Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманига қарашли 50-умумтаълим мактабида шеърлари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган, нафис шоира – Зулфияхоним таваллудининг 107 йиллигига бағишланган «Вафо ва садоқат куйчиси» деб номланган бадиий кеча бўлиб ўтди.
Кечада Республика Маънавият ва маърифат кенгаши ҳузуридаги “Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигининг маънавий ишлар бўйича бош мутахассиси, шоир Носриддин Ботиров ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмитанинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими вакили Ахматхон Амоновлар иштирок этишди. Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Зумрад Салахова бошчилигида ташкил этилган тадбирда «Қизларжон» тўгараги аъзолари Зулфияхонимнинг шеърларидан намуналар ўқиб, дилрабо куй ва қўшиқларга рақсга тушишди. Шоиранинг барчага ибратли ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилишди.
Меҳмонлар ўқувчиларнинг чиқишларини кўриб, ёшларнинг буюк аждодларимиз ва уларнинг ўчмас меросига бўлган ҳурматини юқори баҳолади. Айниқса, “Қизларжон” тўгараги раҳбари Гулжаҳон Нормуродова ва унинг шогирдлари Саида Жўраева, Мафтуна Обидова ва Диана Ирисбековаларнинг истеъдодига тасанно айтишди.
Тадбирда мазкур ёшларнинг “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига номзодлари берилгани ва туман босқичига йўлланма олганликлари айтиб ўтилди. Байрамона кайфиятда ўтган кеча барчага манзур бўлди.
Зебо НАМОЗОВА,
“ISHONCH”
