Айни вақтда Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлиги “Ўқувчилар учун электрон ресурсларни ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказмоқда. Унда халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев ва бошқа масъуллар журналистларга ҳисобот бермоқда.
Хусусан, Халқ таълими вазири ўринбосарининг қайд этишича, вазирлик ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК томонидан фойдали онлайн ресурслар, платформа ва порталлар учун қўшимча электрон контентлар ишлаб чиқилди ҳамда кенг оммалаштириш бўйича ижтимоий тармоқларда тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди.
Жумладан, ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши ва такрорлаши учун қўшимча шароитлар яратиш, шунингдек мактабдан ташқари таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида Maktab.uz масофавий таълим платформаси ишлаб чиқилган.
– Бугунги кунда Maktab.uz порталига Халқ таълими вазирлиги учун “Онлайн мактаб” телеканаллари учун ишлаб чиқилган 1-11 синфларга мўлжалланган 7500 дан ортиқ мактаб ўқув-дастури бўйича тайёрланган видеодарслар ҳамда уларнинг 2400 дан ортиқ тақдимоти юкланган, – дейди Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев. –Бундан ташқари, 2021 йил давомида 1-4 синфлар учун 7 та фандан жами 84 та анимацион видеодарс кўринишидаги ресурслар, 5-8 синфлар учун 5 та йўналиш бўйича 100 дан ортиқ, 9-11 синфлар учун 12 та йўналиш бўйича 250 дан ортиқ видеодарс мактабдан ташқари таълим контенти сифатида ишлаб чиқилган ва Maktab.uz порталига босқичма-босқич жойланади. Шунингдек, порталда ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган қўшимча электрон таълим ресурслари ҳам жойлаштириб борилмоқда.
Анжуманда таъкидланишича, Тараққиёт старатегияси доирасида вазирликка 20 дан ортиқ топшириқ берилган. Уларнинг айримлари бевосита вазирликнинг ўзига тегишли. Айримлари бошқа вазирликлар билан ҳамкориликда бажариладиган ишлар. 300 га яқин номдаги дарслик ва методик қўлланма яратилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтгача шундан 77 номдагиси тайёрланган.

