Илм булоқларин кўзини очиб…

916

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғаллаорол тумани кенгаши йиғилишига бориб, касаба уюшмалари ходимлари куни белгилангандан сўнг масъулият янада ошганини ҳис қилдим.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғаллаорол тумани кенгаши раиси Абдулҳаким Шакарбоев қарийб 30 йилдирки, соҳа ривожи йўлида жон куйдириб келмоқда.
Қарийб олти минг нафар аъзога эга 110 та бош­ланғич ташкилотнинг фаолият кўлами ниҳоятда кенг. ­Фикримизни рақамлар ҳам тасдиқлайди. Масалан, ўтган ўқув йилида тумандаги мактаб­ларни битирган ёшлар олий ўқув юртларига кириш бўйича респуб­ликада 9-ўринни, Жиззах вилояти эса биринчи ўринни эгаллади.
Эришилган ютуқларда кенгаш жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта. Бундан ташқари, спортда эришилаётган ютуқлар ҳақида ҳам ҳар қанча тўлқинланиб гапирса арзийди…
Кейинги йилларда тумандаги 90 та мактаб тўлалигича замонавий кўриниш касб этди. Ўқувчилар бир сменада ўқийдиган бўлди. Ҳар ойда республика ва вилоятдаги машҳур инсонлар билан учрашувлар ташкил қилиниб, маънавият соатлари ўтказилмоқда. Ваҳоланки, ўқувчилари бундан 5 йил илгари 70 кун пахта терарди, 60 кун ғўза чопиғида бўларди. Бундан ташқари, толиби илмлар кўча супурарди, дарахт оқларди, боз устига, шароит йўқлигидан икки сменада ўқирди…
Энди-чи, энди, имкониятлар қандай?
– Имкониятлар кенг, шароитлар зўр, фақат улардан унумли фойдаланиш керак, – дейди Абдулҳаким ака. – Қолаверса, билимли, малакали мутахассисларга ҳам эҳтиёж катта.
Ўтган йили туман кенгаши 42 нафар мураб­бийга даволаниш учун бепул йўлланма ажратди. Оиласида тиббий ёрдамга муҳтож кишилар бўлган 35 нафар фуқарога моддий ёрдам берилди. Айниқса, оиласида боқувчиси бўлмаган, пенсиядаги устозларга кўрсатилаётган ғамхўрликни таъкидлаш зарур. Уларга алоҳида тиббий ёрдам кўрсатилаётир.
Бугун ҳеч ким Абдулҳаким аканинг 70 ёшга кирганига ишонмайди. Ҳалиям тетик, ўта масъулиятли. Гўё халқ ва ватан олдидаги бурчини ўйлаб кун сайин яшараётгандек.
– Ота-боболаримиз тадбиркор бўлишган, – дейди Абдулҳаким ака. – Бир қудуқдаги сувни иккинчи қудуққа ҳам йўналтиришни билишган. Еттита қудуқнинг суви биттасига жойлашгач, фаввора бўлиб отилган. Буни Коризқудуқ дейишган. Бизнинг қишлоғимиз номи ҳам шундан келиб чиққан. Ҳозир бу қудуқдан бутун бир қишлоқ сув ичади… Бунақа суғориш усулини Туятортар каналини бунёд қилган аждодларимиз 4-5 аср илгари қўллашган. Улар туянинг устига оғир юк ортиб, уни бўш қўйиб ҳайдашган. Юки оғир жонивор энишга қараб юрган. Туянинг ортидан эса омоч тиркалган ҳўкиз юргазилиб, унинг изидан ариқ олинган. Абдуллахон ариғи, Туятортар ариғи деган номлар шулардан қолган. Уруш йилларида қашқабулоқлик Тожибой Ўсаров сув чиқарди. Ундан кейин Шоди Мусулмонов, Тўйчи Худоёров…
Азиз ўқувчи, нега мавзудан четга чиқилиб, сув ҳақида гапириляпти, деб ҳайрон бўлманг. Таъбир жоиз бўлса, Абдулҳаким Шакарбоев ҳам таълим учун қудуқ қазиб, сув чиқарган инсонлардан бири. Меҳрли, шижоатли устоз қазиган қудуқлар сувидан ҳали яна кўп ёшлар баҳраманд бўлажак.

Пардабой ТОЖИБОЕВ,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси