Шу кунларда метро ва автобусларда Humo карталари билан йўлкира тўловини амалга оширишда муаммо юзага келаётганидан кўпчилик норози.
Ҳақиқатан ҳам, эрталаб ва кечқурун тиғиз пайтларда метро бекатларидаги касса олдида турнақатор навбатлар юзага келяпти. Навбатдагиларнинг кўпчилиги ёшлар, талабалар.
Хўш, нима учун улар замонавий тўлов карталаридан фойдаланиш ўрнига чипта сотиб олишни «маъқул» кўришмоқда?
Ижтимоий тармоқларда бир фойдаланувчи буни қуйидагича изоҳлайди:
«Метрога тушишда Humo картаси орқали тўлов ўтмади. Бекат ходимаси «Картангиз блокланган, бориб чипта олинг», деди. Навбатда туриб, кассадан чипта олишга мажбур бўлдим. Метродан чиқибоқ, банкдан аниқлаштирдим, карта банк тарафидан блокировка қилинмаган экан. Humo тизимида ҳам муаммо йўқ – бошқа терминалларда тўлов ва ўтказмалар амалга ошмоқда.
Туш вақтида яна метрога тушишда шу муаммо такрорланди. Навбатда турганларнинг айтишича, йўловчиларни АТТО карталарини сотиб олишга мажбурлаш учун шундай қилинмоқда. Поезд кутиб турган талабалардан бирининг ёзғиришича, унинг картаси бир неча бор блоклангач, охири АТТО картасини сотиб олишга мажбур бўлган.
Бу гапни жуда кўпчилик тасдиқламоқда. Уларнинг таъкидлашича, мазкур усул кундан-кунга авж олмоқда экан. Метрода синалган усул энди автобусларга ҳам кўчибди (дарвоқе, ўтган ҳафта 13-автобусдан фойдаланганимда ҳам «humo картангиз блокланган», дея баҳона қилишганди).
Вазиятга аниқлик киритиш ва жамоат транспортида блокланган картани блокдан ечиш учун АТТО тизимининг 78-140-08-08 рақамига қўнғироқ қилдим. Афсуски, оператор Humo карталарини блоклаш нима учун юз бераётганига аниқ-тиниқ изоҳ бера олмади ва блокдан ечиш учун компания сайти орқали сўров юбориш лозимлигини айтди.
Компания сайтига (https://atto.uz/ru) кириб, Humo картамни блокдан чиқардим. Энг қизиғи, картани блокдан ечишим билан йўл ҳақи учун тўлов яна бир марта ушлаб қолинди. Назаримда, муаммолар сунъий ва атайин яратилган…
Аҳолининг куйинганича бор – амалдорларимиз жамоат транспортида юрмайди ва бу муаммолардан хабари ҳам бўлмаса керак. Аммо аҳоли энди нақдсиз тўловларга кўникаётган бир пайтда йўқ жойдан сунъий муаммо яратилаётгани, яна ҳам аниқроқ айтганда, йўловчилар учун ҳеч қандай танлов қолдирмасдан АТТОга ўтишга ундалаётганини қандай тушуниш мумкин?
Хўш, Транспорт вазирлиги мутасаддилари мазкур вазиятни қандай изоҳлашади?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
