Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори Абдукамол Ҳакимов навбатдаги мурожаат бўйича амалий ёрдам ишини якунлади.
Дастлаб воқеанинг тафсилотларига тўхталсак.
Сайхунобод туманидаги 27-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Жўрабек Низомов ўзи билан меҳнат ҳуқуқлари бузилиш ҳолати юз беришини сира хаёлига келтирмаган эди. Ахир олий маълумотли, бунинг устига, шунча йиллик иш фаолиятига эга бўлса…
Таассуфки, бахтсиз ҳодисалардан ҳеч ким кафолатланмаган. 2021 йилнинг 22 январь куни Ж.Низомов эрталаб одатдагидек ишга келди-ю, мактаб биносидаги зинадан йиқилиб тушди. Ҳамкасбини хабардор қилиб, аҳволи оғирлашгани боис шифохонага кетди. Унга ўнг билак суяклари типик жойидан ёпиқ синиб силжиши тиббий хулосаси қўйилди.
Воқеа юзасидан мактаб раҳбарияти тегишли идораларга хабар бермай, бу борадаги қонун талабларини бажармади. Шундан сўнг Жўрабек Низомов 19 март куни вилоят Бандлик бош бошқармасига ариза ёзди.
Воқеа бўйича махсус комиссия тузилиб, ҳолат текширилди. Бахтсиз ҳодиса ишлаб чиқариш билан боғлиқ, деб топилиб, Н-1 шаклидаги далолатнома билан расмийлаштирилди. Аммо комиссия бахтсиз ҳодисанинг содир бўлишида жабрланувчининг ўзини айблади. Бу ҳам етмагандек, хулосада иш берувчи томонидан йўл қўйилган қўпол камчиликлардан кўз юмилди. Ахир барча корхоналарда хавфсизлик талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак-ку! Бундай шароитларни яратиб бериш эса иш берувчининг мажбуриятига киради. Жўрабекка бахтсиз ҳодисада олган жароҳати бўйича 15 фоиз меҳнатга лаёқатсизлик даражаси белгиланди.
Зарар пули тўланиши юзасидан мактаб директори «Каfоlат» АЖ суғурта компанияси вилоят филиалига мурожаат қилди. Ҳодиса тан олинган, зарар ҳисоблаб чиқилган бўлса-да, «кафолат» берган компания воқеани «писанд» қилмай, зарарни тўлашдан бош тортди. Суғурта товон пули тўлашни рад этиб, гўёки жабрланувчи ҳодисани қасддан қилган деган хулоса берди. Начора, Жўрабек энди вилоят касаба уюшмаларига адолатли ечим сўраб, мурожаат қилди.
Компаниянинг суғурта даъволарини кўриб чиқиш департаменти томонидан товон пулларини тўламаслик хулосаси асоссизлигини исботлаш учун судга ариза киритилди.
Ниҳоят, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг шу йилнинг 25 февраль кунги ҳал қилув қарорига кўра, зарар пуллари тўлаб бериладиган бўлди.
Сайхунобод туманида яшовчи яна бир фуқарода шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Тумандаги 11-мактаб ўқитувчиси Мамат Бўроновга касб касалликлари илмий-тадқиқот институти шифохонаси томонидан сурункали ларингит ташхиси қўйилиб, касб касаллиги, деб топилди. Беморнинг овоз бойламларида шикастланиш кузатилган. Меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси эса 40 фоиз деб белгиланди. «Каfоlат» АЖ суғурта компаниясига жами 51 миллион сўм зарар пули тўланиши ҳисобланди. Шундан 36 миллион сўми бирйўла ва қолган қисми ойма-ой тўланиши керак эди.
Бироқ фуқаро компания ўз мажбуриятларини бажаришга ошиқмаётгани ҳақида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгашига оғзаки мурожаат қилди. Кенгаш етакчи мутахассиси Бердимурод Абдуллаев кўрсатган амалий ёрдам сабаб Мамат Бўроновнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»
