Сумканг бунча оғир, болажон?

72

Қизининг сумкасини кўтариб кўрган Наргиза ҳайрон бўлиб сўради: «Тош солиб олганмисан ичига?».
– «Йўқ, бугунги дарсликларим» – деди Севинч кўзларини пирпиратиб.

Ростдан ҳам сумкада атиги тўрт дона китоб, дафтар ва бошқа ўқув қуроллари бор экан. Наргиза синчалакдек қизига харсангдай юкни кўтартиришга кўзи қиймай сумкани ўзи елкасига осганча мактабга жўнади.
Қизиқ, хорижлик ўқувчилар дарслик­ларнинг барини ихчам ноутбукларга жойлаб олишган. Биз эса бугун оғир китоб­ларни кўтариб, мактаб­га кетаётган болаларимизни жимгина кузатамиз. Аслида бошланғич синф ўқувчиларининг китоб­лари нега бунчалик оғир?
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июндаги қарори билан тасдиқланган Таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия маҳсулотлари ҳақидаги умумий техник регламентида нашр вазни 1-4-синфлар учун 300 гр., 5-6-синфлар учун 400 гр., 7-9-синфлар учун 500 гр.дан ошмаслиги керак, деб кўрсатиб ўтилган. Оғирлиги 600 граммдан ортиқ китоблар эса фақат кутубхонада фойдаланиш учун мўлжаллангани белгиланган.
– Яқинда ўзим учун текшириб кўрдим, 2-синфда ўқийдиган қизимнинг вазни 28 килограмм, сумкасининг умумий оғирлиги эса 4,5 кило экан, – дейди Моҳигул Абдуллаева. – Бола вазнига қараб сумканинг оғирлигини белгилаш лозимлиги ҳақидаги шифокорлар тавсиясидан хабарим бор. Боламнинг танаси меъёрида ривожланишига бу оғир юкнинг салбий таъсир қилишидан хавотирдаман.
– Боланинг оғир сумка кўтариб юриши чарчоқ, ҳолсизланишга сабаб бўлади ва юрак тизимининг нормал фао­лиятига салбий таъсир кўрсатади, – дейди Бухоро вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт маркази ортопед врачи Зокир Куйиков. – Бола вазнига номутаносиб оғирлик сколиоз касаллигининг енгил шакли, қоматнинг нотўғри ривожланишига сабаб бўлади. Умуртқа поғонаси, бел ва кўкрак соҳаларида оғриқ, елка ва куракнинг қийшайи­шига, умуман, иккиламчи умуртқа поғонаси касалликларига олиб келади. Мен шифокор сифатида мактабларда бошланғич синфлар учун махсус китоб жавонлари ташкил этилиши ва ўқув қуролларининг аксариятини мана шу жавонларда сақланиши тарафдориман.
Умид қиламизки, бу масалани Халқ таълими вазирлиги ҳамда ноширлар эътиборсиз қолдиришмайди.

Дилдора ИБРОҲИМОВА,
«ISHONCH»