Болариларнинг меҳнаткашлиги ва иноқлиги инсонларни мудом ҳайратга солиб келади. Гулдан-гулга қўниб, минг бир машаққат билан бол тўпловчи бу заҳматкаш ҳашаротларнинг ўзига хос ҳаёти кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Асалариларнинг мўъжаз «кулбаси» улкан бир қурилмани эслатади. Бир қарашда асаларилар галаси тартибсиздек кўринса-да, аслида, улар ўта уюшган жамоадир.
Оилада ҳар бир асаларининг ўз вазифаси бор. Жумладан, дунёга янги келганлари қанотлари кучга тўлгунча уяда тозаликка жавобгар. Она ари уруғ қўйиш ва назорат ўрнатиш билан машғул. Қолганлари шарбат ташиб, гул чангини йиғишади. Хоналарни шамоллатиб, мўътадиллаштириш, эшик олдида қўриқчилик қилиш каби қатор вазифалар ҳам ўзаро тақсимланган.
Беозор ҳашаротлар ҳам хавф-хатардан холи эмас. Текинхўр қовоқари асалариларнинг энг катта душманларидан. Қовоқари асаларидан ҳажман беш баробар катта ва у жағи билан рақибининг бошини узиб олиши ҳеч гап эмас. Ниши қурбонини эритиб юбориши мумкин.
Кутилмаган нохушлик. Лашкарбоши болари тўдани хавфдан огоҳ эта бошлайди. Жамоа уялардан чиқиб, хатар ҳақида бир-бирларига хабар беришади. Асаларилар ҳавода бирлашиб, катта тўдани ташкил этади. Душман эса тобора яқинлашиб келаверади.
Аммо асаларилар таҳликага тушмай бараварига уларга ташланишади. Улар қовоқариларнинг қанотларини ҳар томонга тортиб, оёқ ва мўйловларини узиб ташлашга муваффақ бўлишади.
Афсуски, қутилар атрофида тинчлик ва осойишталик узоққа чўзилмайди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қовоқарилар сардори бу сафар юзлаб лашкарни бошлаб келади. Начора, бу гал душманнинг қўли баланд келади. Душманга она ари ҳам бас келолмайди. Шунда бир тўп асалари ғужғон бўлиб, она арини ҳимоя қилишга ўтишади. Унинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилишади. Шу куни қутилар таги бош ва таначаларга тўлиб кетади…
Бундай манзарадан асаларичининг фиғони фалакка чиқади. У тутун ёрдамида текинхўр қовоқариларни ҳайдашга эришади. Қутилар ичи кўздан кечирилганда, омон қолган асаларилар кўп экани маълум бўлади. Бундан барча таскин топади.
Эртаси куни қутилар техника ёрдамида бошқа жойга кўчирилади. Асалариларнинг осойишта яшаши учун шароит таъминланади. Элга, юртга хушбўй ва шифобахш асал етиштириб бериш кўпайганидан-кўпаяверади.
Абдулла САИДОВ
