Камбағалликдан қутулса бўлади

83

Андижонлик тадбиркорлар Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида кооперация шаклидаги фаолиятни йўлга қўйиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини камбағалликдан чиқариш бўйича янги тизимни амалиётга татбиқ этишмоқда. Бу усул ҳар томонлама мақсадга мувофиқлиги, оддийлиги ва қулайлиги билан кўпчиликка маъқул бўлмоқда. Айниқса, товуқ, курка ва қуён боқиш бўйича жорий этилган ажойиб тизим одамларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Масалан, кам таъминланган оилага тадбиркор томонидан 90 та макиён ва 10 та хўроз бепул тақдим этилади ҳамда катак қуриб берилади. Бир ой давомида озуқа билан ҳам таъминланади. Товуқлар тухум бера бошлагач, тадбиркор 6 ойгача ҳар куни 35 дона тухумни бепул олиб туради, сўнгра барча товуқлар шу хонадоннинг ўзига қолдирилади. Хонадон соҳиби уларни кундалик эҳтиёжига ишлатиши, бозорга олиб чиқиши ёки тадбиркорга сотиши мумкин. Тадбиркор эса ундан олинаётган тухумларни инкубаторга қўйиб, жўжа очтиради ва 120 кунлик бўлганида ­бошқа эҳтиёжманд оилага тарқатади.
– Биз бугунга қадар 60 та хонадонга 6000 та товуқ тарқатдик, – дейди «Munnavvaroy Agro Klaster» МЧЖ раҳбари Марғубахон Мансурова. – Эндиликда улардан 38 та хонадон узлуксиз равишда тухум етказиб бермоқда. Бунда, 22 та хонадонга ҳар бирининг қиймати 4 миллион 200 минг сўмлик товуқ катакларини текинга қуриб берганимиз ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Ҳар куни бозорга 40-45 дона тухум олиб чиқиб, 1000 сўмдан ­сотяпман, – дейди «Халқабад» МФЙда яшовчи Нурмухаманбет Аманбаев. – Нукус шаҳри бозорларида ушбу маҳсулотнинг нархи 1500 сўм. Шунингдек, доимий ҳаракатда бўлгани сабабли бу товуқларнинг тухуми ҳам, гўшти ҳам бройлер товуқларникига нисбатан мазалироқ. 100 та товуқ учун кунига 25-30 минг сўмлик озуқа оляпман. Мен оиламиз ишли бўлганидан жуда хурсандман.
– Энг қувонарлиси, аҳолининг ўзида интилиш бор, – дейди туман ҳокими ўринбосари Мақсет Ниязов. – Биргина «Халқабад» МФЙда 150 та оила парранда боқиш истагини билдирди. Бу шунча хонадон эгалари ўзини-ўзи банд қилади, дегани. Туманимизда асаларичилик, куркачилик ва шу пайтгача бизга бегона саналган қуёнчилик бўйича ҳам ­кооперация усулидаги тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Андижонлик тадбиркор – «Қумшунгил ҳалол барака» МЧЖ раҳбари Ўткир Турғунов таклиф қилаётган ўта қизиқ қуёнчилик тизими ­қуйидагича: ҳар қайси хонадонга 10 та қуён бепул топширилиб, катаги қуриб берилади, озуқа билан ҳам таъминлаб турилади. Қуён бир йилда 6 мартагача болалайди, ҳар сафар 10 тагача қуёнча туғади. Демак, бир йилда битта қуён 60 тага, 10 таси 600 тага кўпаяди. Тадбиркор қуёнларнинг биринчи туғилган болаларини, яъни 100 тасини бепул олади.
Хонадон эгаси қолган қуёнларни сотиш ҳақида бош қотириши шарт эмас. Чунки уларни ҳам икки ойлик бўлганида ҳар килосига 33 минг сўмдан тўлаб, тадбиркорнинг ўзи сотиб олади. 60 кунлик қуёнча эса қарийб 2 килограмм тош босади. Бу аввал ишсиз бўлган оила аъзоларига жуда қўл келади. Икки ойлик 100 та қуёнчани тадбиркорнинг ўзига сотса, камида 10-11 миллион сўм даромад орттиради. Агар, сотмайман, ўзим қуёнчиликни ривож­лантираман ёки бошқа йўл тутаман деса, эътироз йўқ.
