Мобил — ID тизими жорий этилади

44

Президентнинг 2022 йил 20 апрелда қабул қилинган «Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида адлия вазирлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Шу кунгача Давлат хизматлари тизимида фуқароларни ортиқча сансоларликдан озод этиш мақсадида 73 турдаги маълумотнома ва ҳужжатлар тақдим этилиши бекор қилинди.

Президентнинг янги фармонига кўра, давлат хизматларини янада соддалаштириш, аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида қатор янгиликлар жорий қилинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 августидан давлат хизматларидан фойдаланишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил — ID тизими ишга тушади.

Мобил – ID тизими «Электрон ҳукумат» ягона ахборот тизимининг таркибий қисми бўлиб, унга биноан фуқаро мобил телефони рақами орқали идендификацияланади. Яъни шахсни тасдиқловчи маълумотлар битта жойга жамланиб, зарур бўлганда фуқаронинг розилиги билан фойдаланилади.

Анжуманда давлат хизматлари тизимида яқин йилларда амалга оширилиши кутилаётган йўл харитаси билан таништирилди. Жумладан, тизимни рақамлаштириш, мобил иловалар ишлаб чиқиш, лицензиялар беришда қатор маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш борасида кўзда тутилаётган вазифаларга тўхталинди.

Адлия вазирлиги мутасаддилари ОАВ вакиллари қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Умида Худойберганова,

“ISHONCH”