Хатларда ҳаёт акси

1162

Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша ўй-хаёллари, қувонч-ташвишлари бор. У дилидаги кечинмаларини гоҳида ким биландир баҳам кўргиси келади. Гоҳида кимдандир яхшилик кўриб қувонади ёки ён-атрофида рўй бераётган баъзи ноҳақликлардан кўнгли оғринади. Шундай пайтларда ўзига ҳамдард суҳбатдош излаб қолади. Унга бор дардини тўкиб солиб, ўзини қийнаётган ғам-ташвишлардан холи бўлгиси келади. Ёки кимгадир айтмоқчи бўлган гапини ўзгалар орқали унга етказишга уринади.
Бунга таҳририятимизга келаётган хатлар мисолида ҳам ишонч ҳосил қиласиз. Уларни ўқиб, муаллифларнинг ички кечинмаларини тушунасиз, айни чоғда, бизга бўлган ишончини ҳам ҳис этасиз. Пировардида, сиз ҳам «Ishonch»ни ўзингизга яқин тутиб ва унга ишониб, кўнглингизда борини қоғозга туширишга ошиқасиз…

Танқидга холис муносабат қани?

Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят!
Мен «Ishonch» газетаси мухлисиман. Унинг ҳар бир сонини интиқ бўлиб кутаман, саҳифаларида чоп этилаётган мақолаларни катта қизиқиш билан ўқийман.
Газета саҳифаларидаги танқидий-таҳлилий мақолаларда ҳаётдаги муаммолар содда-лўнда қилиб баён этилаётгани, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилаётгани диққатга сазовордир. Масалага шу жиҳатдан қараганда, «Жавобини кутаётган саволлар» саҳифаси ҳам менга жуда манзур бўлмоқда.
«Қарс икки қўлдан чиқади», деганларидек, тегишли ташкилотларнинг газетада кўтарилган муаммоларнинг аксарияти қандай ҳал этилаётгани ҳақидаги жавоблари бериб борилаётгани ҳам эътирофга лойиқ. Лекин баъзи бир мутасаддилар бу борада лоқайдлик қилишаётгани, лоақал жавоб беришни ҳам ўзларига эп кўришмаётгани ёки аксинча иш тутиб, қандай бўлмасин, ўзларини оқлашга ҳаракат қилишаётгани ҳам бор гап.
Ҳолбуки, танқидга нисбатан холисона муносабат йўқ жойда ривожланиш ҳам бўлмайди. Аслини олганда, мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари ўзлари бошқараётган соҳада йўл қўйилаётган хато-камчиликларни бартараф этиш, ноҳақликларга чек қўйиш учун ҳам жавобгар ҳисобланадилар.
Афсуски, уларнинг айримлари мана шу оддий ҳақиқатни теран тушуниб етмаётганга ёки одамларни ҳаётдан рози қилиш учун эл дарди билан яшаш лозимлигини унутиб қўйишаётганга ўхшайди.

Абдуҳамид ТЎХТАРОВ
Самарқанд вилояти,
Қўшработ тумани

Оғир дамларда коримизга яраганларга раҳмат!

Ассалому алайкум, ҳурматли «Ishonch» газетаси жамоаси!
Мен бошимдан ўтган бир воқеа сабаб сизларга хат ёзишга аҳд қилдим.
Турмуш ўртоғим Фахриддин Эргашев Бухоро вилояти «Аму-Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасида ишлар эди. Бундан беш йил бурун юқори кучланишли ток уриши оқибатида оғир тан жароҳати олди. Ўмров суяги синди, қўллари куйиб, ҳеч нарсани ушлолмайдиган аҳволга тушиб қолди. Оз эмас-кўп эмас, роппа-роса етти ой тўшакка михланиб ётди. У кишини ҳаётга қайтараман деб, мен ҳам ярим соғлиғимдан айрилдим.
Устига-устак, зарар тўловларини амалга ошириш иш берувчи томонидан узоқ вақт пайсалга солинди. Умр йўлдошим оёққа туриб кетиши учун зарур маблағни ундириш мақсадида масъул ташкилотларга зир қатнадим. Фойдаси бўлмагач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгашига мурожаат қилдим. Қарабсизки, тез орада зарар тўловларининг бир қисми тўланди.
Аммо орадан кўп ўтмай, бу масала яна пайсалга солина бошланди. Иложсизликдан касаба уюшмаларига қайтадан арз қилдим. Бу сафар ҳақиқат тўла-тўкис қарор топди. 2020 йил декабридан жорий йилнинг январига қадар тўланмай келинган катта миқдордаги зарар пуллари ҳамда қўшимча харажатлар биратўла тўлаб берилди.
Менга энг ёмон таъсир қилгани – иш жараёнида содир бўлган нохуш ҳолат туфайли эримнинг соғлиғига жиддий зарар етганда, у ишлаган жамоа раҳбарлари ёрдам бериш ўрнига ўзларини оқлашга, казо-казо танишларини ўртага қўйиб, тўшакда ётган беморга руҳий босим ўтказишга уринишгани бўлди.
Хайриятки, ана шундай оғир бир вазиятда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгаши коримизга яради.
Эҳтимол, сиз «Уюшма ходимлари зиммаларидаги вазифани бажаришган, бунинг учун уларга алоҳида миннатдорлик билдириш шарт эмас», дерсиз. Мен эса бошқа бир аччиқ ҳақиқатни эслатиб ўтмоқчиман. Агар тегиш­ли идоралар масъуллари ҳам ўз ишларига сидқидилдан ёндашганларида эди, ойлаб-йиллаб эшикма-эшик юриб, турли идоралар остонасида сарғаймас эдим. Шунинг учун ҳам касбига садоқатли касаба уюшмалари ходимлари олдида таъзим қиламан. Ўз навбатида, бу воқеа бошқаларга ҳам ибрат бўлиши учун мактубимни газетада чоп этишингизни сўрайман.

