Жавобини кутаётган саволлар

720

МЕТАН УЧУН НАРХ МОНОПОЛИЯСИ ЎРНАТИЛГАНМИ?

Монополияга қарши курашиш қўмитасига!

Қорақалпоғистоннинг Амударё, Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл каби жанубий туманлардан бўлак ҳудудларда жойлашган автомобилларга суюлтирилган ёнилғи қуйиш шохобчаларида метан газининг 1 куб метри 2700 сўмдан сотиляпти. Жумладан, Нукус шаҳрида 23 та шунақа шохобча бўлиб, барчасида нарх бир хилда қиммат. Жанубий туманларда эса нисбатан арзон.
Бу ҳолатни кўриб, «Бу ҳудудда метан газига нарх монополияси ўрнатилмаганмикан?», деб ўйлаб қоласиз. Ҳолбуки, айрим маълумотларга кўра, юртимизда ёнилғи-ёқилғи савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар 1 куб метр метан газини давлатдан 1000 сўмдан сотиб олишар экан. Рақобатчилик тамойилига кўра, бундай шохобчалар қанча кўп бўлса, нарх шунча арзонлашади.
Савол: Қорақалпоғистондаги бу ҳолатни қандай изоҳлашни ҳам билмайсан киши. Нархларнинг аксарият туманларда қиммат қилиб белгиланишига ташқаридан қандайдир таъсир ўтказилмаяптимикан?

Абдималик ХОЖАНАЗАРОВ
Нукус шаҳри

 

ҲАММАСИ «ХЎЖА КЎРСИН»ГАМИ?

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига!

Салкам икки йилдирки, Қўшработ туманида Осиё тараққиёт банки буюртмасини амалга ошириш мақсадида қатор қишлоқларга тоза ичимлик суви қувурлари тортиляпти. Лойиҳага бизнинг «Қоратош» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бир нечта ­қишлоқ ҳам киритилган. Аммо бу борадаги ишлар суст бормоқда, тағин денг, баъзилари қўл учида бажарилмоқда. Қазилган чуқурларга ётқизилаётган полиэтилен қувурлар сифатсиз. Бундан ташқари, улар номигагина кўмиб қўйилмоқда. Аслида бу қувурларнинг остки-устки қисмлари ва ён-атрофи маълум қалинликда қум билан тўлдирилган ҳолда иҳоталаниши керак. Шундай бўлса-да, бир неча авлодларга хизмат қилиши лозим бўлган қурилишга негадир панжа орасидан қаралмоқда.
Назаримизда, ҳудуддаги ишлар аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлашдан кўра, биринчи навбатда, банк кредитини «оқлаб» олиш учун бажарилаётгандай.
Савол: бу масалага мутасаддилар ва буюртмачилар нега лоқайдлик билан қарашмоқда?

Болой РУСТАМОВА
Қўшработ тумани

ЙЎЛНИНГ ЭГАСИ ЙЎҚМИ?

Энергетика вазирлиги ва Транспорт вазирлигига!

Шеробод тумани марказидан «Сурхон» давлат қўриқхонасининг қоровуллик ­постигача бўлган масофа роппа-роса 40 чақирим. Шундан кейин қўриқхона ҳудудидаги ниҳоятда абгор, ўнқир-чўнқирлардан иборат 8 километрлик йўлни босиб ўтсангиз, «Бешбулоқ – Сурхон – Шеробод» болалар соғломлаштириш оромгоҳига етиб оласиз.
Дарвоқе, бу йўл узоқ вақтдан буён бирор марта ҳам таъмирланмаган. Аслида тўлиқ қайта қурилиши, четларидаги авария ҳолатидаги 40-42 йиллик электр симёғочлар ҳам аллақачонлар алмаштирилиши лозим эди. Афсуски, бизнинг масъул идораларга бу хусусдаги мурожаатларимиз зое кетмоқда. Сабаби, йўлнинг эгаси топилмаяпти. У қўриқхонанинг ҳам, Сурхондарё автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасининг ҳам, Шеробод тумани ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармасининг ҳам балансида эмас эмиш.
Савол: хўш, бу масалага ким ойдинлик киритади? Оромгоҳга элтувчи йўл қачон мукаммал таъмирдан чиқарилиб, «отамзамон»дан қолган симёғочлар ким томонидан янгиланади?

Илҳом ШАЙМАТОВ,
«Бешбулоқ – Сурхон — Шеробод» болалар соғломлаштириш
оромгоҳи директори

ИМТИЁЗЛИ ЙЎЛЛАНМА БЕРИЛСА ЭДИ…

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига!

