейилиши, барча ҳолатларда «л» товушининг иштироки ва такрорланиб келиши, улар қадимий бир архетипга бориб тақалиши мумкин, деган фаразга ҳам олиб келади.
Хуллас, тилимиздаги «алла» сўзининг келиб чиқишида юқорида келтирилган далилларнинг бирортаси ёки ҳаммасининг қисман таъсири бўлиши мумкин. Нима бўлишидан қатъи назар, халқ оғзаки ижодининг бу тури жуда қадим замонлардан мавжуд бўлган ва бизгача етиб келган энг биринчи алла – бу бундан тўрт минг йил аввал сополга миххат этиб ўйилган шумерларнинг алласидир.
Абдувоҳид ҲАЙИТ,
филология фанлари номзоди
