ёхуд пойтахтимизда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида
Биз ўзимизни кўз-кўз қилиш учун ушбу Марказни яратмаяпмиз. Уни, биринчи навбатда, халқимиз, ёшларимиз учун қуряпмиз. Марказ нафақат маърифат ўчоғи, балки Олий Мадраса – илм ўчоғи вазифасини ҳам бажаради ҳамда том маънода маънавиятимиз қудратига айланади.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Алломалари дунёни забт этган юрт
Бизнинг халқимиз азал-азалдан бутун оламга машҳур бўлиб келган. Чунки диёримиздан турли замонларда етти иқлимга таниқли буюк алломалар ва мутафаккирлар етишиб чиққан. Жаҳон тарихида илк Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси деб аталган ўрта асрларда ва кейинчалик уларнинг сафи янада кенгайган. Бу улуғ зотлар дунё илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Аксарияти IX – XI асрларда Хоразмда ташкил этилган Маъмун академияси ва “Байт-ул ҳикма” (“Донишмандлик уйи”) номи билан донг таратган Бағдод академиясида, XV асрда Самарқандда Мирзо Улуғбек асос солган илмий мактабда самарали фаолият юритган. Натижада ўрта асрларнинг илк даврида улуғ аждодларимиз томонидан математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ фанлар қатори тарих, жўғрофия, фалсафа, маданият ва санъат, архитектура соҳаларида ҳам буюк илмий ғоялар ва кашфиётлар яратилган. Шунингдек, ислом динининг мазмун-моҳиятини чуқур тадқиқ қилишга ва тарғиб этишга бағишланган бетакрор асарлар ёзилган.
Буларнинг барчаси жаҳон илм-фани ва тамаддуни ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Энг муҳими, аждодларимиздан қолган илмий мерос фақатина бизнинг эмас, жамики инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади. У келгуси авлодлар учун ҳам донишмандлик ва билим манбаи бўлиб қолади ҳамда янги кашфиётлар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Бироқ дунё илмий жамоатчилиги томонидан эътироф этилган ўша бебаҳо манбаларнинг барчаси ҳам ҳозирга қадар тўлиқ ўрганилмаган. Сўзимизнинг исботи сифатида мамлакатимиз китоб фондларида сақланаётган, асосий қисми ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган 100 мингдан зиёд қўлёзма асарларни келтириш мумкин.
Ана шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 апрель куни пойтахтимизнинг Олмазор туманига ташрифи чоғи Имом Термизий жомеъ масжидини реконструкция қилиш бўйича топшириқ бераётиб, Ҳазрати Имом мажмуасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш таклифини киритди. Орадан икки ой ўтгач, шу хусусдаги қарорни имзолади. Ўша йили 1 сентябрда – Рамазон ҳайити куни эса Ҳазрати Имом мажмуасида бўлиб, барпо этилажак марказ лойиҳаси билан танишди.
Кенг қамровли режалар
Лойиҳага кўра, дастлаб марказда академия, кутубхона, йирик конференция зали, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиши кўзда тутилганди. Сўнгра улар буюк мутафаккиру уламоларимиз асос солган илмий ва диний мактабларга дахлдор бўлган, юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори атиқалар, айни йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитилиши белгиланганди.
Қолаверса, янги лойиҳа ишлаб чиқилаётган пайтларда юртимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга эътибор ҳар қачонгидан кучайганди. Чунончи, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилаётган, Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганди. Бундай хайрли ишлар ҳамюртларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётганди.