Бундан бир неча йил бурун кутилмаганда ­уйимизда ёнғин чиқиб, қизим оғир тан жароҳати олганди. Ҳозир у 22 ёшда, иккинчи гуруҳ ногирони. Танасининг куйган жойларини даволаш учун ҳар йили камида бир марта Фарғонадаги «Чимён» санаторийсида муолажа олиши керак. Чунки ўша ҳудуддан чиқадиган шифобахш сув унинг дардига малҳам бўлади. Аммо моддий аҳволимиз ночорлиги сабабли уни санаторийга олиб боришга қўлимиз калталик қилмоқда.
Ногиронлиги бор шахсларга вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси томонидан санаторийларга бепул йўлланма берилиши ҳақида эшитиб, бир неча бор ушбу ташкилотга мурожаат қилдим. Бироқ улар «Чимён» санаторийсига йўлланма бера олмасликларини айтишди. Сабабини бошқарма бошлиғи Нурмуҳаммад Турғунов қуйидагича изоҳлади:
– Биз ногиронлиги бор шахсларга Тошкент вилоятидаги «Товоқсой», Фарғонадаги «Олти­ариқ», Косонсойдаги «Фахрийлар», Жиззахдаги «Маржонсув» каби санаторийларга бепул йўлланма беришимиз мумкин. Аммо «Чимён» санаторийси касаба уюшмалари тасарруфида бўлгани учун унга бепул йўлланма бериш ваколатига эга эмасмиз. Қолаверса, «Чимён» санаторийсига йўлланма сўрайдиганлар вилоятимизда кўплиги боис биз республика Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига бу ҳақда бир неча бор таклиф киритганмиз…
Савол: ушбу агентлик юқорида тилга олинган таклифга нисбатан қандай муносабат билдиради? Сирасини айтганда, ушбу идорага ногиронлиги бор ҳамюртларимизга «Чимён» санаторийсида даволаниш учун бепул ёки имтиёзли йўлланмалар ажратиш ҳуқуқи берилиши мумкинми?

Холида АКРАМОВА
Наманган шаҳри

 

КЎЗБЎЯМАЧИЛИК ТОКАЙГАЧА?

«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖга!

Бизни, яъни Учкўприк туманидаги Қўрғонча қишлоғи аҳлини ёзда ҳам, қишда ҳам электр қувватининг пастлиги қийнайди. Шу боис уч йилдан буён ушбу ҳолатга чек қўйиш учун мавжуд трансформаторни каттароғига алмаштириб беришда ёрдам сўраб, туман раҳбарларига мурожаат қиламиз. Аммо шу пайтгача ўзгариш бўлмади. Бу ҳақда «Ishonch» газетасининг ўтган йил 25 ноябрдаги сонида «Кичик ­қишлоқдаги катта ҳасратлар» сарлавҳали мақола ҳам чоп этилди.
Эшитишимча, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори А.Сайдалиев шу муносабат билан 2021 йил 30 декабрда таҳририятга расмий жавоб йўллабди. Унда аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 10 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 81-сонли трансформатор пункти юклама марказига кўчирилганини, натижада истеъмолчилар талаби қаноатлантирилганини маълум қилибди.
Тўғри, темир-бетон устунлар ўрнатилиб, электр симларининг маълум қисми янгиланган, трансформатор бошқа жойга кўчирилган. Лекин бу билан муаммо тўлиқ ҳал этилгани йўқ. Электр аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандай. Чироқ базўр ёнади. Маиший техникалар деярли ишламайди.
Савол: хўш, хўжакўрсинга иш юритиш­лар токайгача давом этади?

Умаржон ТЎРАҚУЛОВ
Учкўприк тумани

МУСОФИР ТАЛАБАЛАРГА ҚАНДАЙ ЕНГИЛЛИКЛАР БОР?

Марказий банк ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига!

Икки фарзандим Россиянинг Қалмоғистон Республикасидаги Элиста университетида тўртинчи босқичда шартнома асосида таҳсил олади. Уларнинг «контракт» пулини тўлаш учун таълим кредити олмоқчи эдим, ололмадим. Ваҳоланки, улар хорижда таълим олиб бўлгач, Ўзбекистонга қайтиб, унинг равнақи учун меҳнат қилишади-ку!
Савол: чет эл олий ўқув юртларида ўқиш учун контракт пулини тўлашда қийналаётган ёшларимизга давлатимиз томонидан қандай енгилликлар берилади? Шунингдек, улар хорижда ўқиб олган диплом бизда амал қилиши учун қандай талаб ва тартиб-қоидалар жорий этилган?

Тошболта АВАЗОВ
Муборак тумани

КЎЧАНИ ТАЪМИРЛАШГА КИМ МАСЪУЛ?

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖга!

Ўтган йил июнь ойида бизнинг «Олмачи» маҳалламиздаги кўчанинг тахминан бир километрлик қисмига темирйўлчилар махсус кабель ётқизишди. Ундан салгина олдин эса маҳаллий аҳоли пул йиғиб, унга шағал тўктирган эди. Шунга кўра, «Ховост Ш4-3» участкаси бошлиғи Шерзод Шомуродов кўчани бузиш ишлари бошланаётганда у кейинчалик таъмирлаб берилишини айтганди. Афсус, ваъдага вафо қилинмади. Оқибатда кўчамиз қишда лойга, ёзда чанг-тупроққа тўладиган даражада абгор ҳолатга келиб қолди. Биз бу ҳақда бир неча марта тегишли жойларга мурожаат қилдик, барибир, фойдаси бўлмади.
Савол: ушбу кўчани таъмирлашга ким масъул? Янаям аниқроғи, темирйўл ёқаларидаги кўчалар қайси ташкилотларга қарашли ҳисобланади.

Жамол ЭГАМБЕРДИЕВ
Шароф Рашидов тумани