Зуҳро ДАВЛАТОВА
Бухоро вилояти

Шифокорлар маҳалламизга келишяпти…

Ҳурматли таҳририят! Сизга мактуб орқали ўзимнинг дилимдаги миннатдорликни изҳор қилишга қарор қилдим.
Қон босимим баландлиги туфайли тез-тез поликлиникага бориб тураман.
Яқинда поликлиника мудири Дилфуза Йўлдошева Урганч шаҳридан мутахассислар келишини, чуқур тиббий текширувлардан ўтиб, зарур маслаҳатлар олишимиз мумкинлигини ­айтганида, қувониб кетдим. Чунки бизнинг яшаш жойимиздан вилоят марказига қадар бир соатлик йўл. Шу боис у ерга бориб, тиббий кўрикдан ўтиш учун камида бир кунлик вақт кетади. Табиийки, мен сингари ёши улуғларни узоққа ёлғиз юборишмайди, кимдир ишга, кимдир ўқишга бормай, бизга ҳамроҳ бўлишади. Боз устига, бориб-келиш учун камида 300-400 минг сўм маблағ сарфлашга тўғри келади.
Демак, бу сафар тиббий кўрикнинг маҳалламизда ўтказилиши ортиқча оворагарчилик ва харажатларга чек қўядиган, ҳар томонлама фойдали иш бўлибди. Мен бундан руҳланиб, эрта тонгдан 9-оилавий поликлиника филиалига бордим. Ҳовлидаги автобусда кўз шифокори одамларни қабул қилаяпти. Ёнбошда флюорография машинаси. Ичкарида ЭКГ, УТТ аппаратлари. Бинога кираверишдаги катта стол устига қизил, сариқ, яшил рангли матолар тўшалиб, турли маҳсулотлар қўйилган экан. Бу ранглар қайси маҳсулотларни кўпроқ, қайсиларини камроқ истеъмол қилиш кераклигини, нималарни умуман тановул қилмаслик маъқуллигини англатар экан.
Бошқалар қатори мен ҳам 13 та шифокор кўригидан ўтиб, соғлиғим ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлдим. Жумладан, қон босимини меъёрда сақлаш бўйича тавсиялар олдим.
Бизнинг «Ватанпарвар» маҳалламизда 2376 нафар киши яшайди. Шундан 687 нафари қирқ ёшдан ошган. Уларнинг ҳаммаси тиббий кўрикка жалб қилинди. Нуроний кексалар, ногиронлар ва болаларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатилди.
Биз узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилган шифокорлардан, бундай шароитларни яратиб берган давлатимиздан миннатдор бўлдик.

Эркиной РАЖАБОВА
Хоразм вилояти, Гурлан тумани

Отлар ва шерларнингГулистонга қандай алоқаси бор?

Ўтган йили Гулистон шаҳрининг айрим жойларига кетма-кет отлар ва шерлар ҳайкаллари жамланмаси ўрнатилди. Бу ишнинг ташаббус­кори шаҳар ҳокимлиги экани бир неча манбаларда айтиб ўтилди.
Хўш, уч кўринишдаги отлар ва шерлар оиласининг Сирдарё вилоятига ёки унинг маркази – Гулис­тон шаҳрига қандай алоқаси бор? Уларни ўрнатишдан олдин шаҳар меъмори, маданий объектлар ­масъуллари билан маслаҳатлашилдими? Ахир, бу иш чуқур маъно бериш ниятида амалга оширилган тақдирда ҳам, уни вилоят ва шаҳар номига, уларнинг ўтмиши ва келажагига боғлаб бўлмайди-ку!
Дунё шаҳарларида ибратли мазмундаги ­модерн ҳайкаллар жамланмаси ҳозир ҳам бунёд этилмоқда. Уларда кишиларни ўйлантирадиган, ижобий фикр уйғотадиган ёки тарихдан «сўзлайдиган» маъно юки бор. Модомики, шундай экан, Гулистон шаҳри ҳокимлиги масъуллари отлар ва шерлар ҳайкалларини ўрнатгандан кўра, Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат чоғи қутқарув ишларида мардларча ҳалок бўлган миллий гвардия ходимининг жасорати, талафотларни бартараф этишда ҳамжиҳатлик кўрсатган халқимизнинг бирдамлиги акс этган йирик композициялар яратиш хусусида бош қотирганлари маъқулроқ эмасмиди?
Мени қийнаётган бундай саволларга мутасаддилар асосли жавоб қайтаришар, эҳтимолки, холисано таклифимни ҳам инобатга олишар, деган умиддаман.

