Судьялар олий кенгаши ҳамда Олий суд мутасаддиларига!
Яқинда Судьялар олий кенгашининг матбуот анжуманида ўтган йили 220 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилгани, шунингдек, 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилгани маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг биринчи чорагида ҳам «элакдан ўтказилган» судьялар оз эмас: 22 нафари ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган бўлса, 46 нафари интизомий жавобгарликка тортилган.
Биламиз, кейинги пайтларда судларда кўрилаётган ишлар сони кундан-кунга кўпайиб боряпти. Ижтимоий тармоқларда судлар устидан шикоят қилаётган фуқаролар ҳам оз эмас.
Ҳар бир дело инсон тақдири билан боғлиқ экан, ўз-ўзидан савол туғилади: интизомий жазо олган ёки ваколати муддатидан олдин тугатилган қонун пешволари томонидан ўқилган қарор ва ҳукмларнинг қанчаси адолатли-ю, қанчаси адолатсиз?
Яна бир савол: Бу интизомсиз қозилар қаердан пайдо бўлди? Уларни бу ўта масъулиятли вазифага ким ва нега тавсия қилган? Кимдир булар учун масъулиятни зиммасига оладими-йўқми?
Ғуломжон Мираҳмедов
