Ёхуд оммавий маданият олабўжи эмас
Авваламбор, биз олабўжи қилиб кўрсатилаётган оммавий маданият унчалик ҳам қўрқинчли нарса эмасдир, деган фаразни қабул қилишга уриниб кўрайлик (гап кўпчилик билган «оммавий маданият» ҳақида эмас).
Зеро, оммавий маданият оммавий ахборот воситалари (шу жумладан, интернет, телевидение, радио), адабиёт, театр, кинематография, мусиқа, тасвирий санъат, спорт ва ҳоказоларнинг айнан ўзгинасидир. Оммавий маданиятнинг мазмун-моҳияти эса жамият ҳаётига дахлдор кундалик воқеалар, интилиш ва эҳтиёжлар билан белгиланади.
Шундай экан, юқорида зикр этилган соҳалардан юксак маданият ва маънавиятни талаб этиш ҳам ўринсиз. Чунки ҳар бир асар, оммавий тадбир (кино, теле-шоу, сериал, спектакль, концерт, кўпинча «белнинг пастини кўзлайдиган» «Миллион», «Дизайн» каби жамоаларнинг томошалари… фарқи йўқ) омма эътиборини тортмас, тижорий фойда келтирмас экан, жамият ҳаёти капиталлашаётган, ҳар қандай фаолият мезони пул билан ўлчанаётган бир пайтда муваффақиятсизликка учрайди.
Шу билан бирга, оммавий маданият индустрияси жуда сермаҳсул. Битта сериални томоша қилиб бўлмасингиздан учта-тўртта янги сериал пайдо бўлади. Хит бўлган қўшиққа қулоғингиз ўрганмай туриб, янгилари янграй бошлайди. Телеканаллар рейтинг илинжида ўз дастурларини енгил шоулар, клиплар билан тўлдиради, ортидан «эркаклик қувватини оширадиган», «насл қолдириш имконини берадиган» дори воситалари, аёллар гигиена воситалари рекламасини тиқиштиради…
Хуллас, оммавий маданият жамиятнинг эҳтиёж ва талабидан келиб чиқиб, ўртамиёна истеъмолчига мўлжалланган маҳсулотларини тақдим этиб бораверади.
Аммо оммавий маданият жўн кўрингани билан, жуда мураккаб ва қарама-қарши ҳодисадир. Унинг бошқача номлари ҳам бор – кўнгилочар санъат, антимаданият. Ўтган асрнинг 80-йилларида кўпроқ салбий маънода ишлатилган оммавий маданият бугунги кунда бошқачароқ талқин этилмоқда.
Оммавий маданиятнинг бир қанча ижобий жиҳатлари бор. Aввало, у «халқчил», чунки табақа ва ижтимоий қатлам танламайди – ёши, миллати, бойлиги ёки қашшоқлигидан қатъи назар, барчани бирдек қамрай олади. Бундан ташқари, оммавий маданият руҳий эҳтиёжнинг ўрнини тўлдиради. Зеро, у кўнгилочар характерга эга. Ахир ҳар ким ҳам кино ёки бирон-бир томоша кўриб, китоб ўқиб, руҳий енгиллик олиши, кундалик ташвишларидан чалғиши керак!
Иккинчидан, қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, замонавий оммавий ахборот воситалари туфайли оддий одамлар ҳам юксак бадиий қийматга эга кўплаб санъат асарлари билан танишди. Бу эса одамларнинг ўртача билим даражасини оширишга хизмат қиляпти. Гарчи оммавий маданиятнинг бадиий қиймати камроқ бўлса-да, жуда катта аудиторияга эга эканини инкор этиб бўлмайди.
Қизиғи шундаки, бир хил санъат турлари (фильмлар, мусиқа, тасвирий санъат асарлари) бир вақтнинг ўзида ҳам элита маданиятига, ҳам оммавий маданиятга тегишли бўлиши мумкин.
Учинчидан, оммавий маданият одамларни бирлаштиради. Aйнан унинг шарофати билан биз ўхшаш қизиқишларга эга ҳамфикрларни топамиз, Интернет тармоғида исталган китоб, фильм, сурат ёки воқеани муҳокама қилишимиз мумкин.
Унинг салбий жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, бу турдаги маданият ўз фикрларини радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар, журналлару рекламалардан оладиган «оммавий одам»нишакллантиришдан манфаатдор. Ўртамиёна фикр ва хулқ-атвор намуналарини ўзлаштирган инсон эса, табиийки, берилган ролларнинг оддий ижрочисига, оддий истеъмолчига айланади, қиёфасидан айрилади.
