Кунжут етиштиришни биласизми?

292

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси” кафедраси ассистенти Офтобойим Қурбонова сўнгги пайтларда хайрли бир ишга қўл урди. Аниқроғи, мустақил изланувчи сифатида мамлакатимизда озиқ-овқат дастури бажарилишига баҳоли қудрат ҳисса қўшишга аҳд қилди. Шунга кўра, “Қашқадарё вилоятида кунжутдан мўл ҳосил етиштириш агротехнологиясини яратиш” мавзусида илмий изланишлар олиб бориб, Ўзбекистоннинг жанубий минтақасида “Тошкент 122” навини баҳорги ҳамда ёзги даврда экиш меъёрлари ва суғориш тартибини ўрганди. Тажриба участкаларида кунжут кўчатларининг қалинлиги, уларга бериладиган ўғитлар ва суғориш меъёрлари каби мезонлар устида тадқиқотлар ўтказди.  

Табиийки, Офтобойимнинг изланишлари эътироф этилди. Яқинда унга, Президентимиз Фармонига биноан, Зулфия номидаги давлат мукофоти берилди. Келинг, энди ёш олима эришган ютуқлар ва унинг кунжут етиштиришга оид тавсиялари билан батафсилроқ танишайлик.

 

Кунжут – Ўзбекистонда қадимдан экиладиган асосий экинлардан бири. У уруғи таркибидаги ёғ миқдори бўйича мойли экинлар орасида биринчи ўринни эгаллайди. Совуқ пресслаш (жувозда) йўли билан олинган кунжут мойи хуштаъмлиги бўйича зайтунникига тенглашади.

Бу ўсимлик уруғидан қандолатчилик саноатида конфетлар, шарқ ширинликлари, турли-туман ҳолвалар, шунингдек, консерва ва нон маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланилади. Бундан ташқари, у тиббиётда ҳам кенг қўлланилади. Иссиқ пресслаш йўли билан олинган мойи эса техник мақсадларда ишлатилади. Қолаверса, уни куйдириб, қурумидан аъло сифатли туш олинади.

Кунжут – иссиқсевар ўсимлик. Уруғлари 15-16 даража иссиқда уна бошлайди. Майсалари қийғос ўсиб чиқиши учун 18-20 даража ҳарорат талаб қилинади. Совуққа чидамсиз, майсалари 0,5-1 даража совуқда нобуд бўлади. Ўсиш даврининг бошланишида ҳарорат паст бўлса, секин ривожланади, сарғаяди ва нимжонлашади. Шу боис кунжутни экиш учун энг қулай муддатларни танлаш керак. Бу қоидага риоя  қилинмаса, 2 даража совуқда гуллари сўлади, 3 даража совуқда вояга етган поялари ҳам нобуд бўлади. Ўсиш даврининг дастлабки босқичида у секин ривожланади, гуллашга 10-12 кун қолганда ўсиши жадаллашади. Гуллаш даври тез ўтади.

Шимолда кунжутнинг ўсиш даври анча вақтга чўзилиб, кўпинча пишмай қолади. У қурғоқчиликка чидамли, аммо намгарчилик ортиши билан ҳосилдорлиги ҳам кўтарилади. Ўзбекистонда асосан “Тошкент – 122” нави етиштирилади.

Кунжут бир бор экилган ерга 6-7 йилдан кейин қайта экилиши керак. Акс ҳолда, касаллик ва зараркунандалар билан кўп шикастланади. Энг яхшиси, узумзорларни, шўрланмаган ва бегона ўтлардан тозаланган ерларни ажратиб, чуқур ҳайдаш керак. Ундан олдин ҳар гектар майдон 10-15 тонна гўнг, 40-50 килограмм фосфор билан озиқлантириб, чимқирқар плуг билан 25-27 сантиметр чуқурликда юмшатилиши лозим.

Ерлар шўрланган бўлса, баҳорда экишдан олдин ювилади. Экишга қадар  1-2 марта культиватор ва сихмола ёрдамида юмшатилади. Бегона ўтлар билан кам зарарланган ерларни апрель ойи бошида 8-10 сантиметр чуқурликда бир марта юмшатиш кифоя.

Кунжутни тупроқ ҳарорати 15-16 даража илиқ бўлганда, яъни май ойининг биринчи ўн кунлигида, анғизга эса 10-15 июнда кенг қаторлаб, орасини 60-70 сантиметр, чуқурлигини 3-5 сантиметр қилиб экиш мақсадга мувофиқдир. Бир гектар ерга 1,5-2 миллион дона ёки 5-6 килограмм уруғ сарфланади. Шу билан бир қаторда, эгатлар олинади ва қондириб суғорилади. Уруғлар 5-6 кунда униб чиқади. Вегетация даври 80-120 кун ҳисобланади.

