Директор ишга тикланди

1229

Меҳнат муносабатларида иш берувчининг ташаббуси билан ходимни ноқонуний бўшатиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Аммо иш берувчи, яъни раҳбарнинг ўз ходимлари томонидан тегишли жойларга ёзилган юмалоқ-­ёстиқ шикоятлари туфайли ишдан олиниши камдан-кам учрайдиган ҳодиса.

Бўка туманидаги 6-умумтаълим мактаби директори билан худди шу ҳолат рўй берди.
Гап шундаки, у кўп йиллардан буён ушбу мактабда директор лавозимида ишлаб келаётганди. Лекин қўл остидаги ходимнинг туман прокуратураси ва Халқ таълими бошқармасига ёзган шикоят аризаси сабабли туман ҳокими томонидан Халқ депутатлари кенгаши сессиясида эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
Оқибатда Ш.Шерманова адолат истаб, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Унинг мурожаати мутахассислар томонидан жойида, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганилди.
Ўрганишлар мобайнида Ш.Шерманованинг ноҳақ ишдан бўшатилгани ойдинлашди ва унинг манфаатларини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суд жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнат ҳуқуқ инспектори Наргиза Асадова Ш.Шерманованинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро судининг ҳал қилув қарорига биноан Ш.Шерманова аввалги лавозимига тикланди ҳамда бекор юрган кунлари учун 7 миллион 200 минг сўм ҳамда 1 миллион сўм маънавий зарар ундириш белгиланди.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»