“Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!” республика ижодий ишлар танлови иштирокчилари учун бугун масъулиятли кун бўлди. Ҳаяжон ва иштиёқ оғушида йигитлар Касаба уюшмалари Федерациясининг мажлислар залида йиғилишди. Олдинда уларни иншо ёзишдек ҳаяжонли дақиқалар кутиб турарди.
Аввалига ҳакамлар ҳайъати аъзолари – республика Маънавият ва маърифат маркази раиси Минҳожиддин Хожиматов, Ижодий ишлар танлови ҳакамлар хайъати раиси ўринбосари Ҳусан Эрматов, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари Шуҳрат Жалиловлар ўқувчиларнинг иншо ёзишлари учун 2,5 соат вақт берилгани, жараёнда нималарга аҳамият бериши кераклиги, қоғоз бўялиб қолса ёки бошқа масалаларда кимга мурожаат қилиш зарурлиги ҳақида тушунтириш берди. Сўнгра ўқувчиларга тарқатилган махсус вараққа ҳар бир иштирокчининг исми шарифи ва шифр рақамлари киритилиб, у барчанинг кўз ўнгида махсус конвертга солиб муҳрланди. Бундан шуни тушуниш мумкинки, ўқувчилар ёзган иншо саҳифасида уларнинг исми фамилиялари кўрсатилмайди. Фақатгина рақамланган бўлади. Барча иншолар баҳоланиб бўлингач, конверт очилади ва рақамларнинг қайси исми шарифга тегишлилиги аниқланади. Хуллас, танловда холислик ва адолат тамойиллари бош меъзон бўлди.
Йигитлар эса аллақачон иншо ёзишни бошлаб юборишди. Узоқдан ўқувчиларни кузатар эканмиз, ўйга толган, фикрларини бир жойга жамлаш учун тин олган ўқувчи кўринмайди. Ҳамма бир-биридан жўшиб, тўхтамасдан ёзмоқда. Бундан кўринадики, ўқувчиларнинг тайёргарлиги пухта. Айтмоқчи бўлган гапи, юрак сўзлари чалкаш эмас. Ниҳоят белгиланган дақиқалар тугашига 15-20 дақиқа қолганида Давлат хавфсизлик хизматига қарашли Тошкентдаги Темурбеклар мактаби ўқувчиси иншосини тугатиб, уни кузатувчиларга топширди. Биз эса фурсатдан фойдаланиб, иштирокчини саволга тутдик.
–Бошида озгина ҳаяжонландим, лекин кейин ҳаммаси жойига тушди, –дейди Ғолибжон Маҳкамов. – Иншоимда кеча юртимизнинг машҳур арбоблари билан бўлган мулоқотда тинглаган маърузаларимдан ҳам фойдаландим. Статистик маълумотлар келтирдим, масалан, шу пайтгача юртимизда 9692 нафар юртдошларимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги, 2004 йилдан 2014 йилгача бўлган ўн йилликда 10 миллион сайёҳларнинг юртимизга келгани, туристик имкониятларимизни кенгайтириш йўлида олиб борилган қатор чора-тадбирлар натижасида эса охирги 3 йилликнинг ўзида 15 миллион сайёҳ юртимизга ташриф буюргани ҳақида ёздим. Ўйлаб қўйган гапларимни қоғозга тушира олдим, деб ўйлайман, натижани эртага биламиз.
–Бадиий асарлар ўқиганим бугун катта ёрдам берди, чунки иншо ёзишда бадиий ифодалаш муҳим ўрин тутади, – дейди Ички ишлар вазирлигига қарашли Нукус Темурбеклар мактаби ҳарбий-академик лицейининг биринчи босқич ўқувчиси Акобир Абдурасулов. – Иншога тайёргарлик кўриш жараёнида Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси”, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Менинг Президентим!” китобларини ўқигандим. Бу юртимизда бўлаётган ислоҳотларнинг моҳиятини теранроқ тушунишимга катта турки бўлди. Қолаверса, кеча юртимизнинг энг диққатга сазовор жойларига, музейларга қилган саёҳатларимизда ҳам мен пойтахти аъзимнинг мана-ман деган шаҳарлардан қолишмайдиган даражага етиб келганига ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим. Албатта, фикрларимнинг ҳаммасини ҳам иншога сиғдиролмадим. Чунки ҳар бир соҳада жуда катта ислоҳотлар қилинган, давом этмоқда. Муҳими, биз ёшлар шу янгиликларнинг ичида бир четда турмасдан, уларнинг ёш қаҳрамонлари, фаол вакили эканимидан фахрланаман. Барча дўстларимга танловда омад тилайман!
Шундай қилиб, иншо ёзиш жараёнларини яхши ўтказиб олган ёшлар эсдалик учун чиройли расмга тушишди. Олдинда уларни эртанги тақдирлаш маросими ва яна шаҳарнинг айрим жойларига қизиқарли саёҳат кутиб турибди.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»
