Бугун Тошкент тиббиёт академиясида шу ерда таҳсил олаётган талабалар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Олмазор туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси кўмагида уюштирилган мазкур тадбирда талабалар учун 2 мингдан ортиқ тиббиёт йўналишидаги бўш иш ўринлари таклиф қилинди. Шу билан бирга 5 минг нафардан ошиқ талабалар иш берувчи томон вакиллари билан вакансиялар ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлишди.
–Кўргазмада тиббиёт бирлашмамизда мавжуд учта бўш иш ўрни билан қатнашаяпмиз, – дейди Олмазор туманидаги 17-оилавий поликлиниканинг кадрлар бўлими нозири Роҳила Даминова. – ЭКГ шифокори, эндоскопист ва хирург штатлари учун камида шу йўналишда магистратурада таҳсил олаётган ёшлар бўлиши лозим. Ҳозирча айнан мазкур йўналишда таҳсил олаётган ёшлар учрамади, асосан бакалавр талабалари мурожаат қилишаяпти. Кўргазма эндигина бошланганини ҳисобга олсак ҳали кун давомида бизга керакли кадрнинг топилишига ишонамиз.
–Мени Олмазор туманидаги шаҳар 1-сон юқумли касалликлар клиник шифохонасига ҳамшираликка ишга оладиган бўлишди, – дейди Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш иши факультети 1 босқич талабаси Мадина Йўлдошева. –Биринчи босқич талабаларини ўрта тиббиёт ходими сифатида ишга олишмайди, аммо мен институтга киргунча тиббиёт коллежида таҳсил олганим боис, бу борада бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлдим. Эртагаёқ тегишли мутахассис билан зарур ҳужжатларни расмийлаштириш борасида гаплашиб оламан. Анчадан буён ишга киришни режалаштириб юргандим. Ушбу кўргазма мен учун айни муддао бўлди.
Ҳа, тадбирда Мадина каби ўз ишини қидирган ёшлар жуда кўп. Масалан, Тошкент тиббиёт академиясининг иккинчи босқичида ўқиётган Бегимхон Юсупова ҳам ўзи таҳсил олаётган даргоҳнинг электрон кутубхонасига кутубхоначи сифатида ишга олинадиган бўлди. Унинг қувончи бир пасда юз-кўзига кўчди. Бундан хурсанд бўлдик ва ўз ишини топган ёшларга янги фаолиятида омадлар тиладик.
Зебо НАМОЗОВА
