Тиббий кўрик нега керак?

4204

Гапнинг очиғини айтганда, ҳозирги мураккаб экологик вазият ҳамда техника тараққиёти асрида бир ёки иккита хасталиги бўлмаган одамнинг ўзи топилмаса керак?
Шу сабаб мутахассислар ҳар олти ойда, тартиб бўйи­­ча эса бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтиб туришни маслаҳат беришган.

Аммо қизиқ жиҳати шуки, аксарият инсонлар саломатлиги ёмонлашиб, жиддий тус олгандагина шифокорга мурожаат қилишади.
Энди мулоҳаза қилиб кўрайлик: бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтишимизга қанча вақт сарфланади?
Оилавий поликлиникалардаги навбатларни ҳисобга олсак, кўпи билан 3-4 соат. Вақтни тўғри тақсимласак, ҳар куни 2 та шифокор кўригидан ўтсак ҳам, бир ҳафтада саломатлигимиз қай даражада экани ҳақидаги маълумотлар қўлимизга тегади.
Тиббий кўрикнинг аҳамияти беқиёс бўлиб, у марказий кўптармоқли поликлиникалар, оилавий поликлиникалар, қиш­лоқ оилавий поликлиникалари ва диспансерларида амалга оширилади. Бундай кўрик­лар орқали биринчи галда мавжуд касалликлар вақтида аниқланади. Энг муҳими, хасталикнинг сурункали ҳолатига ўтиб кетишининг олди олинади. Муҳими, уларнинг 80 фоизини даволаш ниҳоятда осон кечади. Инсон умри узаяди, соғлом авлод дунёга келади.
Тиббиёт фанлари номзоди, доцент Улуғбек Муродовнинг айтишича, тиббий кўрикнинг муддати ва аҳамияти ҳақида барча ҳам бирдек маълумотга эга эмас. Бу эса тиббий маданиятнинг етарли даражада эмаслигидан дарак беради. Пойтахтимиздаги битта туман аҳолисини 100 фоиз деб ҳисобласак, шундан ўз хоҳишига кўра бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтадиганларнинг сони 20 фоиз атрофида холос.
Аҳоли орасида тиббий кўрикка бўлган эътибор ва тиббий маданиятни ошириш эса кўпроқ инсоннинг ички тарбияси ҳамда ўз саломатлигига бўлган эътиборидан бошланади.
Ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган ва уни мустаҳкамлаган инсон соғлом турмуш тарзига монанд – мос ҳаёт кечиради ва бедаво хасталиклардан ўзини ҳимоя қила олади.

Келинг, шу ўринда барчамиз ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: охирги марта қачон тиббий кўрикка боргандик?

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»