Кунжут ўсиш даврида 2-3 бор культивация қилиниб, 2-4 марта суғорилади. Сизот сувлари яқин майдонларга экилганини 1-2 марта суғориш етарли бўлади. Гуллагунча ҳар гектар ер 40-50 килограмм азот ва 20 килограмм калий билан, гуллагандан кейин яна 30 килограммдан азотли, 20 килограммдан фосфорли ўғит билан озиқлантирилган ҳолда суғорилади. Суғориш сифатли бўлиши ва сувни тежаш учун ўқариқлар орасидаги масофага, эгатларнинг узунлиги ва улардаги сувнинг сарфига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Даланинг бир текис намланиши эса ҳосилдорлик юқори бўлишини таъминлайди.

Тунги суғориш сувни 10 фоиз тежаш имконини беради ҳамда ўсимлик ривожланиши учун мўътадил микроиқлим яратади. Айниқса, шарбат усули қўлланилганда, чириган гўнг кунжутга озуқа бўлиш билан бирга, мульча вазифасини ўтайди, сувнинг буғланишини камайтириб, тупроққа сингишини яхшилайди ва ҳосилдорликни оширади.

Ҳар бир суғоришнинг давомийлиги тупроқнинг механик таркиби, майдоннинг нишаблиги ва суғориш меъёрига қараб 8-12 соатни ташкил этади. Ер нишаблиги катта бўлган айрим жойларда эгатларга сув жуда оз миқдорда таралиб, суғоришнинг давомийлиги 24 соатдан ошмаслиги керак.

Культивацияни ўз вақтида ўтказиш эса сув буғланишини камайтириб, тупроқ намини сақлаб қолиш имконини яратади. Ернинг юмшатилган қатламига тупроқни майда ва донадор қилиб ишлов бериш суғоришлар орасидаги муддатни 4-5 кунга узайтиради, кунжутнинг ривожланишига, ҳосил тўплаши ва ҳосили тез пишишига ёрдам беради. Шунинг учун культивацияни ўз вақтида ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Кунжутни гуллаш ва ҳосил тўплаш даври сувга талабчан муддат саналади. Бу даврда унинг чанқаб қолиши ривожланишини кечиктиради. Барглари сўлиб, қорамтир тус олади, асосий поясининг ўсиш нуқтасида гулнинг тез пайдо бўлиши (тепага чиқиши) ҳамда ҳосил элементлари тўкилиб кетиши кузатилади. Бундай пайтда уни ҳаддан зиёд кўп суғориш ҳам мумкин эмас. Акс ҳолда, кунжут жадал суръатда бўйига ўсади, сербарг бўлиб, ғовлаб кетади, ҳосил тугунчалари пайдо бўлиши камаяди ҳамда донининг ҳосилдорлиги гектарига 3-5 центнергача ва ундан ҳам кўпроқ миқдорга пасаяди.

Пишиш даврида кунжутнинг ўсиши  секинлашади. Бу пайтда суғоришни юқори меъёрда ўтказиш тавсия этилмайди. Чунки тупроқ совиб, қатор ораларидаги ҳаво намлиги ошади ва кунжут тупларининг иккиламчи ўсиши, поялари ётиб қолиши кузатилади, донлари очилиши кечикади ва сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Биринчи ишлов бериш жараёнида культиватор ўсимлик атрофидаги бегона ўтлар устини тупроқ билан ёпиб кетиб, уларнинг сонини кескин камайтиради. Ажриқ, қамиш ва бошқа кўпйиллик ўтлар тарқалган кунжут майдонларида эса тупроқни майин чопиқ қилиш айни муддаодир. Кўпйиллик бегона ўт босган қатор ораларига сувдан кейин мавжуд гербицидлар билан ишлов бериш тавсия этилади.

Офтобойим Қурбонова олиб борган тадқиқотлар баҳорги муддатда 2 миллион дона уруғ экиш ва суғориш арафасида тупроқ намлиги чекланган даланинг нам сиғимига нисбатан 65-65-60 фоиз бўлганда гектарига 1350 куб метр, ёзги муддатда 2,5 миллион дона уруғ экиш ва суғориш олди тупроқ намлиги 70-75-65 фоиз бўлганда 1465 куб метр сув сарфлаш мақбул меъёр ҳисобланишини кўрсатди. Шу боис ушбу вариантлар амалиётда қўллаш учун тавсия этилди. Бунда баҳор чоғи экилган кунжутдан гектарига 12 центнердан, ёзда такрорий экин сифатида сепилган уруғлардан эса 6 ярим центнердан ҳосил олиш мумкинлиги ўз исботини топди. Ўз навбатида, кунжутни ғўза билан бирга қўшалоқ экин сифатида экиб мўл ҳосил олиш ҳам мумкинлиги тасдиқланди.

Акмал АБДИЕВ тайёрлади.