Фурсат ғаниматдир…

59

Гапни чўзмасдан мақсадга кўчамиз. Яқинда хизмат юзасидан бир шахснинг маълумотнома ҳужжатига назар солдик. Унинг лавозими номини ўқиб, ҳайратга тушдик:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфидаги Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази Электрон ресурслардан фойдаланиш ва ўқув заллари хизматининг Умумий ўқув заллари сектори Ахборот-кутубхона технологиялари бўйича мутахассиси».
Ҳа, айнан шундай, ошиқ-ками йўқ.
Бизда ходимнинг нима иш қилиши унинг лавозими номида акс этиши керак, деган тушунча бор. Аммо номни қанча узайтирмайлик, вазифа эгаси бажарадиган барча ишларни тўла ифодалаб беролмайди ва бу ишлар шу ходимнинг лавозим йўриқномасида туради-ку?!.
Вазифанинг катта-кичиги бўлмайди. Ташкилотда қоровулдан тортиб раҳбаргача, ҳамманинг ўрни, қадр-қиммати, тегишли вазифаси бор. Ҳар бирисиз иш тўхтаб қолиши мумкин. Худди занжир ҳалқасидек. Аммо бирор ташкилотда касбдошлари қатори ишлаб келаётган ходимнинг лавозими номини айтиши, ҳар турли ҳужжатларга ёзишида келиб чиқадиган ноқулайлик кимга керак? Наҳот шуни икки-уч сўз орқали бошқа вазифалардан ажратиш имкони бўлмаса? Бунча серсўзликдан қочишнинг йўли йўқми? Бундай антиқа, эслаб қолиб, осонгина айтиб бўлмайдиган номлар озмунча дейсизми? Лоақал, шу ходимнинг ўзи лавозими номини тўлиқ айта оладими? Балки, ёдлаши керакдир. Аммо уни қулай бир-икки сўз билан алмаштириб, ўрнига бирорта шеър ёдласа яхши эмасми?
Масалан, лавозимининг номи юқоридаги каби жуда узун бўлган инсон бу номни бир кунда бир марта айтса ва ёзса, ўртача ҳисобда, қанча вақтни исроф қилиши мумкин эканини бир ўйлаб кўрайлик. Айни ҳолатда қисқартмалар иш беради, деган хулоса ҳам тўғри эмас. Чунки қисқартмаларнинг ҳам ўта ноқулай кўринишлари бор. Аслида улар талаффуз қулайлиги учун пайдо бўлган. «ЎзМУ», «Ўзмевахолдинг» каби кўплаб ўринли қисқартмалар бор. Аммо яна шундайлари борки, уларни хос давра кишилари ҳам асло ишлатмайди. Чунончи, яқин вақтгача ўқитувчиларнинг малака ошириш институти бундай юритилар эди: «Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти». Бу сўзлар бинонинг олд қисмига ёзиб ҳам ­қўйилган.
Яқинда ушбу муассасанинг номи ва иш тартиби ўзгаргани маълум қилинди. Аммо ҳали ҳам у қадар ихчам ва қулай эмас.
2017 йилдан бошлаб республикамизда ижод мактаблари очилди. Шу қадар хурсанд­чилик бўлди бу янгилик ижод аҳли орасида. Ўша йилларда мактаблар халқ таълими вазирлиги тасарруфида эди. Аввалига уларни «Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисос­лаштирилган мактаб-интернат» деб атай бош­ладик. Билгичларнинг айтишича, ундан бошқача айтишга ҳуқуқий асосимиз йўқ экан. Қайта-қайта таклифлар бердик. Ҳатто «номидаги» сўзини ҳам олиб, «Абдулла Орипов ижод мактаби» деб аташни таклиф қилдик. Шу вақтда Президент таълим муассасалари агентлиги очилдию, истагимиз амалга ошди. Аммо вақт ўтиб, (у вақтда уларнинг номи ҳам жуда узун – «Президент, ижод ва ихтисос­лаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги» эди), яна мактабларни қандай аташнинг ҳуқуқий асослари пеш қилинадиган бўлди. Ном аввалгидан ҳам узайди. «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига қарашли Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номидаги ижод мактаби». Ана энди яқиндан бери «Президент таълим муассасалари агентлигига қарашли Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби» деб аталадиган бўлди. Бирор ҳужжат ёзилса, бошида, албатта, шунча сўз келиши шарт.
Ўзи ким учун ва нега таъкидлаймиз? Масалан, шу мактаблар билан ишловчи агентликнинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида эканини кимга ҳар лаҳза таъкидлаб эслатиш керак? Ёки мактабнинг шу агентликка қарашли эканини бот-бот такрорламаса, асло бўлмайдими?
Бу исрофгарчиликка чек қўйиш керак. Мактабларнинг, оддийгина қилиб, «Ибройим Юсупов ижод мактаби» деб аталиши етарли.
Умуман, бошқа ташкилотларни, улар кимнинг қошида, кимнинг ҳузурида, кимга қаратилган бўлмасин, таъкидлаш шарт эмас. Шунда қанча сўзлар қисқариб, қанча вақт тежалади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфидаги Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази Электрон ресурслардан фойдаланиш ва ўқув заллари хизматининг Умумий ўқув заллари сектори Ахборот-кутубхона технологиялари бўйича мутахассиси,
эмас, ахборот-кутубхона технологиялари мутахассиси.
Секторларга эса, масалан, рақам қўйиш етарли. Бу номлар фақат ичкарида керак, ташқаридагиларга эмас. Шундоқ ҳам кутубхонадан фойдаланувчилар ҳамма ходимларни «кутубхоначи» деб билади ва шу етарли.
Айтмоқчи бўлган қисқа гапимиз шу, узундан-узоқ номларни айтишу ёзиш билан умримизни беҳуда ўтказмайлик. Вақтимиз олтинга тенг. Қиладиган ишларимиз эса жуда кўп.

Маъмура ЗОҲИДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси