Сoғинсам отажонимни излайин қаерлардан…

2054

Отажон, бугун яна қабрингиз бошига келдим. Чунки дардларга кўмилиб кетдим. Уларни бегона тугул, ҳатто онажонимга ҳам айтолмайман. Болалигимда «кел, қизим, ўзим дардингни олай…» дердингиз.

Отажон, мен энди анча улғайдим. Ўзим ҳам онаман. Ўғлимнинг бўй-бастини кўриб, сизни кўргандек бўламан. У қуйиб-қўйгандек сизга ўхшайди. Эҳтимол, сизни шунчалар яхши кўрганим учун ўғлимни ўхшатарман. Янаям билмадим…
Ҳар баҳор қабрингиз устида чўғдек лолақизғалдоқлар очилади. Бир пайтлар далага борганимизда эринмасдан менга лолақизғалдоқлар, сап-сариқ бўлиб очилиб ётган қоқиўтлар териб берар, соччамбар тўқиб, бошимга тақиб қўяр эдингиз.
Отажон, сизсиз яшаш қанчалик азоб эканини улғайганим сари билиб боравердим. Болалигимда айрим қизлар мени «сағирсан» дея ўйинга қўшмаганида ўксиб йиғлаганман. Мактабга чиққанимда ҳам айрим ўқитувчилар ўқувчиларни ота-онасининг иш жойига, мансабига, лавозимига қараб баҳо қўйишганида қаттиқ ўксингандим. Тезроқ катта бўлишни орзу қилардим. Гўёки катта бўлсам, бундай кўнгил оғриқлари бўлмайдигандек.
Афсуски, янглишибман. Отасизлик мени яна таъқиб қилаверди. Кўпчилик паст назар билан қаради. Шундай пайтларда сиздек суянчиғимдан айрилиб қолганимга чидай олмайман. Дод, деб юборгим келади…
Отажон, сизни соғиндим. «Менинг онашим қани?» дея ҳовлимизга кириб келишингизни, мени кўтариб олиб, эркалатишларингизни жудаям соғиндим.
Атрофга назар солсам, отаси борлар бой экан, отаси йўқлар эса…
Ҳар гал ҳофизларнинг ота ҳақидаги қўшиқларини эшитсам, қалбим ларзага келади. Кўз ёшларимни тия олмайман.
Отажон, сизни соғиндим. Айниқса, мусофир шаҳарнинг бағритош одамларини кўрганимда, етимлар ҳақига хиёнат қилишганида сиз кўз олдимга келасиз.
Эҳ, отажон! Ахир машина олиб, мени «катайса» қилдираман дегандингиз-ку. Ҳатто ёзувчи бўлишимни, ёзган китобларим қишлоқда талаш бўлиб кетишини айтиб, мени қувонтирар эдингиз-ку!
Туш кўраман. Тушимда менга ҳечам яқин келмайсиз. Саволларимга ҳам жавоб бермайсиз, жилмайиб тураверасиз. Нега?..
Отажон, мен сиз айтгандек журналист ҳам бўлдим. Акаларим, опаларим ва синглим ҳам ўқиб, маълум касб эгалари бўлишди. Укам эса… сизнинг ёнингизга кетди.
Баҳор келди. Ҳаммаёқ яшилликка бурканди. Сиз экиб кетган ўриклар оппоқ бўлиб гуллади. Сиз яратган боғга салом бераман. Улар билан шивирлашаман. Шунда сизнинг ҳам нафасингизни ҳис қилгандек бўламан.
Отажон, сизни соғиндим…

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист