«Фалончи бизга тус тоға бўлади», «тус амма», «тус жиян»… Бу иборалар кимгадир яхши таниш, баъзи шеваларда эса унутилган.
Хўш, мазкур сўз бирикмаларидаги «тус» қандай маъно билдиради?
«Ўзбек халқ шевалари луғати»да бу сўз учрамайди, шу боис унинг қайси шева ва ҳудудларда қўлланиши ҳақида аниқ фикр айтиш қийин. Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё шеваларида ишлатилиши маълум. «Тус тоға/жиян/амма/хола…» каби сўз бирикмаларида у: «туғишган, асл, ҳақиқий, тўғридан-тўғри» каби маъноларни билдиради.
Айнан «тус» шаклида бу сўз Навоий ёки Бобур асарларида учрамайди. Аммо қадимги мўғул тилида битилган «Мўғулларнинг сирли тарихи» асарида унинг айнан шу шакл ва маънода ишлатилганини кўриш мумкин. Шу ўринда бу асарнинг туркий сўзга нима алоқаси бор, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, бу асарда туркий сўзлар шу қадар кўпки, унга баъзан қадимги туркий тилга дахлдор манба сифатида ҳам мурожаат этиш мумкин.
«Мўғулларнинг сирли тарихи» асарининг 188-параграфида Кокочу ахтачининг хоинлик қилгани тўғрисидаги ибратли воқеа ҳикоя қилинади. Керайитлар мағлуб бўлгач, қочишга юз тутган Ўнгхон (Тўғрил) ўлдирилади. Шундан сўнг, Ўнгхоннинг ўғли Санггум хизматкори Кокочу ахтачи ва унинг хотини билан қочиб бепоён чўлга юзланади. «Ахтачи»нинг маъноси «отбоқар», мўғуллар жамиятида ахтачи хонга яқин лавозим ҳисобланган, Кокочу ахтачини эса Санггум ўзининг энг содиқ навкарларидан деб билган. Сувсиз чўлда чанқаган Санггум отидан тушиб, сув истаб, олдиларидан чиққан қулонлар подаси томон юради. Пайтдан фойдаланган Кокочу ахтачи мағлуб хонидан юз ўгириб, унинг отини ҳам олдига солиб, ортга қайтишга тараддудланади. Шунда унга хотини: «Эй Кокочу, хон сени едириб-ичирди, ҳурмат қилди, қийин аҳволга тушганда сен уни ташлаб кетасанми?», қабилида сўзлайди. Чингизхон ҳузурига бош уриб келган Кокочу – Санггумни чўлда сувсиз, уловсиз, ёлғиз қолдиргани учун мамнун бўлади ва мукофотлайди, деган гумон билан воқеани хонга гапириб беради. Чингизхон ўша заҳоти Кокочуни ўлимга ҳукм этади, унинг хотинига эса иззат-икром кўрсатилишини буюради ва шундай дейди: «Бу Кокочу ахтачи ТУС ХОНини сотиб, менинг ҳузуримга келди, энди унинг содиқлигига ким ишонади?». Бу жумла аслиятида шундай сўзлар бор: «… mün Kököčü aqtačї-yї TUS QAN-їyan …», яъни аслиятда айнан: «tus qan», деб ёзилган бўлиб, бу «асл хон» маъносини билдиради. Бу мўғулча сўз эмас, шу боис асарнинг ҳозирги мўғул тилига қилинган табдилида «tus qan» – «хан эзнээ», яъни «ўз хонига», деб, русча С.А.Козин таржимасида: «своего природного хана», деб ўгирилган.
Аслида, бу сўзнинг қадимги туркий шакли «тус» эмас, «тўз» бўлган ва «Девону луғотит-турк»да у шундай изоҳланган: «тўз – асл, таг, асос. Äнiң тÿбi, тÿзi ким – унинг таги, асли ким. Кимга бориб тақалади». Шунингдек, «тўз» сўзининг: «тўғри, текис (ер)» каби маънолари ҳам бор. Замондош адибимиз Эркин Аъзам бир ҳикоясида: «Эшитгандирсиз, жиян, бўлангиз ТУС қирнинг бошига қаср қурди!» – жумласи бор. Бу жумлада адиб «тус»нинг «текис», «тўғри» каби маъноларини кўзда тутган бўлиши мумкин.
«Қутадғу билиг»да ҳам бу сўзни «тўз» шаклида кўп учратамиз («Көни йол үзә түз тута тэр мэни», – яъни, «мени тўғри йўл узра тўғри тута бер»). Эргаш Фозилов ҳам «Староузбекский язык хорезмийские памятники XIV века» китобида ҳам «тўз» сўзига кўплаб мисоллар келтирган. Бу эса Хоразмда ҳам бу сўз фаол истеъмолда бўлганидан дарак беради. Навоий, Бобур асарларида ҳам бу сўз «туз» шаклида учрайди.
Алқисса, «тус» қадимги туркийдаги «асл, таг, асос» маъноларидаги «тўз» сўзининг талаффузга мослашган, эҳтимол, қипчоқлашган кўринишидир. «Тус тоға», «тус жиян» каби иборалар: «асл (ўгай эмас) тоға», «ҳақиқий, туғишган жиян» маъноларини билдиради.
Абдувоҳид ҲАЙИТ,
филология фанлари номзоди