Шавкат Миромонович шуларни назарда тутиб, Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази деб ўзгартириш таклифини илгари сурди. 2018 йил 15 июнда эса ушбу марказ пойдеворига тамал тошини қўйди. Шунинг баробарида ўзимиз доимо фахрланиб келадиган аждодларимизга муносиб бўлишимиз зарурлигини, ташкил этилаётган марказда ҳам бунинг учун барча шарт-шароитларни яратиш, етук олимларни жалб этиш, соҳага оид адабиётларни жамлаш даркорлигини уқтирди. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги диний йўналишда фаолият юритаётган тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси марказ ихтиёрига ўтказилиши, уларда ишлайдиган ўқитувчиларнинг билими ва савиясини мунтазам ошириб бориш кераклигини таъкидлади. Ислом цивилизацияси маркази бизнинг ислом дини тарғиботидаги юзимиз бўлиши сабабли унинг биноси ташқи кўринишига, ишлатиладиган қурилиш материалларига ҳам эътибор қаратиш, ўзига хос янги шакл ва дизайн топиш лозимлигини тайинлади.
Янги мақом ва янгиланган вазифалар
Кейинчалик яна бир ижобий ўзгариш рўй берди. Аниқроғи, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 июлдаги тегишли қарори билан ушбу марказ “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясини, моддий-маданий мерос намуналарини, ислом динига дахлдор қадимий ва бой анъаналарни кенг тарғиб қилиш, мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганиб, кенг жамоатчиликка тақдим этиш билан шуғулланадиган илмий-маърифий маскан мақомини олди. Шунга мутаносиб равишда вазифалари ҳам янгиланди.
Бинобарин, келгусида марказ янада кенгроқ кўламда фаолият кўрсатадиган бўлди. Аввало, муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ қилиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб этиш, юртимиздаги умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессанслар илдизлари ва мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш чораларини кўриш, буюк аждодларнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссасини энг замонавий усуллар ва воситалар орқали ёритиб бориш билан шуғулланади. Ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган, миллийлик ва динийлик ўртасидаги уйғунлик моҳиятини кенг тушунтирадиган медиа маҳсулотларни, илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлайди.
Иккинчидан, зиёрат туризмининг илмий асослари бўйича етарли назарий билим ва амалий кўникмаларга эга гид-таржимонлар тайёрлашни, уларнинг малакасини муттасил ошириб боришни, илм-фаннинг жадал тараққиётини кўрсатиб берувчи сермазмун экспонатлар фондини, қўлёзма ва замонавий нашрларга бой кутубхоналар тизимини шакллантиришни ҳамда уларнинг жаҳон музейлари ва кутубхоналари тармоғига уланишини таъминлайди.
Учинчидан, марказ Ўзбекистон халқининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси бўйича фундаментал тадқиқотлар дастурлари ва илмий лойиҳаларни ишлаб чиқишни ва уларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди. Ислом цивилизациясини тадқиқ этиш соҳасининг долзарб илмий-назарий ва услубий масалаларига бағишланган турли тадбирлар ўтказади.
Тўртинчидан, ислом тарихи ва маданияти йўналишига доир билимларни такомиллаштириш, қадимий қўлёзма, тошбосма ва тарихий ҳужжатларни консервация ва реставрация қилиш, қоғоз, муқовасозлик, хаттотлик санъатини тиклаш, ислом манбаларини ўрганиш бўйича ўқув курслари ва Китобат илми мактабини ташкил этади.
Бешинчидан, “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғояси мазмун-моҳиятини, айниқса, унинг илм-фан ривожи, динлараро ҳамда миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги ўрни ва аҳамиятини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш билан шуғулланади.
Қарорга биноан, марказ ҳузурида уни ривожлантириш жамғармаси, Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лаборатория ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, марказ музейи экспозициялари ва кутубхонаси фондини шакллантириш, аҳолидан харид қилинадиган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича экспертлик комиссия тузилди. Ўз навбатида, жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодлар илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш бўйича “Йўл харитаси”, лаборатория томонидан ўтказиладиган тадқиқот синовларининг асосий йўналишлари тасдиқланди. Марказ ва Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тарихий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш, тадқиқ этиш, уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш бўйича масъул давлат муассасалари этиб тайинланди.
