Кўнгилларни бирлаштирган беш кун

1073

Шу йилнинг 25-30 март кунлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ва «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ҳамкорлигида «Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик» мавзусидаги респуб­лика медиафоруми журналистларга ширин дийдор, беҳисоб қувонч ва катта куч бахш этди.

Ҳақиқатан ҳам, Навоий вилоятида 5 кун давом этган медиафорум жуда кўтаринки кайфиятда ўтди. Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган юз нафардан ортиқ журналист ва блогерни бир жойга тўплаш, ўзаро фикр алмашишлари учун имконият яратиш, саёҳатларга олиб чиқиш, уларни янада яқинлаштириш, бирлаштириш осон иш эмас.
Форумнинг барча қатнашчилари худди шундай имконият яратиб бергани учун ташкилотчиларга чуқур миннатдорлик изҳор этдилар.
Тадбир давомида Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ­раиси Олимжон Ўсаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директори ўринбосари Собиржон Шукуров, таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов ва бошқа қатнаш­чиларнинг навбатма-навбат сўз олиши ва Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари учун яратилган имкониятлар, журналистларнинг ўз ишига бўлган масъулияти ҳақида айтган ­фикрлар-мулоҳазалари, ўртага ташланган таклиф ҳамда ташаббуслари оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар томирларига янги қон сингари кириб келди, десак ҳам муболаға бўлмайди.
Айниқса, Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалиётга жорий этилаётган самарали ислоҳотлар, шу жумладан, ўзбек журналистикасининг обрўсини янада ошириш, ижодкор ва қалам аҳли меҳнатларини муносиб баҳолаш мақсадида бошлаган ишлари тўғрисидаги фикрлари даврага ўзгача руҳ бахш этди.
Қуйида медиафорум давомида сўз олган иштирокчилардан баъзи бирларининг дил сўзларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
«Навоий кон-металлургия комбинати»
акциядорлик жамияти директори,
Ўзбекистон Қаҳрамони:

– Аввало, мен мана шу форумда иштирок этаётган барча журналистларга вилоятимизга хуш келибсиз, дейман. Бизнинг комбинатимиз республика оммавий ахборот воситалари ходимлари билан азал-азалдан мус­таҳкам алоқа ўрнатган. Фаолиятимиз газета ва журналларда, телевидениеда, ижтимоий тармоқларда доимий ёритилиб, баҳоланиб борилмоқда. Бунинг учун журналистлардан миннатдормиз, албатта. Шунингдек, «Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик» мавзусидаги республика медиафорумини ўтказиш учун айнан бизнинг вилоятимизни танлагани учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раҳбариятидан хурсандман.
Ижодкорлар иштирокида ўтказиладиган бундай медиафорумларни 3-4 йилда бир марта эмас, бизнинг Навоий вилоятимизда йилига икки марта – баҳор ва куз фаслида ташкил этиш фойдадан холи бўлмайди, менимча. Биз худди шу масала билан боғлиқ барча ташкилий ишларга тайёрмиз. Келинг, кўринг, меҳмонимиз бўлинг. Навоий ва навоийликларни дунёга танитинг.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:

– Мен ушбу медиафорумнинг «Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик» деб номланганидан жуда хурсанд бўлдим. Ўйлайманки, ёш журналист укаларимиз, сингилларимиз ҳам бундан катта сабоқ олди. Бундай медиафорумлар ҳар бир ҳудудда, тез-тез ўтказилиши лозим. Кейингиларига хорижлик ҳамкасбларимизни ҳам таклиф қилсак, соҳада халқаро алоқалар шаклланиб боради. Кези келганда улар ҳам бизнинг журналист ва блогерларимизни ўз юртларига таклиф қилади. Шу баҳона журналистларимиз тил ўрганишга киришадилар. Дунёнинг ҳар бир бурчагида туриб ижод қиладилар. Ўзбекистонимизни ер юзига танитадилар.
Шуни аниқ айта оламанки, Навоийда 5 кун бирга бўлганимиз, самимий суҳбатлар, саёҳатлар, ўзаро тажриба алмашишлар ҳар биримизга 5-10 йиллик ижодий куч-қувват бағишлади…

