…Унинг кўзлари қоп-қора тундан бошқасини кўрмас эди. Кўзлари кўрмаса-да, кўнгилларни кўрадиган Ҳожар момонинг юзидан нур таралиб турарди. Унинг дилкашлиги, меҳрибонлиги бирам бошқача эди.
Момоларни эсласам, болалигим ёдимга тушаверади. Салкам тўқсон ёшида вафот этган Розия момом бор эди. Бизни шу инсон тарбиялаган. Онам эрта баҳордан то кеч кузгача даладан бери келмаган, биз, болаларига қарашга ҳам вақти бўлмаган. Онамга эмиздириш учун момомиз бизни кўтариб, далага олиб борар экан.
Болаликдаги уйимиз олдида катта ҳовуз бўларди. Унинг атрофига сўрилар, бир чеккада ўчоқлар қурилган эди. Онам эрта тонгда икки-учта сигирни соғиб, сутни Розия момога бериб кетарди. Момом эса катта қозонда сутни кўпиртириб пиширар, сўнг опаларим ва мени сут билан сийлар эди. У вақтлар боғча қаёқда? Катталар мактабга кетганида, кичиклар момонинг «боғчаси»да қолар эдик. Розия энам уй ишларини қилиб бўлгач, гурунглашиш учун девор-дармиён қўшни Ҳожар момонинг ёнига чиқарди. Гоҳида Ҳожар момонинг ўзи бизникига келарди. Уларнинг суҳбатлари, айтиб берган эртак ва лапарларини эсласам, улар ҳали ҳаётдек туюлаверади.
…Бир куни телевизорда Комилжон Отаниёзов қўшиқ куйлай бошлабди. Шунда Розия энам «Ҳожарниям чақириб келай, у билан бирга кўриб, эшитамиз», дея телевизорни токдан узиб, момони чақиришга кетибди. Келиб, телевизорни ёқишса, ҳофиздан дарак йўқ эмиш, бошқа кўрсатув бўлаётган экан. Шунда улар ҳофизнинг «кетиб қолганидан» афсусланишибди. Эҳ, менинг соддагина момоларим…
Ҳожар момо шоиртабиат ҳам эди. Қофиясини келтириб, шундай шеърлар тўқирдики, қоғозга ёзиб ўтирмай, оҳанги билан хиргойи қиларди. Оилавий тадбирларда, байрамларда қариндошлар ундан қўшиқ айтиб беришни сўрашарди. Халқона оҳангда унинг овози жуда ёқимли, ширали бўлиб чиқарди. Ўшанда уйдаги узун тасмали «Днепр» магнитофонига отам микрофонни улаб, момонинг овозини ёзиб олар ва кейин ўзига эшиттирар эди. Бундан момонинг илҳоми янада жўшарди. Халқ оғзаки ижод намуналарининг авлоддан-авлодларга ўтиб, асрлар оша яшаб келишида Ҳожар момомдек момоларнинг ҳиссаси беқиёс, албатта.
Мактабни битказгач, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кирдим. Биринчи ё иккинчи босқични тамомлаб, ёзги таътилга келганимда, Ҳожар момонинг ёнига бориб, иккита шеърини қоғозга туширдим. Кейинги келганимда ҳам момоникига бордим, фақат бошқа мақсадда…
Ўшанда момонинг шеърларини кўпроқ ёзиб олмаганимдан жуда афсусландим. У қоғозга туширилмаган, фақат хотирасига муҳрлаган шеърларини ўзи билан олиб кетди.
Тўртинчи босқичда ўқиб юрган пайтимда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ҳам ишлардим. Момоларни хотирлаб ёзилган «Ҳожар момо» сарлавҳали мақолам газетада чоп этилган ва унда момонинг шеърлари ҳам берилган эди.
Мана бу шеърни эса момо тўнғич ўғли Қўзибой ака оиласи билан янги уйга кўчиб кетаётганида битган экан:
Нарсаларинг юклаганда биларман,
Болам, сани неча кунда гўрарман?
Ўн қат жоя бир ўзинг кириб чиқсанг,
Ётоқ жойинг қидириблар ўларман.
Кўчган болам бўлин бўйинга банда,
Гўрасим галибди, Отабек нерда?
Кўна жойда энанг биргина ўзи,
Сан ёдина тушсанг, тутилар кўзи,
Олтинга баробар энангнинг сўзи,
Буларни унутма, эй болам, Қўзи.
Бир қизингни қўйиб кетмадинг берда,
Гўрасим галибди, Рўзигул нерда?
Кўчиб кетасанми, битдими жойинг,
Ким бўлади энди манинг ҳамройим?
Раънони олиб кетди Матёқуб дойинг,
Хато бўлса, кечиргайсан Худойим.
Кўчган болам, бўлин бўйинга банда,
Гўрасим галибди, Назира нерда?
Ўлим бордир, қазо бордир бу жонда,
Бир боланг қолмади энаси ёнда.
Отанг бўлса, кеча-кундуз майдонда,
Каъбанг – онанг қўрқар намозшом, шомда.
Ухламин чиқарман саҳарлар, тонгда,
Кўчган болам, бўлин бўйинга банда.
Узоқ вақт ёруғлик ва дунё гўзаллигидан мосуво бўлиб, қаро тун қўйнида яшаган момонинг хотираси шунчалик тиниқ ва кучли бўлганки, минглаб сатрларни ёдида сақлай билган. Буни ҳатто ижод аҳлининг ҳаммаси ҳам эплай олмайди.
Авваллари Хоразмда момолар докани қат-қат қилиб, устидан пўта рўмолни ёпиб, лачак ўрарди. Бу нуронийликдан дарак бериб, момоларга ўзгача кўрк ва салобат бағишларди. Ҳозир бундай лачак ўраган момоларни жуда кам учратамиз. Наврўз байрамида миллий қадриятларимиздан бири сифатида «Лачак ўраш» маросими ўтказиб турилади. Бу ҳам ёш авлод вакиллари момоларимиз удумларини билиб олишлари учун керак, албатта.
Юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрган паллаларда момоларим хотираси шууримда жонланди. Балки сиз ҳам момоларни ёдга олгандирсиз?..
Момоларимиз руҳи ҳамиша шод бўлсин!
Азамат САФАРОВ,
журналист