Улуғ айём кунларидаги ташрифлар шарофати
Ҳойнаҳой, ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак. Президентимизнинг Муборак Рамазон ойи, Рамазон ҳайити ёки жума кунларида диний-маърифий соҳадаги бунёдкорлик ишлари билан танишиши доимий анъанага айланган. Чунончи, ўтган жума куни Шавкат Мирзиёев яна Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бунинг асл сабабини “Бугун, муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қуряпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун”, дея изоҳлади. Пировардида бултур Қашқадарёда очилган “Ўзбекистон GTL” заводи бутун дунёга мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини кўрсатган бўлса, мазкур марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолажагини таъкидлади.
Ташрифи давомида Президентга мажмуанинг таркибий қисмлари, ички ва сиртқи безаклари, қаватларда жойлашадиган бўлимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Мавриди келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, тўрт йиллик эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугунга келиб, марказнинг улкан ва салобатли биноси қад ростлади. Юртимиздаги ўзига хос меъморий ечимга эга тарихий обидалар кўринишида тикланган бу забардаст иншоот уч қаватли бўлиб, марказида шарқона улкан гумбаз, тўрт томонида 34 метрлик симметрик пештоқлар мавжуд. Айни дамларда янги иморатни пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу жараёнда кўҳна мадрасаларимизни безатишда асқатган рамз-белгилар ва жозибали ранглардан фойдаланилмоқда.
Бу ишлар якунлангач, мажмуанинг биринчи қаватида музей омбори, қадимий қўлёзмалар ва осори атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади. Иккинчи қаватда Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё, Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши, Таълим, Илм-фан, Меъморчилик ва шаҳарсозлик, Санъат ва бадиий ҳунармандчилик, Анъаналар ҳамда Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон бўлимларидан иборат Ислом тарихи музейи очилади. Охирги бўлимда олис мозийга бориб тақаладиган тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси, маърифатчи боболаримиз, муфтийлар сулоласи тўғрисидаги маълумотларни, Истиқлол йиллари мамлакатимиз барча жабҳаларда эришган ютуқларни, илмий-маърифий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўзида жам этган манбалар, шонли тарихимизнинг барча босқичларини акс эттирувчи бадиий панно намойиш қилинади.
Иккинчи қаватда 550 ўринли мажлислар зали ҳам бўлади. Баландлиги 65 метрга тенг гумбаз остидаги фойе ўртасига эса ислом оламининг дурдонаси саналмиш Усмон мусҳафи қўйилади.
Учинчи қаватдан қарийб 100 мингга қўлёзмалар фондига эга кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва маъмурий хоналар ўрин олади. Зеро, марказ биносига Халқаро ислом академиясининг магистратура ва докторантура бўлимлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бошқаруви ҳам жойлашади. Марказ ва академия ҳузурида Олий таржима мактаби очилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуада сўнгги вақтларда амалга оширилган ишлар билан танишаркан, мутасаддиларга ва қурувчиларга керакли тавсиялар берди. Хусусан, бино ташқарисидаги тўртта асосий кириш жойи ва қирқ тўққизта равоққа муҳрланадиган матнлар содда-лўнда, тинчликни қадрлашга, илм олишга, одоб-ахлоққа чорловчи, чуқур тарбиявий-илмий мазмунга эга бўлиши учун Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шарифлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини эслатди. Сиртқи ҳамда ички безаклар шакли ва маъносини маъқуллаб, уларга битиладиган барча матнлар илмий асосга эга бўлиши шартлигини уқтирди. Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс бўлимининг тарихчи олимларимиз томонидан яратилган концепциясини ҳам тасдиқлаб, фойдали йўл-йўриқлар кўрсатди. Илм-фан бўлимини кўздан кечираётиб, жаҳонга машҳур алломаларимиз меросини кенг ва таъсирчан тарғиб этиш юзасидан диққатга молик фикр-мулоҳазалар билдирди.
Масъулият бор жойда натижа бор!