Қаранг, бир хонадоннинг ўзида 10 та қуён бир йилда 600 тага кўпаймоқда. Туман ҳокимлиги рўйхатидаги талабгор хонадонлар сони эса 141 та. Тадбиркор томонидан ҳозиргача тумандаги 76 та эҳтиёжманд оилага шу тариқа катаклар қуриб берилган ва қуёнлар бепул тарқатилган.
Яна бир гап. Ўткир Турғунов Нукус шаҳри марказидаги 3 қаватли катта ресторанни ижарага олган. У парҳез таомлари тайёрлаб, аҳолига хизмат кўрсатмоқчи.
Куркачилик бўйича кооперация усулида шакллантирилаётган тадбиркорлик тизими ҳам кўпчиликка манзур бўляпти. Тадбиркор «Манави жониворлар 83 кунлик», деб бир хонадонга олиб бориб кўрсатган жўжалар аслида ўзимизнинг 2-3 ёшдаги куркалардан ҳам катта эди. Вазни 10 килограмм­дан кам эмасди. Нукус бозорида маҳаллий курканинг 1 килоси 80 минг сўм. «Биг-6» Исроил куркаси дея таърифланадиган гўштбоп куркаларнинг килоси эса 46 минг сўм, маҳаллий куркалардан деярли икки баробар арзон. Қолаверса, улар тез ўсади. 120 кунлигида вазни қарийб 20 килограмм­­га тўғри келади. Хонадонлар эгалари бу паррандаларни тадбиркордан давлат томонидан бериладиган субсидия ҳисобига сотиб олишлари мумкин.
Исроил куркаларининг аҳолига маъқул келаётган жиҳати шуки, қорақалпоқларда энг ширин таомлар, масалан, жугери гуртик ва палов айнан парранда гўштидан тайёрланади. Улар арзонлиги ҳамда хуштаъмлиги билан маҳаллий аҳолини ўзига жалб қилмоқда.
Ўткир Турғунов «Халқабад» МФЙда кооперация усулидаги тадбиркорликдан ташқари, куркачилик ва эчкичилик кластерига мўлжалланган ва умумий қиймати 31 миллиард сўмга тенг лойиҳани ишга туширишни ҳам режалаштирган. Натижада 280 та янги иш ўрни яратилади.
– Андижонда кўп бўлганман, у томонларда ер муаммоси мавжуд, – дейди Кегейли туманида тадбиркорлик усулида кооперация фаолиятини ташкил этиш ишларини кўздан кечираётган Республика ишчи гуруҳи раҳбари, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индус­трияси ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Султонов. – Қорақалпоғистонда эса ер етарли. Энг асосийси, кластерлар ва кооперациялар ташкил қилиняпти, янги иш ўринлари яратилиб, ўзини-ўзи банд қилиш имконияти ортяпти. Бу давлатимиз раҳбари доимо таъкид­лаб келаётган эзгу мақсадга хос амаллардир.
Туман ҳокими ёрдамчиси Полат Қошқарбаевнинг қўшимча қилишича, ушбу кластернинг қурилиш ишларига ҳам ишсиз аҳоли жалб қилинмоқда. Шу тариқа иш излаб, хориж­га чиқиб кетувчилар сони бирмунча камаймоқда. Бундан ташқари, «Жалпақ жап» ОФЙ ҳудудида «Said xoja parrandachi» МЧЖ томонидан айни йўналишда, «Қумшунгил» ОФЙда тикувчилик бўйича кооперация фаолияти йўлга қўйилган. Пировардида 16 нафар киши муқим иш билан таъминланган. «Маданият» МФЙдаги Жумабай Нурманов бош­қараётган «Гулбағ – Лалазар» кўп тармоқли фермер хўжалигида эса кўчат ва иссиқхона маҳсулотлари етиштириш ҳамда асал­аричилик ривожлантирилмоқда.
Сирасини айтганда, Кегейли туманида ишсиз фуқароларни ўзини-ўзи банд қилиш ва камбағалликдан чиқариш, асосан, «Темир дафтар»га киритилган аёллар ва ёшлар, доимий иш билан банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлашда кооперация усулидаги «Андижон тажрибаси» жуда асқатмоқда.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»