Кўпчилигимизга чорва моллари боқиш, хусусан, қўй ва эчкилар парваришлаш отамерос касб. Бу ишга, айниқса, қишлоқ жойларда катта эътибор қаратилади. Чунки улардан олинадиган маҳсулотлар рўзғор тўкинлигини таъминлайди.
Илгарилари ота-боболаримиз сўйилган қўй терисидан пўстак тайёрлаб, қишин-ёзин тўшак сифатида фойдаланишарди. Замонанинг зайли билан бугунга келиб, бу матоҳга эҳтиёж қолмади.
Ёки бошқа мисол. Бир замонлар тўй ва Қурбон ҳайити кунлари ёки гўштини бозорга чиқариб сотиш мақсадида қўй сўйилса, терифурушлар уларнинг терисини яхшигина ҳақ эвазига харид қилишарди. Ҳозир эса бепул берсангиз ҳам биров олмайди. Устига-устак, сўнгги йилларда қўй ва эчки териларини қайта ишлаш ёки хомашё сифатида экспорт қилиш масаласи анча оқсаяпти. Оқибатда уларнинг маълум қисми чиқиндихоналарга ташлаб юборилаётир. Бу эса атроф-муҳит ифлосланишига ва ҳаво бадбўйлашишига сабабчи бўлмоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳар куни кўплаб қўйлар сўйилишини ҳисобга олсак, чиқитга айланаётган хомашё қанчалар кўплигини тасаввур қилиш қийин эмас. Биз бу ҳақда «Ishonch» газетасида «Чиқитга айланаётган хомашё» сарлавҳали мақола эълон қилган ҳам эдик. Лекин ҳали-ҳамон тери хомашёси кераксиз бўлиб қоляпти. Масалан, яқинда ён қўшним Баҳром Маҳмудов бирин-кетин саккизта қўчқорини сўйдирди. Қассоблар лоақал минг сўмданга ҳам сотиб олмагани боис у териларни ҳаммасини чиқиндихонага олиб бориб ташлабди.
Ўйлаб қоламан, ҳозир тараққиёт асри. Газни минг хил усулда қайта ишлаб, турли-туман янги маҳсулотлар олиняпти. Шундай экан, нега арзон ва кўп бўлган теридан ҳам самарали фойдаланиш мумкин эмас?
Биз ушбу масала юзасидан соҳа мутахассисларига ҳам учрашдик. Уларнинг айтишича, қўй терисидан пойабзал, ҳар хил сумкалар, камарлар тайёрлаш мумкин. Аммо рақобат асрида теридан сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун ўта замонавий технологиялар керак. Улар эса анча қиммат.
«Qarshi Leather» қўшма корхонаси терини қайта ишлашга ихтисослашган. Аммо унда асосан мол терилари қабул қилинар экан. Корхона мутасаддилар қўй ва эчки териларини деярли олишмаётганини, чунки бу хомашёни сифатли ошлаш ва ундан фойдаланиш технологияси қимматлигини, ошланган ашёни ёки ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотни сотиш ҳам осон эмаслигини маълум қилишди. Яна айтишдики, қўй терисини қайта ишлаб, ит ва мушуклар учун емак тайёрласа бўлади. Лекин бу маҳсулот ҳам бизда харидоргир эмас. Шунингдек, терини қайта ишлаб, жаҳон бозорида талаб катта бўлган желатин (елимшак) ишлаб чиқариш мумкин. У ўзини оқлаши тайин. Афсуски, ишлаб чиқариш технологияси жуда қиммат – тахминан 100-150 минг доллар туради.
Балки чиқитга чиқаётган қўй ва эчки териларини қайта ишлаб, харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш учун давлатимиз томонидан ҳам молиявий ёрдам керакдир? Экологияга жиддий зарар келтираётган, ҳудуддаги аҳоли ҳаётига бевосита дахлдор бўлган, қолаверса, яхши даромад келтириши эҳтимоли бор терилар муаммосига қай тариқа амалий ечим топиш мумкин?
Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»
