Ёзги мавсумга тайёргарлик ишлари билан танишиш мақсадида Тахиатош тумани халқ таълими бўлимига қарашли «Айдин жол» оромгоҳида бўлдик.
Сиртдан қараганда, ўзига хос меъморий услубда барпо этилган бу оромгоҳ манзарасидан дилингиз яйрайди. Аммо дарвозадан ичкарига киришингиз билан кайфиятингиз буткул ўзгаради. Абгор йўлаклардан борар экансиз, павильон, ошхона, ётоқхоналар, тиббий пункт, сузиш ҳавзалари ва йўлаклар таъмирталаб ҳолатдалигига гувоҳ бўласиз. Жиҳозлар ўта эскирган. Кўрпа-тўшаклар санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. турли тадбирлар уюштириладиган маданият саройининг аҳволини кўриб, яқин 10 йил ичида бу ерда болалар дам олганига ишонгимиз келмади, рости.
Оромгоҳ марказида жойлашган учи осмонга қараб турган эсдаликда бир парча тунуканинг осилиб тургани эътиборимизни тортади. Баъзан эсган шамолда тунука қийқиллаган овоз чиқариб, худди узилиб тушадигандек хавотир уйғотади.
– Буни олиб ташласангиз бўлмайдими? – деймиз хавотир билан. – Эртага бирон кўнгилсизлик келтирмасин, яна…
– Э-ээ, – бепарво қўл силтайди оромгоҳ раҳбари, – ҳеч нима қилмайди. Неча йилдан бери шундай турибди. Тушиб кетмайди. Уни олиб ташлаш учун кран машина керак…
Лоқайдлик билан қайтарилган бу жавобдан яна-да ҳайратимиз ошади.
Мавсумга 2 ойдан камроқ вақт қоляпти, аммо оромгоҳнинг аҳволини кўрган киши, бу вақтгача унинг талабга жавоб берадиган даражада шай бўлишига ишонмайди.
– Ҳозирда оромгоҳ ҳудудида ободонлаштириш ишларини бошладик. Тўғриси, таъмирлаш бўйича ишларимиз қониқарсиз, – дейди оромгоҳ раҳбари Бекмурод Жуманазаров. – Халқ таълими бўлимига мурожаат қилганмиз, аммо натижа йўқ.
Оромгоҳ раҳбарининг фикрига ойдинлик киритиш учун халқ таълими бўлими бошлиғи билан боғланишга уриндик, аммо боғланиб бўлмади.
Демак, бундай муносабат билан оромгоҳни мавсумга тайёрлаш даргумон. Яна ким билсин?..
Оромгоҳнинг ҳозирги аҳволига ишчи гуруҳ аъзоларидан бири шундай баҳо берди: «Боламни бепул дам олдирамиз дейишса ҳам бу оромгоҳга бермасдим».
Ҳа, афсуски, ўрганишлардан кейинги хулоса ҳозирча шундай…
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»