– Биз марказимиз фаолиятини рисоладагидек йўлга қўйиш борасида ҳозирга қадар талай ишларни амалга оширдик, – дейди Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров. – Масалан, жамоамиз илмий ходимлари томонидан музейнинг 9 та бўлими экспозициясини шакллантириш бўйича 866 та экспонат, 162 та мультимедиа маҳсулотининг тўлиқ рўйхати тузилди. Музей фондидаги тарихий ашёлар, муляжлар, экспонатларнинг умумий сони 452 тага етказилди. Марказ концепциясига асосан, бинонинг ташқи безакларида фойдаланиладиган жами 66 та хаттотлик ёзуви матнлари тайёрланди. Алоҳида бўлимда намойиш этиладиган 28 та нодир қўлёзмадан иборат Қуръони Карим коллекцияси шакллантирилди. Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон бўлими концепцияси ҳамда экспозицияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унинг 20 х 8 метр ўлчамдаги деворий расми учун эскиз яратилди.
Табиийки, маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларимизни ҳам мустаҳкамлаяпмиз. Жумладан, 2020 йили кутубхонамиз захирасини Озарбайжоннинг Тошкентдаги элчихонаси Маданият маркази ҳадя қилган юзтага яқин китоблар жамламаси эвазига янада бойитдик. Кўп ўтмай, “Ўзархив” агентлиги билан аждодлар меросини сақлаш ва илмий-маърифий изланишлар борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан ҳамкорлик меморандумини имзоладик. Бултур эса, Президентимиз ислом динининг туб моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни инсонпарварлик тамойиллари асосида, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш билан боғлиқ диний-маърифий соҳаларга жиддий аҳамият бераётганидан руҳланиб, “Алломалар мероси” ўқув марказида Қуръони Каримни ўрганиш курсларини очдик. Уларга тингловчилар танлов асосида қабул қилинишини жорий этдик.
Давомини суриштирсангиз, раҳбариятимиз томонидан марказнинг бугунги фаолияти, эришган натижалари ва келгуси режалари ҳақида мунтазам равишда матбуот анжуманлари, брифинг ва пресс турлар уюштирилиб, оммавий ахборот воситаларида изчил ёритилмоқда. Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожида тутган ўрни ва мавқеи, Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий негизини мустаҳкамлаш учун “Ислом цивилизацияси маркази: шонли тарихдан буюк келажак сари” туркумида кўрсатувлар тайёрланиб, марказий ва ҳудудий телеканаллар орқали эфирга узатилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафта марказимизга ташрифи чоғида белгилаб берган навбатдаги вазифалар зиммамиздаги масъулиятни янада оширди. Инчунин, жамоамиз аъзолари уларнинг ижросини таъминлаш учун бор куч ва имкониятларини ишга соладилар. Шу тариқа ушбу маскан том маънода юртимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсолига айланишига баҳоли қудрат ҳисса қўшадилар.
Сўнгсўз ўрнида
Халқимиз “Яхши ният – ярим давлат”, “Ҳаракат, ҳаракатда – баракат!” деган нақлларни кўп ўйлаб ва хўб топиб айтган. Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой ўтмишини, буюк ислом олимлари, аллома ва мутафаккирлари, жаҳон маданияти тараққиётига ҳисса қўшган улуғ шоир ва адибларга, рассом ва хаттотларга тааллуқли маълумотларни ўзида мужассам этган, уларнинг жамият ривожидаги беқиёс хизматларини юзага чиқарувчи яхлит мажмуа сифатида фаолият юритади. Худо ҳоҳласа, аждодларимизнинг бебаҳо тарихий-маданий ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ҳамда келгуси авлодларга етказиш йўлида асрлар оша хизмат қилади. Ислом цивилизацияси йўналишидаги илмий муассасалар учун эса фундаментал база саналади. Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчилари ва талабалари билимларини мустаҳкамлашади, маҳаллий ва чет эллик мутахассислар илмий изланишлар олиб боришади. Бошқалар улкан меросимиз ва умрбоқий қадриятларимиз тўғрисида кенг тасаввурга эга бўлиб, маънавиятини бойитишади.
Меҳнат, ўқиб-ўрганиш, изланиш, маърифатли ҳамда иймон-эътиқодли бўлиш эса инсонни комиллик ва ҳидоят сари етаклайди!
Абдунаби ҲАЙДАРОВ.
«ISHONCH»

