АРХИВ: ТИЗИМДА ҚАНДАЙ ЯНГИЛИКЛАР БОР?

70

Миллий матбуот марказида “Ўзархив” агентлиги “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимининг ишга туширилиши” мавзусида матбуот анжумани ўтказди. Унда “Ўзархив” агентлиги раҳбарияти, “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” ДУК, Ўзбекистон миллий архивлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ҳозирда архив соҳасида бир қатор архив хизматларидан масофадан интернет орқали электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда архивларга ташриф буюрмасдан жойлардаги Давлат хизматлари марказларидан фойдаланиш мумкин. Иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш, Олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш, яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш, мавзули сўровларни ижро этиш хизматлари шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, жорий йилда давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатишнинг ишга туширилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон миллий архивлари ва республика давлат архивлари 200 дан ортиқ махсус сканер ускуналари билан таъминланган. Режага асосан 2022-2025 йиллар давомида қўшимча 200 та махсус сканер ускуналари харид қилиш режалаштирилган.

“Ўзархив” агентлиги ва “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” ДУК билан ҳамкорликда Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, давлат архивларида жорий қилинди.

Натижада, Миллий архив фондига (МАФ) киритилган архив ҳужжатларининг марказлашган сақловини ташкил қилиш, тизимга киритилган архив ҳужжатлардан онлайн равишда фойдаланиш (қидириш, фойдаланиш), фонд, рўйхат,сақлов бирлиги, архив ҳужжат бўйича онлайн қидириш, ноёб ва алоҳида қимматли ҳужжатлар реестрини ташкил қилиш ва бошқа бир қатор ютуқларга эришилди.

Ҳозирда аҳоли фойдаланиши учун махсус қидирув сервиси (doc.archive.uz) ишлаб чиқилиб, “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизими билан интеграция қилинди.

Мазкур қидирув сервис орқали фойдаланувчилар Ўзбекистон миллий архивлари ва республика давлат архивлари сақланаётган ва “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимига киритилган архив ҳужжатлари бўйича керакли маълумотлар топишлари мумкин.

Келгусида мазкур қидурув сервиси орқали архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини харид қилиш имконияти яратилади.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Ўз мухбиримиз