Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 743-сонли қарори билан тасдиқланган Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, иш ҳақига Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида 30 фоиз, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарларида эса 60 фоиз устамалар берилиши белгиланган.
Табиийки, иқлим шароити оғир ва ноқулай жой деганда кўз олдимизга Мўйноқ келади.
Хўш, шундай экан, нима учун экологик эпимарказда жойлашган ҳудудда ишловчи ходимлар меҳнатига яраша ҳақ олмайди? Уларга зарафшонлик, учқудуқликлардан икки карра кам фоиз тўланиши адолатданми?
Ахир, Орол муаммоси туфайли экологик вазият издан чиқиб, аҳоли ўртасида касалланиш ва ўлим ҳолати кун сайин ортиб бораётганини статистик маълумотлар ҳам тасдиқлаб турибди. Хусусан, Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида гипертония ва мия инсульти касаллиги ҳар беш йилда 50-55 фоизга ортмоқда.
Гапнинг индаллоси, Мўйноқни ҳар томонлама ривожлантириш бугунги куннинг долзарб масаласи экан, ҳукуматнинг юқоридаги қарори ва низомига ўзгартириш киритиш керак эмасми?
Алмас МАДРЕЙМОВ,
шифокор
Мўйноқ тумани



