Ижод инсонга бериладиган сеҳрли туйғу. Шундай истеъдодлар борки, ҳаётни ва жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни маҳорат билан тасвирлайди. Бу жараёнда ўзини, ўзлигини унутади. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, таниқли журналист Рўзибой Қўлдошевнинг «Тоғлардан баландман!» китобини мутолаа қилар эканман, кўнглимдан шундай ўйлар кечди.
Муаллиф китобга саралаб киритган ижодидан намуналарини «Қалбим тубидаги гавҳарлар» дея таърифлайди. Болалиги, беғубор дамлари ўтган қишлоғи, ардоқли инсонларини қаламга оларкан, ҳаяжонини яширолмайди. Бу ҳис китобни мутолаа қилган ўқувчига ҳам ўтади, хаёли ўзининг ёшлик дамларига ўрмалаганини сезмай қолади.
Китобда ҳаётни севиш, Аллоҳ инъом этган умрни фақат ва фақат кулиб, муносиб ўтказиш лозимлиги, соғлиқ бебаҳо бойлик экани, ҳаётнинг асл маъноси шундан иборатлиги ҳам акс этади.
«Аслида ҳаётнинг ёзилган ва ёзилмаган қоидалари бор. Уларга риоя этиш, амал қилиш жуда мушкул иш эмас. Лекин бизнинг табиатимиз, феъл-атворимиз ғалати. Арзимас гап-гаштаклар, бефойда суҳбат-учрашувлар учун вақтимизни қизғанмаймиз. Соғлиғимизга келганда… Афсуски бу бебаҳо неъматга панжа ортидан қараймиз…», дейди муаллифнинг суҳбатдошларидан бири.
Рўзибой Қўлдошев Президентимизнинг халқпарвар сиёсатини ёритишда журналистларни фаол бўлишга, бирлашишга, жипслашишга ундайди. Ана шундагина ҳар қандай иллат таг-томири билан суғуриб ташланишини уқтиради.
Ижодкорнинг китобдан жой олган ҳикматларини ўқир экансиз, у фақат ҳақ сўзни айтадиган, ноҳақликларга муросасиз инсон, шу билан бирга, яхши кишилар учун дилкаш ва самимий суҳбатдош экани аёнлашади. Бир ўринда «Оқибатсизлик – ёввойи ўтга ўхшайди. Уни юлиб ташласангиз, қутуласиз. Оқибат эса бамисоли атиргул. Уни авайлаш, парвариш қилиш лозим» деса, бошқа жойда «Бир-бири билан юракдан очилиб-сочилиб гаплашмаслиги одам боласининг энг катта хатоларидан биридир», дейди.
Ҳақиқий журналист синчи бўлади. Ҳаётни ҳар қандай ракурсда кўради, элнинг дарду қувончини бирдек ҳис этиб, уни моҳирона ёритади. Дард чеккан киши билан бирга бу оғриққа даво излайди, шифосини топгач, бемордан-да кўпроқ суюнади. Кимдир ютуққа эришса, у билан бирга қувонади. Бундай вазиятдаги туйғуларини қоғозга муҳрлайди.
Китобни мутолаа қилар экансиз, Рўзибой Қўлдошевнинг ана шундай фидойи журналист эканини англайсиз.
Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»