Умуман олганда, оммавий маданиятда сифатсиз контент ва содда шакл устувор – у хоҳ поп-мусиқа, хоҳ кўпчилик қизиқиб томоша қилаётган теле-шоу, оммавий адабиёт ва ҳатто ижтимоий тармоқлар тили бўлсин. Чунки оммавий маданият – эҳтиёж маҳсули. Дам олишни, чалғишни, бўш вақтини нима биландир тўлдиришни истаган оддий одам тафаккурни зўриқтирмайдиган томошага эҳтиёж сезади. Шу боис оммавий маданият намуналарининг аксарияти асрлар давомида яшаб келаётган ва инсониятнинг маънавий камолотига хизмат қилаётган ҳақиқий маданий қадриятлардан узоқ. Оммавий маданият қисқа умр кўради, тезда модага айланади ва унга талаб ҳар доим юқори эканига қарамай, жуда тез эскиради.
У жамиятнинг ижодий салоҳиятини бойитишга ҳисса қўшмайди, оммавий маданият маҳсулининг фикрсиз истеъмолчисига айланиб қолган жамиятни таназзулга етаклайди. Буни ҳозир турли «Омад-шоулар»ни кутиб, ўзи ҳам бир кун келиб ана шундай шоуларда машина ё каттароқ ютуқ ютиш илинжида яшаётган, «Ёр-ёр», «Маҳаллада дув-дув гап» каби кўрсатувларни қизиқиб томоша қилаётган, енгил куй-қўшиқларни севиб эшитаётган миллионлаб ватандошларимиз мисолида ҳам кўриб турибмиз.
Нима бўлганда ҳам, бу жараённи тўхтатиш амримаҳол. Шундай экан, унинг ижобий жиҳатларидан унумли фойдаланиш, салбий жиҳатларининг таъсирини камайтириш энг мақбул йўл бўлар эди. Аммо, афсуски, мамлакатимизда оммавий маданиятнинг шаклланиши, ривожланиши, жамиятга таъсири, аудиторияси бўйича бирон-бир илмий изланиш олиб борилмаяпти.
Оммавий маданиятнинг бир кўриниши бўлган телевизион сериаллар – халқимиз энг кўп муҳокама қиладиган мавзулардан бири. Бошида хорижий сериаллар миллий менталитетимизга, маънавиятимизга тўғри келмайди, деб бонг урдик. Натижада айрим чет эл сериаллари «қайчиланди», баъзилари эфирдан олиб ташланди ҳам. Шундан сўнг миллий сериаллар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, эфирни маҳаллий маҳсулот билан бойитиш талаби қўйилди. Шу билан муаммога ечим топилгандек бўлди гўё…
Ҳозирги кундаги воқелик шу: телеканалларимизда миллий сериаллар сони анча ортди. Аммо энди уларнинг бадиий ва ғоявий мазмуни талаб даражасида эмаслиги кўзга ташланиб қолди. Ижтимоий тармоқларда «Сабрия»га ўхшаш кўплаб сериалларимиз танқид қилинаётгани бежиз эмас.
Тўғри, сериал жанри мамлакатимизда энди-энди оммалашяпти. Телеижодкорлар бу борада ҳали зарур тажриба ва кўникмаларга эга эмас. Аммо композицион қурилиши заиф, савиясиз миллий сериалларнинг эфир юзини кўраётганига ҳам чидаб бўлмайди-да. Авваламбор, мен бу ерда сериаллардаги «миллий менталитетимизга ёт бўлган» эротик саҳналар, хатти-ҳаракатлар, зўравонликларни назарда тутмаяпман. Агар бу каби саҳналар савиясизларча, дидсизларча тиқиштирилмаган бўлса, қаҳрамонларнинг образини очиб беришга, композицияни англашга, ҳар бир асар учун зарур зиддиятни таъминлашга, жамиятимизда қарор топаётган иллатларни чуқурроқ англашга хизмат қилса, эътироз йўқ. Бироқ сериалларнинг қайнона-келин муносабатлари, бой хонадоннинг ўғли камбағал оиланинг қизини яхши кўриб қолишига ўхшаш майда-чуйда мавзулар атрофида ўралашиб қолишига, ҳаётдан анча йироқ сюжетлар асосида қурилишига қаршиман.
Бир нарсани англашимиз керак: зиғирча бадиий қийматга эга ҳар қандай асар зиддиятларсиз, характерлар, дунёқарашлар тўқнашувисиз бўлмайди. Мисол учун, томошабинга ниманидир бера оладиган, уни мудом ҳаяжонда ушлаб турадиган, ўткир сюжетли «Муҳташам юз йил» сериалини олайлик. Унда том маънодаги ижобий ё салбий қаҳрамонлар йўқ. Қаҳрамонлар маълум бир вазиятлар, босимлар остида гоҳ яхши, гоҳ ёмон кўринади. Уларнинг хатти-ҳаракатлари сабабини излашга уринасиз. Хиёнат ва садоқат, яхшилик ва ёмонлик, фисқу фасод ва тўғрисўзлик аро мантиқ қидирасиз. Ўйлаб кўринг, фақат «миллий менталитетимизга хос бўлган» қадриятлар асосида шундай сериал яратиб бўладими?
Аслида, «миллий менталитетимизга ёт бўлган» деган иборани бироз ўйлаб ишлатиш фурсати етмадимикин? Ахборот сайтларида, ижтимоий тармоқларда ҳар куни қотиллик, жанжал-тўпалон, мактаб ўқувчилари ўртасидаги муштлашувлар, ўз танини сотаётган аёллар, ўғрилик ва ҳоказолар ҳақидаги хабарларни ўқиймиз, видеоларни томоша қиламиз. Буларнинг барчаси ўзга сайёрада рўй бермаяпти-ку? Қолаверса, нега шундай ахборот оқимини камайтиришнинг қонуний механизмларини ишлаб чиқмаймиз? Аслида, ОАВ, ижтимоий тармоқлардаги шу каби контент жамиятимизда иллатларнинг урчишига сериаллардан-да кўпроқ замин яратмаяптими?
Жамиятдаги бундай иллатларга сериаллар сабаб эмас. Муаммонинг илдизи анча чуқур. Қадриятлар, дунёқарашлар ўзгаряпти, жамият табақалашяпти, одамлар ҳаёт билан экранда кўраётгани, ўқиб-ўрганаётгани ўртасида катта фарқ борлигини кўряпти, эътиқодлар, тафаккурлар чил-чил синяпти. Афсуски, фаҳш, ваҳшийлик, зўравонлик, қотиллик, ўғриликка оддий ҳаётда ҳам дуч келиняпти, камини Интернет, ижтимоий тармоқлар тўлдиряпти.
Ана шундай бир шароитда телеканаллар монтажхонасида ўтириб, киноасарлардаги бўса олиш саҳнасини «қайчилаб» ўтирганларга ачинасан, киши. Шу билан маънавиятимиз, маданиятимиз юксалиб қолса, қани эди?..
Биз ҳақиқатан маънавияти бутун халқдирмиз, ҳақиқатан ота-боболаримиз дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшгандир. Аммо кўплаб мамлакатларда бўлиб, ўзини маънавиятсиз, қашшоқ деб билган биронта халқни учратмадим. Ҳар бир халқ ўз даҳолари билан ғурурланади, ҳурмат бажо келтиради. Аммо шундай даврлар бўладики, аждодлар қудрати авлодлар уқувсизлигига алмашади, маънавияти, илм-фани инқирозга юз тутади. Мисол учун, дунёга неча ўнлаб даҳоларни етиштирган юнонларни олинг. Ҳозирги куни билан таққосланг.
Маънавият, маданият шунчаки қарор, низом ёки тадбирлар билан ўнгланадиган соҳа эмас. У – одамзоднинг тафаккури, тарбияси, билими, дунёқараши, қадриятлари ҳосиласи!
Одамлар моддий имкониятидан, маблағидан келиб чиқиб кийинади, ейди-ичади. Имкони йўқ одамга нега сен қиммат кийимлар турганда, Хитойнинг «ширпотребини» кияяпсан, нега соғлиққа фойдали гўшт, балиқ, қизил икра, қора икра турганда, ёвғон шўрва қайнатиб ўтирибсан, дея олмаймиз. Бренд либосларни кийиш, яхши овқатланиш учун маблағ кераклигини тушунамиз. Инчунин, нега сен юксак маънавиятли асарлар турганида, бир тийинга қиммат фалон сериални, фалон томошани кўраяпсан, дейиш ҳам кулгили ва мантиқсиздир! Одамларга яхши нарсалардан фойдаланишни ўргатадиган маънавий маблағ эса таълим-тарбия, тўғри мафкура билан бўлади. Афсуски, жамиятни, ёшларни тўғри йўлга бошлайдиган, маданиятини, билимини оширадиган, эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирадиган, шунга рағбатлантирадиган ғояни ҳануз бера олмаяпмиз. Маънавиятсизликни жамиятимиз танасини заҳарлаётган хасталик десак, зиддизаҳар топиш ўрнига жамиятнинг «юрагига» қувват беришдан нарига ўтмаётгандекмиз, гўё.
Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«ISHONCH»