Нилуфар ШЕРБЎТАЕВА
Сирдарё вилояти,
Гулистон шаҳри
Муҳаммад КАРИМ
олган сурат

Сирли шаҳарча сирлари очилса…

Ҳурматли таҳририят!
Мен Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида туғилиб ўсганман. Ҳозир талабаман. «Ishonch»нинг ҳар бир сонини канда қилмай ўқиб бораман. Айниқса, ўлкамиз тарихига оид мақолаларни қизиқиб мутолаа қиламан.
Газетанинг ўтган йилги сонларидан бирида Орол денгизи суви мавж уриб турган пайтларда унинг ўртасида талай ороллар бўлгани, Возрождение ороли энг йириги ҳисоблангани, унда ҳарбий полигон ва аскарлар шаҳарчаси барпо этилгани, аммо кейинчалик бутунлай текислаб ташлангани ҳақида мақола эълон қилинди.
Менимча, «Ishonch»да бундан кейин ҳам ўша иншоотлар тўғрисида мутахассис-олимларнинг мақолалари бериб борилса, сирли шаҳарчанинг сирлари аниқ далиллар асосида батафсил очиб берилса, айни муддао бўларди.

Саламат ШАМШАДДИНОВ
Қорақалпоғистон Республикаси,
Шуманай тумани

 

Ногиронлардан ҳам кўп нарсани ўрганиш мумкин

Ассалому алайкум, ҳурматли ижодкорлар!
Мен ўттиз олти йилдан буён Яккабоғ туманидаги «Саховат» кексалар ва ногиронлар уйида яшайман. Биринчи гуруҳ ногирониман. Умримнинг кўп қисми шу ерда ўтгани боис ҳозир жами 124 киши умргузаронлик қилаётган бу маскан мен учун ҳам жуда қадрли саналади.
«Саховат» уйи 2018-2019 йилларда давлат дастури асосида капитал таъмирдан чиқарилди. Ошхона, бассейн, амфитеатр янгидан қурилди. Стол-стул, кроватлар янгиланди. Кутубхона янгидан жиҳозланиб, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан китоблар совға қилинди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан автобус олиб берилди. Натижада тарихий шаҳарларга саёҳат қилиш имкони яратилди, биз Шаҳрисабз, Қарши шаҳарлари ва Китоб туманидаги зиёратгоҳларга бориб келдик.
Мен ногирон бўлсам-да, ҳаётимдан нолимайман. Ижодга қизиқаман, ҳикоялар ва қиссалар ёзаман. Ҳозиргача бешта китобим чиқди. Ўтган йили «Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирландим. Президентимиз бир маърузасида «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчилардан ҳам кўп нарса ўрганса бўлади», деганида жуда руҳландим. Иштиёқ билан янги асарлар яратишга киришдим.
Баъзи кишилар ногиронлар бирор ишни уддалашига ишонмайдилар. Аслида ундай эмас. Мисол тариқасида Ўзбекистон ампутантлар футбол жамоасини олайлик. Бутун дунёга «Матонат» номи билан довруғи кетган жамоамиз бир неча бор жаҳон чемпиони бўлди, қатор халқаро турнирларда ғолиб чиқди. Ҳамюртларимизнинг Токиода бўлиб ўтган Паралимпиадада ёхуд ПараОсиё ўйинларида қўлга киритган ғалабалари билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Айрим манбаларда келтирилишича, дунёга машҳур рассом Леонардо да Винчининг бир томони ишламаган ва у ўлмас асарларини чап қўлида чизган. Ноёб мусиқа дурдоналарини яратган Людвиг ван Бетховеннинг эса қулоғи кар бўлган. Саёҳатчи Рик Хансен дунёни ногиронлик аравачасида айланиб чиққан. Демоқчи бўлганим, биз ҳам улардек метин иродали бўлишимиз, эзгу мақсадларимиз сари дадил интилишимиз керак.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга ғамхўрлик
кўрсатаётган давлатимизга ҳамда «Саховат»
уйининг барча ходимларига «Ishonch» газетаси
орқали раҳмат айтаман ва яхши инсонларни
Яратганнинг ўзи ҳамиша паноҳида
асрашини тилаб қоламан.

Қудрат ТУРСУНОВ
Қашқадарё вилояти,
Яккабоғ тумани