2 апрель – Халқаро болалар адабиёти куни
Беихтиёр болаликни ёдга олар эканмиз, албатта қайсидир мутолаа қилганимиз китоб ҳам кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ҳудойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” ёки Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарини болалигида севиб ўқимаган одам кам бўлса керак.
Ҳар йили машҳур ҳикоянавис адиб, 1805 йил 2 апрелда таваллуд топган даниялик машҳур болалар ёзувчиси, “Қор маликаси” китобининг муаллифи Ҳанс Кристиан Андерсеннинг туғилган куни Халқаро болалар китоби куни сифатида дунё бўйлаб нишонланади. Мазкур байрам 1967 йилда Ёшлар китоблари Халқаро Кенгаши (IBBY) ташаббуси ва қарори билан жорий этилган. Кенгаш ушбу кун орқали болаларнинг китоб мутолаасига бўлган эътиборини янги поғонага кўтариш, янги авлоднинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини шакллантиришда болалар асарларининг аҳамиятини ошириш тарғиб қилади.
Ушбу сананинг яна бир эзгу мақсади шуки, болалар адабиёти, китоб санъати ва маданиятини ривожлантириш ҳамда болалар китобхонлиги борасидаги мавжуд муаммоларга дунё ҳамжамияти диққат–эътиборини қаратишдан иборат.
Болалар адабиётининг пайдо бўлиши ва ривожланиши нисбатан яқин ўтмишга эга. XVII асрнинг ўрталарига қадар болаларга эртаклар асосан ота-оналари орқали оғзаки етказилган. XVIII асрда болалар Д.Деоронинг “Робинзон Крузо” ва Ж.Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” сингари машҳур асарлари билан танишадилар, таассуфки, шарқ эртаклари тўпламлари эса бу даврда ҳали у қадар машҳур бўлмаган. XIX асрга келиб ака-ука Гримм ҳамда Ҳанс Андерсенлар болалар учун эртак китобларини ёза бошлаган бўлсалар, Россияда эса XVIII–XIX асрларда болалар учун ёзилган асарлар А.С.Пушкин, С.Аксанов, А.Шишков, А.Погорелский ва бошқалар томонидан тақдим этилган. Кейинчалик аста-секин болалар журналлари ҳам чоп этила бошланган.
Айни дамда болалар адабиёти алоҳида бадиий йўналиш ҳисобланади. Ҳар йили дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган Ёшлар китоблари Халқаро Кенгашининг филиаллари ушбу ажойиб байрамона сана – Халқаро болалар китоби кунини кенг нишонлаш бўйича ҳомийлик қилади. Ҳар йили байрам шиори ҳам эълон қилиниб, мезмон мамлакатнинг машҳур болалар ёзувчилари томонидан бутун дунё болаларига мактуб юборилиб, тадбирга таклиф этилади. Шунингдек, таниқли рассомлар сана муносабати билан кўргазмали плакатлар тайёрлайди. Кейинчалик бу материаллар болалар адабиётини ривожлантириш ва китоб мутолаасини оммалаштириш каби тарғибот ишларида фойдаланилади.
Бир пайтлар мактаб кутубхонасига аъзо бўлиш болаларга алоҳида завқ-шавқ бағишларди. Зеро, ҳозирда ҳам болалар адабиётини янада ривожлантириш ҳамда яхши болалар адабиёти асарлари учун эҳтиёжимиз катта. Ҳудойберди Тўхтабоев ёки Ғафур Ғулом даражасидаги каби болалар адабиёти намуналарини яратадиган ёзувчиларга муҳтожмиз.
Ҳар йили бир маротаба ўтказиладиган болалар китоблари куни фестивалида болалар адиблари ҳамда бу адабий соҳадаги асосий мукофот– Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги Халқаро мукофотга сазовор бўладилар. Андерсен олтин медали “кичик Нобел мукофоти” деб ҳам аталади. Олтин медал болалар китоблари бўйича Халқаро Кенгашнинг навбатдаги Конгрессида номзодларга топширилади. Болалар адабиётида дунё тилларига таржима қилинган асарлар учун ҳам мукофотлар берилади.
Мамлакатимизда ҳам сана муносабати билан турли фестиваллар, энг яхши бадиий асарларга бағишланган кўргазмалар, танловлар, бадиий тадбирлар уюштирилади. Китоб билан улғайган боланинг ақлу тафаккури ўзгача, дунёқараши кенг бўлади. Китоб болага маънавий озуқа бўлиб хизмат қилади. Болалар адабиёти эса фарзандларимизнинг келажакда маънан бой ва баркамол бўлиб улғайишига кўмак беради. Севимли шоирамиз Зулфия Мўминова ёзганларидек:
“..Кескир қилич бўлсин у,
Китобга ўч бўлсин у,
Енгилмас куч бўлсин у,
Болага китоб беринг!…”
Шаҳло Абдураҳмонова,
“ISHONCH”
