“Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари”даги тадбирлар янги ришталарга тамал тоши қўйди

540

Яқинда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан ҳар икки мамлакат Маданият вазирликлари кўмагида юртимизда “Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари” бўлиб ўтганди. Унинг доирасида пойтахтимиздаги бир қатор маданият масканларида учрашувлар, кўргазмалар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона, Низомий Ганжавий номидаги Тошкент педагогика университети, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси  каби даргоҳларда ўтган учрашувларни  бунга мисол қилиш мумкин.

Эътиборга молик жиҳати, Озарбайжондан келган делегация пойтахтдан олис ҳудуд – Сурхондарё вилоятидаги Термиз давлат университетида ҳам бўлиб, у ерда ёшлар, маданият арбоблари ва зиёлилар билан бир неча йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Тадбирда Озарбайжондан келган бир гуруҳ делегация вакиллари иштирок этди. Улар орасида Озарбайжон Миллий Мажлис маданият қўмитаси раиси Ганира Пашаева, Миллий Мажлис депутати, “Озарбайжон –Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзоси Мушфиқ Жаъфаров, Маданият вазирлиги бўлим бошлиғи Акиф Марифли, Ганжа вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Васиф Жаннатов, бошқа зиёлилар ва  жамоатчилик вакиллари бор эди.

Дастлаб Термиз Давлат университетида Озарбайжон делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Ректор А. Марахимов меҳмонларни қутлар экан, ушбу олийгоҳ 1950 йилда ўз фаолиятини бошлаганлиги ҳақида маълумот берди. Ректор Озарбайжон университетлари билан алоқалар ҳақида гапириб, ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Ганира Пашаева мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни барча соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар соҳада ривожлантириш ҳақида сўз юритди. Депутат Термиз Давлат университети ва Озарбайжон олий ўқув юртлари ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинуви масаласига тўхталди.

Қўмита раиси Қорабоғни қайтариб олиш билан боғлиқ 44 кунлик Ватан уруши ҳақида маълумот берар экан, қарийб 30 йил давомида босиб олинган ерларнинг қайтариб олингани, қадимий Шуша шаҳрининг озод этилиши ҳақида сўзлаб берди. Г.Пашаеванинг таъкидлашича, ишғолдан озод қилинган шаҳар ва қишлоқлар вайрон қилинган, масжидлар ва бошқа тарихий обидалар харобага айланган. Озарбайжон Президентининг буйруғи билан бу йил Шуша шаҳри “Озарбайжоннинг маданий пойтахти” деб эълон қилинди. Келаси йили эса “Шуша – Турк дунёсининг маданий пойтахти” бўлади. Бу ҳақда тегишли қарор аллақачон қабул қилинган.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббасовнинг таъкидлашича, собиқ СССР даврида ва мустақиллик йилларида буюк Озарбайжон шоирлари Низомий Ганжавий, Фузулий, Насимий ва замонавий шоирларнинг асарлари вақти-вақти билан ўзбек тилида нашр қилиниб, Ўзбекистоннинг етакчи кутубхоналарига совға қилинган. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг буйруғи билан 2022 йил «Шуша йили» деб эълон қилинди ва шу муносабат билан Озарбайжон Маданият маркази лойиҳаси доирасида Термиз давлат университетида Хуршудбону Нотавон номидаги Озарбайжон маркази  ташкил этилди. Яратилган ўчоқ ва Ўзбекистонда ташкил этилган марказларнинг кейинги фаолияти икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан биргаликда келгусида Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида ташкил этилган мазкур ўчоқларда онлайн Озарбайжон тили курслари ташкил этилиб, қўшма конфереция ва учрашувлар ташкил этилади.

Акиф Марифли Озарбайжон Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон кутубхоналари орасида, онлайн платформа яратиш, шу жумладан Термиз давлат университети жамоасини жорий йилнинг октябр ойида Бокуда бўлиб ўтадиган халқаро китоб ярмаркасида иштирок этишга таклиф қилди.

Ганжа вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Васиф Жаннатов ҳам ўз сўзида Ганжа шаҳри ҳақида маълумот бериб, 44 кунлик Ватан уруши пайтида Арманистон томонидан ушбу қадимий шаҳарнинг ракета ҳужумига дучор бўлгани, тинч аҳоли, шу жумладан болаларнинг ўлдирилганлиги ҳақида маълумот берди. У Ганжа шаҳрида «Навоий куни» ва Термиз шаҳрида «Низомий куни» ни ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Кейин университет залида талабалар билан учрашув ва расмий нутқлар бўлиб ўтди. Икки давлат ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик масалалари, бу йўналишда амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди, Озарбайжон делегацияси номидан университетга совғалар топширилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида Озарбайжонлик санъаткорлар чиқиш қилдилар. Озарбайжон Халқ артисти Гулянаг Маммадова  мақом ва халқ қўшиқларини, ошиқ Илҳом Абдуллаев соз наволарини, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказининг «Қувкаб Алиева номидаги Озарбайжон қизлари» ансамбли аъзолари эса Миллий рақсларимизни ижро этишди.

 Зебо Намозова