Ҳар кунинг бўлсин Наврўз!

1892

Баҳор насимига сумалакнинг муаттар бўйлари қўшилиб, дилларга олам-олам қувонч бахш этмоқда. Турфа гуллар Наврўз пойига пояндоз тўшаётганини кўриб, дилинг яйрайди!
Наврўз биз учун баҳор ва уйғониш, яшариш ва янгиланиш, меҳнат ва бунёдкорлик фаслидир.
Наврўз биз учун меҳр-оқибат, қадр-қиммат, хайру саховат ва ўзликни англаш рамзидир.

Наврўзнинг таваллуди

Наврўз байрамининг келиб чиқиши ҳақида турли афсоналар бор. Уларнинг бирида келтирилишича, Наврўз Одам Ато ва Момо Ҳавонинг илк учрашган куни экан.
Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Алишер Навоийнинг «Тарихи мулуки ажам» асарларида келтирилишича, «Наврўз» байрамининг келиб чиқиши подшоҳ Жамшид номи билан боғлиқ.
Берунийнинг ёзишича: «Жамшид ўзига арава ясаб олгач, ўша куни аравага чиқиб олди, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбован (Дамованд тоғи)дан Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайит қилдилар ва Жамшиднинг арава учишига тақлид қилиб, арғумчоқларда учдилар». Наврўз сайилларида арғумчоқларда учиш ҳалигача сақланиб қолган.
«Наврўзнома» китобини ёзган улуғ олим ва шоир Умар Ҳайёмнинг фикрича, бу байрам Ажам подшолари ­ташаббуси билан жорий этилган. Ажамликлар (Турон ва Эрон халқлари) офтобнинг йил давомида айланишини буржлар бўйича ҳисоб-китоб қилиб чиққанлар. Шу зайлда дастлабки тақвим (календарь) яратилган, ой ва йиллар белгиланган. Ҳайёмнинг ёзишича, Каюмарс (Биринчи каёний подшоҳ) уч юз олтмиш беш кун ичида офтобнинг бир айланиб чиқиши рўй берадиган қуёш йилини ҳар бири ўттиз кундан иборат ўн икки ойга бўлди ва муборак Изид ­дунёга юборган ўн икки фаришта номи билан атади. Кейин у йилни тўрт бўлакка бўлиб, фаслларни белгилади, йилнинг бошини Наврўз деб атади.
Хулоса қилганда, Наврўз мўътабар кун сифатида дунёга келиб, ҳамиша қадрли бўлиб қолган.

Наврўзнинг нишонланиши

Қадимда подшоҳ байрамни эълон қилгач, сайил бошланган. Сайилда етти хил таом ва мевалар билан дастурхон безатилган, камондан ўқ отиш, от пойгаси, кураш ўйинлари ташкил қилинган. Қизлар қўл-оёқларига хина қўйганлар, гулпопуклар ясаб кийганлар, хонадонлар тозаланган, эски-тускилар ташлаб юборилган. Далага чиқиб, лола сайли ташкил қилинган, етти кун ўтгач, ер ҳайдаб, дон сепилган. Замонлар ўтиши билан бу байрам шаклланиб, такомиллашиб борган. Унинг моҳиятида тун ва куннинг тенглашиб, куннинг узая бош­лаши, табиат жонланиб, дов-дарахтларнинг уйғониши, шунингдек, инсонлар руҳиятида ҳам уйғониш рўй бериб, меҳр улашиш каби асослар сақланиб қолган.
Илмий юксалиш даври бўлган ўрта асрларда алломалар, фозиллар томонидан Наврўзнинг фалсафий моҳияти кенгроқ талқин қилиб берилди. Бу даврда Наврўз байрами тантаналарида санъат усталари, шоирлар, қизиқчилар, дорбозлар ўз маҳоратларини кўрсатишган. IX-XI асрларда Нав­рўз куни юртга ош тортилган, нуфузли инсонларга совғалар улашилган. Кейинроқ Наврўз тантаналарида ­анъанавий ўйинлар ва томошалар, театрлашган маросимлар ўтказилган. Наврўз кунлари ободонлаштириш ишлари кенг олиб борилган.

Улар нега Наврўздан қўрқишган?

