Халқаро  фестивал ўтказилади

73

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академиясининг Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида анъанавий тус олган халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивалини ташкиллаштириш ҳамда уни ўтказиш чора-тадбирларига бағишланган анжумани  бўлиб  ўтди.

Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги 60-сонли фармони билан  тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш вазифалари бажарилишини таъминлаш мақсадида 18-22 апрель кунлари Бадиий академия ҳамда қатор вазирлик ва идоралар, ташкилотлар, ижодий уюшмалар ҳамкорлигида республика миқёсида халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади. Бунда асосий эътибор миллий анъаналарни асраб-авайлашга, янги истеъдодларни юзага чиқаришга, ижодий мулоқотларни, устоз – шогирд анъаналари бардавомлигини таъминлашга, жаҳон аҳлини ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқлари билан таништиришга, замонавий тасвирий ва амалий санъатда рўй бераётган  жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган.

Санъат ихлосмандлари беш кун давомида юртимизнинг турли гўшаларидан ҳамда бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган санъат усталарининг беназир ижодий намуналаридан баҳра олиб, ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўлишади. Жумладан, Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида  иштирокчиларнинг сараланган асарлари асосида кўргазмалар, ёш ижодкорлар ўртасида турли ижодий танловлар, таниқли хорижлик ва маҳаллий ижодкорлар ҳамда санъат усталарининг маҳорат дарслари, бадиий дастур намойишлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар, илмий конференциялар, Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларида таҳсил кўраётган ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари намойиши  ташкил этилади.

Фестивалда тасвирий ва амалий санъат соҳасида таълим олаётган ҳамда ижод қилаётган ҳамюртларимизнинг 30 ёшгача бўлган қатлами, хорижий ижодкорлар ва ижодий гуруҳлар рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, амалий санъат, дизайн, бадиий фотография, санъатшунослик, музейшунослик йўналишлари бўйича қатнашишлари кўзда тутилган. Лойиҳалар доирасида жами 10 минг нафардан зиёд олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар, умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ўқувчи-талабалари ва маҳалла ёшлари қамраб олиниши белгиланган.

Мамлакатимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш орқали уларни жисмонан соғлом ва маънан етук қилиб тарбиялаш учун тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг  “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини яратиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича ҳамкорлик дастури тўғрисида” қўшма қарори қабул қилинди. Шунга кўра, бу йилги халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг лойиҳа ва тадбирлари “маҳаллабай”, барча қатламдаги ёшлар иштирокида “маҳалла – ҳудуд – республика” вертикал тизими асосида ўтказилади.

Санъат мухлисларига завқ, ижодкорларга эса илҳом улашувчи ушбу санъат ҳафталигида мамлакатимиздаги 11 та хорижий дипломатик ваколатхонадан, Тожикистон, Польша, Россия ҳамда Корея Республикасидан 24 нафар ижодкор ва меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда.

 Қаҳрамон ҚЎЛДОШЕВ