Яқинда пойтахтдаги «Абу Сахий» кийим бозорига боргандим. Автобусда йўл-йўлакай атрофни кузатдим. Кўчалар турли русумдаги машиналар билан тирбанд. Шундай бир вазиятда автобуслар ва йўналишли таксилар бекатлар яқинида улар юриши, шунингдек, айрим транспорт воситаларини вақтинча қўйиш учун мўлжалланган ва катта йўлдан темир панжаралар билан ажратилган алоҳида йўлакка, соддароқ қилиб айтганда, «чўнтак йўл»га ўтмай, тўғри ҳаракатланишда давом этаётганди.
«Бек барака» бозори олдига келганимизда, улардан айримлари йўлнинг асосий қатнов қисмида тўхтаб, йўловчиларни тушириб-чиқараётганига кўзим тушди. Ўртага ўрнатилган темир панжараларнинг маълум қисми кесиб олиб кетилган экан. Турли ёшдаги йўловчилар худди ўша жойдан тиқилиб-туртиниб ўта бошладилар. Бу пайтда нариги тарафдан ҳам машиналар тинимсиз қатнаётгани боис қаттиқ хавотирга тушдим. Айниқса, ёнида тўрт нафар ёш фарзанди бор бир аёлни кўрганимда, ҳадигим баттар кучайиб, кўзимни чирт юмиб олдим.
Ахир, ўзингиз холисона айтинг, бундай қалтис вазиятда ҳамда йўловчилар жамоат транспортига тушиб-чиқиши ёки ўтиши мумкин бўлмаган, икки томонидан ҳам автомобиллар ғиз-ғиз ўтиб турган жойда унинг бир ўзи болаларини қандай назорат қила олади?..
Умуман олганда, бир неча марта бундай ҳолатларнинг гувоҳи бўлганман. Шуниси ажабланарлики, панжараларнинг кесиб ташланган қисми бугун қайта тикланса, эртаси куни сал наридагиси кесилиб, янги «туйнук» очилмоқда. Жамоат транспорти ҳайдовчилари эса бундан хурсанд бўлишмоқда. Мен уларнинг баъзиларидан «Автоуловлар серқатнов «кармашка»га кирсам, анча вақт қолиб кетаман», деган гапни эшитиб, шундай хулосага келдим.
Борингки, бу муаммо ҳайдовчиларга ростданам ноқулайлик туғдираётган бўлса, йўловчиларда нима айб? Уларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдирадиган бундай ташвишли ҳолатлар токайгача давом этади? Уларга барҳам бериш қийинми? Мабодо масаланинг ечими бекатда тўхташга эринаётган ҳайдовчиларга боғлиқ бўлса, давлат автомобиль назорати ходимлари нега уларга нисбатан қатъий чора кўришмаяпти?
Раъно МАҲКАМОВА,
«ISHONCH»