Саиджон ДОНИШЕВ,
«Жиззах овози» газетаси
бош муҳаррири:

– Медиафорум давомида Навоий вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилганимиз унутилмас воқеа бўлди. Нурота туманидаги «Чашма» зиёратгоҳида жуда кўп нарсаларни ният қилдим. Ушбу зиёратгоҳга келишни анчадан буён дилимга тугиб юрган эдим. Ниятимга етдим.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг оммавий ахборот воситаларининг бугуни ва келажаги ҳақида айтган фикрлари шахсан мени уйғотди, қаттиқроқ ишлашим зарурлигини эслатди. Навоий вилояти ҳокимининг биз журналистлар ҳаётига, ижодига бефарқ эмаслигини ҳис қилдим.

Азиз АБДУВАЛИЕВ,
daryo.uz ижтимоий тармоғи мухбири:

– Тўғрисини айтсам, бўлиб ўтган медиафорум менда жуда катта таассурот қолдирди. Шу пайтгача журналистлар уюшмасининг бор-йўқлиги билинмас эди. Ишласа, қалам аҳлини йиғса, бирлаштирса бўлар экан-ку. Бир неча йиллар давомида кўришмаган қадрдон ҳамкасбларимиз билан дийдорлашдик. Устозларимизнинг сабоқларидан, маслаҳат ва мароқли суҳбатларидан 5 кун давомида баҳраманд бўлдик. Мамлакатимизнинг барча вилоятларида фаолият юритаётган касбдошларимиз билан танишдик, кўплаб дўстлар орттирдик. Энг муҳими, ушбу медиафорум эндигина соҳага кириб келган ёш журналистлар учун улкан тажриба мактаби бўлди, деб ўйлайман. Мен наманганлик ижодкорлар номидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига, Навоий вилояти ҳокимлигига, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти жамоасига самимий миннатдорлик билдираман.

Медиафорум ўзбек журналистикаси учун олдинга ташланган катта қадам бўлди. Ижодкорларни бирлаштирди. Кўрмаганларимизни кўрдик, билмаганларимизни билдик. Тўғриси, «Мурунтов» конига қилинган саёҳат ҳайратларимизни оширди. Ижодкорлар тилла қазиб олишнинг машаққатларини ҳис қилдилар. Конда ишлаётган энг замонавий машиналар ҳамда турли дастгоҳлар инсон ақлу заковатининг маҳсули эканига ишонгинг келмайди киши.
Зарафшон шаҳридаги катта ўзгаришлар, Нурота туманидаги муқаддас қадамжолар, Навоий шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, аминмизки, медиафорум қатнашчиларининг барчасини илҳомлантириб юборгани аниқ.
Журналистика нима? Журналистлар ким? Бу саволлар медиафорум давомида ҳар бир ижодкорнинг кўнглидан минг марталаб ўтгани рост. Баҳслар, мунозаралар, учрашувлар, медиафорумнинг ҳар бир соати давомийлигида уйғонган янги-янги фикр-мулоҳазалар, юз берган янгилик­лар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёга тарқалгани барчага журналистиканинг катта куч, журналистларнинг ахборот олами устунлари эканини яққол кўрсатди.
Медиафорум сўнггида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раҳбари Олимжон Ўсаровнинг уч томонлама меморандум (Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ва Навоий вилояти ҳокимлиги ўртасида) имзолангани тўғрисида айтиб ўтган маълумоти ҳамда «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти томонидан берилган қимматбаҳо совғалар барча қалам аҳлини чексиз қувонтирди.
Медиафорум якунига етди. Аммо унинг таассуротлари, тадбирлар жараёнида олинган илҳом манбаи тўхтагани йўқ…

Нормурод МУСОМОВ,
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбирлари