Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари иштирок этди.
Кун тартибида «Аёллар дафтари» билан ишлаш тизимининг учинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар ҳамда Кооперация усулида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва оммалаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ўтказган видеоселекторда аёллар муаммоларини ўрганиш ва уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида муҳим масалаларни белгилаб берган эдилар. Ва шу куннинг ўзида 2 та муҳим ҳужжат – «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ҳамда «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорга имзо чекдилар.
Ушбу муҳим ҳужжатлар асосида оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида алоҳида давлат бошқаруви органи – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди.
Шунингдек, Президент йиғилишида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 40 дан зиёд янги имтиёз ва имкониятлар яратилиши ва бу ишларни амалга оширишга 15 триллион сўм маблағ йўналтирилиши қайд этилди.
Жорий йилнинг 7 март санасида эълон қилинган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони эса ана шу имтиёз ва имкониятларни умумлаштирган муҳим ҳужжат бўлди.
– Мазкур фармон билан хотин-қизларнинг мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳаларида фаоллигини ошириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур ҳам тасдиқланди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов. – Юртимиз тарихида илк бор қабул қилинган мазкур Миллий дастур ёши, ирқи, эътиқоди, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, мамлакатимиздаги барча опа-сингилларимизни қамраб олиши билан ўта муҳим аҳамиятга моликдир.
«Аёллар дафтари»нинг 1- ва 2-босқичи доирасида 900 мингга яқин хотин-қизга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам берган эдик. Ушбу ишларга 2 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Ўтган йиллларда орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Аёллар дафтари» бўйича Вақтинчалик тартибни такомиллаштирдик ва доимий тусга эга бўлган Низом шаклига келтирдик. Шу билан бирга, «Аёллар дафтари» жамғармаси Низомини ҳам ишлаб чиқдик. Бу жараёнда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, 35 та вазирлик ва идора ҳамда вилоят ҳокимликларидан бевосита 50 нафарга яқин масъул мутахассис иштирок этди. Бундан ташқари, туман ва шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиларидан соҳага доир таклифлар олинди.
Йиғилиш давомида янги Низомга биноан «Аёллар дафтари»га киритилган айрим ўзгартиришлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, эндиликда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича хатлов бир йилда бир маротаба – фақат январь ойида ўтказилади. Низомга киритилган «Индивидуал дастур»да эса «Аёллар дафтари»га киритилган ҳар бир хотин-қизнинг шахсга доир аниқ маълумотлари, унинг бирламчи ва иккиламчи муаммолари, қайси тоифага киритилганлиги ҳақида тўлиқ маълумотлар аниқ ёзиб қўйилади.
«Индивидуал дастур» «Аёллар дафтари»га киритиладиган ҳар бир хотин-қизга кўрсатилади ва унинг розилиги билан тасдиқланади. Шундан сўнг, туман (шаҳар) ҳокимининг оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосари ва тегишли сектор раҳбари томонидан имзоланади.
«Индивидуал дастур» шаклланиб бўлгач, «Аёллар дафтари»га киритиладиган хотин-қизлар рўйхати ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган «Йўл харитаси» лойиҳаси тайёрланади.
Ҳар бир сектор раҳбари «Индивидуал дастур», «Аёллар дафтари» рўйхати ва «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига киритади.
«Индивидуал дастур»нинг яна бир яхши томони шундаки, амалий ёрдамлар ҳаққонийлиги доимий назоратда бўлади. Яъни, «Аёллар дафтари»га киритилган ҳар бир хотин-қизга берилган ёрдам унинг «Индивидуал дастур»ида қайд этилади ва ижро учун масъуллар томонидан тасдиқланади.
Йил сўнггида маҳалладаги хотин-қизлар фаоли эҳтиёжманд хотин-қизга унинг «Индивидуал дастур»ини кўрсатади ва у ҳақиқатан ҳам шу ёрдамларни олганлигини тасдиқлагач, у «Аёллар дафтари»дан чиқарилиши мумкин.
Шунингдек, янги тартибга кўра, иш берувчилар «Аёллар дафтари»да турган ишсиз хотин-қизларни ишга қабул қилиб, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича курсларга жалб қилса, иш берувчиларга ҳар бир ўқитган ходими учун 6 ой давомида ойига 1 миллион 80 минг сўмдан тўлаб берилади.
Агар тадбиркорлар иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирса ва «дафтар»га киритилган ногирон хотин-қизларни ишга қабул қилса, ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун 10 миллион 800 минг сўмдан субсидия ажратилади. Бу харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади.
Зарур ҳолларда, сектор раҳбарининг хулосаси билан «Аёллар дафтари» ёки «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан 540 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
2-тоифа – тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар тадбиркорлик бўйича ўқитилади, кейин 14 фоизлик ставкада уларга 33 миллион сўмгача ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан кредитлар берилади.
3-тоифа – боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда 4-тоифа – ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг барчасига «Аёллар дафтари» ёки «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан 1 миллион 80 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.
Уй-жойи таъмирга муҳтож хотин-қизларга сектор раҳбари хулосаси асосида хонадони таъмирлаб берилади. Ҳар бир уй-жойни таъмирлашга «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан 8 миллион 100 минг сўмгача маблағ ажратилади.
5-тоифа – уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга қуйидаги ёрдам турларидан бири кўрсатилади:
– 5 йил муддатгача ижтимоий уйларга жойлаштирилади (ижтимоий уй-жой – бу уй-жойга муҳтож хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан сотиб олинган уй-жой фонди ҳисобланади).
6-тоифа – қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларнинг барчасига «Аёллар дафтари» ёки «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан 1 миллион 80 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.
Бундан ташқари, фарзанди ногирон бўлган аёллар уйидан узоққа кета олмаслигини назарда тутган ҳолда томорқасида иссиқхона қурмоқчи, парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўймоқчи, деҳқончилик билан шуғулланмоқчи, «Томорқа хизмати» ташкилотлари ва «Дала дўконлари»ни ташкил этмоқчи бўлса, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали ҳоким ёрдамчиси тавсиясига асосан имтиёзли кредитлар берилади.
Видеоселектор давомида кун тартибидаги иккинчи масала – кооперация усулидаги тадбиркорлик фаолиятини оммалаштириш доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Таъкидландики, айни пайтда ушбу йўналишда 73 та йўналишда жами 915 та бизнес лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 45 мингдан зиёд киши доимий иш билан таъминланади, 236 минг нафар аҳоли эса кооперацияга жалб этиш орқали ўз хонадонида бандлиги таъминланади. Бандлиги таъминланадиган аҳолининг 160 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Йиғилишда бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Сирожиддин Эшматов ва бошқалар кўтарилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунингдек, йиғилишда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Олимжон Салиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова «Аёллар дафтари»нинг учинчи босқичида амалга оширилажак ишларни эътироф этиб, барча мутасаддиларни фаолликка чорлади.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