Шўролар даврида Наврўзнинг эскилик сарқити, диний маросим ва хурофот сифатида таҳқирлангани, Наврўз таоми ҳисоб­ланган сумалак тўла дошқозонлар тепиб ағдарилганини катта авлод вакиллари ҳануз кўнгил оғриғи билан эслайди.
Ўтган асрнинг 90-йилларигача Наврўзни нишонлаш тақиқланди, уни ёқлаганлар «Халқ душмани» деб эълон қилинди. Халқнинг минг йиллар мобайнида шаклланиб келган қадриятларини ҳимоя қилган кишилар ана шу халққа «душман» дея эълон қилиниши ҳеч бир мантиққа тўғри келмасди. Ҳақиқатда эса, улар халқ душмани эмас, халқни бирлаштирувчи эдилар. Чунки Наврўзнинг яшовчанлиги асосида унинг элни бирлаштирувчи кучи ётади. Босқинчилар, мустамлакачилар миллий байрамлардан шунинг учун ҳам қўрқадилар, шунинг учун ҳам уларни турли баҳоналар остида тақиқлашга ҳаракат қиладилар.
Аслида, Наврўз фақат ўзбек миллатининггина эмас, кўплаб Шарқ халқларининг ўзлигини акс эттирувчи байрам. Фақат ҳар бир миллат уни нишонлашда ўзига, ўзлигига хос ёндашади. Умумийлиги эса Наврўзнинг меҳр-оқибатни тарғиб қилувчи, элларни бирлаштирувчи, инсонларни ҳалол меҳнатга ундовчи кучида. Шу боис ҳам байрам таъқиб остига олинган йиллар мобайнида ҳам, гўё баҳор сайлига чиққандек, халқимиз томонидан Наврўз сайиллари уюштирилаверди ва байрам сифатида хуфёна нишонланаверди.

Сумалакдан тош топдим…

Бугунги Наврўзларда шунчаки сумалак пиширилади эмас, балки сумалаклар байрамига ҳам айланиб кетади, десак, муболаға бўлмас. Яна у шунчаки баҳор ёки ­Наврўз ­таоми эмас, ният таоми, фаришталар таоми.
Ҳалол-покизалик, тоза ниятлилик – сумалак пиширишнинг биринчи талаби. Сумалакка ўчоқ тайёрланаётгандаёқ, тоза табиат ила эзгу ният билан иш бошланади. Дошқозон эгалари тўй ошлари учун қозон ҳақи олишлари мумкин, аммо сумалак учун олмайдилар. Сумалакка ҳатто ўтин келтираётган болалардан ҳам момоларимиз «таҳоратинг борми», деб сўрайдилар. Сумалак тайёр бўлмагунча, қозон бошига дуч келган одамни йўлатмайдилар. Сумалак бўлаётган хонадонга қўни-қўшни, қариндош-уруғлар таомлар пишириб келадилар. Сумалакчилар орасида доира чертиб, қўшиқ айтадиганлари бўлмаса, улар махсус таклиф этиладилар. Раққосалар эса – ҳамма! Гоҳида эса нариги супада ўтирган эркаклар даврасига ўғринча қараб олиб, овозларини пасайтириб, шипшиганча, аёллар ҳам аскиябозлик қилиб қоладилар. Аммо кулгулар ҳамманинг, жумладан, нариги супадаги эркакларнинг ҳам ҳавасини келтириб, ­дунёни тутади. Сумалакка солинган тош ва ёнғоқларни фарзандталаб, бемор ва бошқа мушкулларини осон қилиш ­ниятидагилар тилаб олишади, сумалак чўғининг устидан ҳатлашади. Сумалак атрофидагилар ёмон нарсалар ҳақида ўйлашлари, қозон атрофида ҳақорат сўзларини ишлатишлари мумкин эмас!

Боқий байрам тилаги!

Эътибор қилдингизми, Наврўз байрами билан боғлиқ ҳар бир таърифимиз, ҳар бир жумламиз замирида эзгулик, бирдамлик, бирдилликни сездингизми? Байрамга оид ҳар бир урф инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарини боғлашини-чи? Наврўз – бобомерос қадриятларимизни фарзандларимизга узатиш баробарида жуда катта тарбия мактаби эканини ҳам сезмасликнинг илож борми?
Ҳа, ана шундай! Наврўз минг йиллар мобайнида инсонийлик ғоялари, миллий анъаналари билан аждодлар мероси сифатида нафақат халқнинг ҳаётида, балки руҳиятида ҳам яшаб қолаверади. Халқимиз уни янги кун – эзгуликнинг аввали, яхшиликнинг уйғониши рамзи сифатида байрам қилаверади. Наврўз баҳона, гина-кудуратларни унутиб, бир-бирига меҳр улашаверади, бир-бирини дуолар қилаверади.
Наврўз ҳақида сўзлар эканмиз, ушбу байрам одатига биноан биз ҳам ҳазрат Навоийнинг ушбу сатрлари билан дуо қилиб қоламиз:
Ҳар тунинг қадр ўлубон,
Ҳар кунинг ўлсин Наврўз!

Шаҳло АҲРОРОВА,
шоира,
фалсафа фанлари доктори(PhD),
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар
институти катта илмий ходими