Элни бирлаштирган ташвиш

71

ёхуд Форишдаги табиий офат халқимизнинг меҳру оқибати қанчалик юксаклигини яна бир бор намоён этмоқда

2022 йил 20 апрель. Фориш тумани «Эгизбулоқ» маҳалласида кучли ёғингарчилик натижасида сел келиш ҳолати кузатилди.

Дастлабки тафсилотларга кўра, сел хонадонлар, томорқалар, ёрдамчи хўжалик бинолари, автомобиль йўлларига жиддий зарар етказган. Хусусан, 260 та хонадон сел тошқинидан талафот кўрган.
Қутқарувчилар 6 нафар фуқарони сел оқимлари ичидан қутқарган. Аммо, афсус­ки, 5 нафар фуқаро вафот этган.
…Эгизбулоқ шундай жойлашганки, ҳудуднинг юқори қисмидан бир нечта сел йўллари келиб, айнан аҳоли яшаётган нуқтада бирлашади. Маҳаллий аҳоли ушбу сойлик­ларга номлар қўйган: Тошбулоқ, Узунбулоқ, Ариш­лисой, Соритол, Тонгисой. Ўша куни Тошбулоқ, Узунбулоқ, Аришлисой, Соритол камарларидан келган сел қишлоқ тепасида жойлашган «Бойқўчқор ота» қабристонига ҳам жиддий зарар келтирган.
Аҳолининг айтишича, ҳудудда бундай сел оқимлари яқин вақтда кузатилмаган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 40-45 минутда бир ойлик ёғингарчилик миқдоридаги намлик тушган. Гувоҳларга кўра, сел тошқини бир соат ҳам давом этмаган. Табиийки, бу фурсат ичида чекка қишлоққа фавқулодда ёрдамнинг етиб бориши ҳам осон эмас. Шу сабабли инсонлар имкон қадар ўз жонини сақлаш, яқинларига ёрдам беришга уринган.
Ўша куни воқеалар қандай кечган эди? Биз талафот кўрган хонадон эгалари билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик.

«Молни асрабмизу, жонни эса…»

– Ёшим 92да, – дейди Юсуф ота Тўйчиев. – Аммо шу ёшга кириб бундай тошқинни кўрмаганман. Кимлардир 80-йилларда шундай сел бўлган дейишди. Тўғри, сел келган, лекин бу даражада эмас.
Ўша куни уйда ўтиргандим. Ўғлим ваҳима билан «ота, тез чиқинг», деб кириб келиб қолди… Не кўз билан кўрайки, бир ярим-икки метр атрофида «бўтана» оқиб келяпти-да. Икки неварам икки тарафимдан олиб, тепада қурилган молхонага олиб чиқди. Ўша ерда селнинг тугашини кутдик.
Бугун ўйлаб қарасам, уйни селнинг йўлига, молхонани қирга қурган эканмиз. Каллани қаранг: молни асрашни билибмизу, жонни асрашни билмабмиз!

«Отамнинг икки уйи ҳам сувда оқди»

– Ҳар ким учун киндик қони тўкилган уйи азиз, – дейди Икром Исмоилов. – Отам қурган 5 хонали уйда яшардик. Ўша куни биз ишда эдик. Келиним уч боласи билан уйда бўлган. Қўшниларимизнинг кўмаги билан улар қутқариб қолинган. Энди шу уйдан бир уюм тупроқ қолди. Уни сув олиб кетди.
Мен учун оғири ота-онамнинг қабрларини ҳам сел оқизиб кетгани бўлди. Отамнинг энди икки уйи ҳам йўқ… Улар сувда оқди…

Оқибатлар бартараф этилмоқда

Айни пайтда «Эгизбулоқ» маҳалласида сел оқибатларини бартараф этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жараёнда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари, ҳарбий хизматчилар, вилоят ва туман корхона, ташкилот, муассасалари ходимлари, кўнгилли ёрдамчилар иштирок этишмоқда. Содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига 936 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, вилоят ва туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари, Фавқулодда вазиятлар тизими хизматчилари ҳамда 63 та махсус техника жалб этилган.
– Ҳудуддаги 15-умумтаълим мактабида гуманитар ёрдамларни қабул қилиш штаби ташкил этилган, – дейди Фориш тумани ҳокими ўринбосари Элнора Умматова. – Ўша жойда ҳомийлар ва ташаббускорлар томонидан кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами ғамлаб бориляпти. Жабр кўрганларнинг эҳтиёжига кўра, озиқ-овқат ва кийим-кечак тарқатиляпти.
– Сел олиб кетган таянчларнинг ўрнига 18 дона темир-бетон таянч ўрнатилиб, 3200 метр кабель тортилди, – дейди Фориш тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ихтиёр Норбеков. – 14 дона симёғоч тўғриланиб, 500 метр электр узатиш ҳаво тармоқлари тикланди. 4 дона трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Беминнат саховат

Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Абдували Мустанов биз билан телефон орқали мулоқотда қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Бу табиий офат – синов эди. Ундаги ҳалокатлар, йўқотишлар жуда ачинарли, албатта. Аммо мен бу жараёнда элнинг оқибатига қойил қолдим. Мана қаранг, бир киши (ҳатто ўзини таништирмади ҳам) келин учун аталган сарпо тахмонидан янги кўрпа-кўрпачаларни олиб келиб, топшириб кетди. Андижондан бир киши эса «моддий кўмак беролмайман, аммо шу элга беш-ўн кун беминнат ёрдам бераман», деб келибди. Шароф Рашидов туманилик машҳур гулчи Шарофат Нориевани олинг, офатдан сўнг воқеа жойига бориб, «мен бошига иш тушган беш-олти хонадонни уйимга олиб кетаман», деб туриб олди. Бу тўғри келмаслиги айтилгач, ҳудуддаги сув босган мактаб билан боғчанинг олдини гулзор қилишга киришиб кетди.
Ҳозир эл кўмаги, айниқса, тадбиркорларнинг беминнат саховати билан мактабнинг катта спорт зали озиқ-овқат ва хўжалик моллари, кийим-кечакларга тўлди.
Бу нимани англатади? Албатта, халқимизнинг бирлигини, меҳру оқибатини англатади. Насиб бўлса, табиий офат оқибатлари тез фурсатларда бартараф этилиб, Эгизбулоқда янги ҳаёт нафаси эсажак. Бирлашган эл ана шундай ишларга қодир бўлади.

Давлат раҳбарининг назоратида

– Тошқин ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукуматимиз томонидан зудлик билан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, – дейди Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмал Ўринбоев. – Шу мақсадда Жиззах вилояти ҳокими раҳбарлигида тезкор штаб тузилди. Айни вақтда штаб талафот кўрган барча аҳолининг муаммоларини бартараф этиш устида ишламоқда. Йўллар таъмирланади. Уйсиз қолган оилаларга уй қуриб берилади. Шу билан бирга, истиқболда бу каби офатларда камроқ талафот кўришнинг чоралари кўрилмоқда. Хусусан, бу ерда келгусида 4 километрлик сел ва тошқинлардан асраш учун муҳофаза зонаси ташкил этиш борасида изланишлар олиб борил­япти. Ҳозирда лойиҳалаш ишлари бошланган. Энг муҳими, бу ердаги барча ишлар давлатимиз раҳбарининг назоратида турибди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»