Тошкент тиббиёт академиясининг
100 йиллигига бағишланади
БИОЭТИКА беморларнинг ҳак-ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Қаҳрамонимиз, марҳума Малика АБДУЛЛАХЎЖАЕВА рационализатор сифатида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, худди шу соҳага асос солди. Тиббиётнинг серқирра йўналишлари ичида энг мураккаб ва масъулиятли йўлни танлади. Ўзбекистонда потологик анатомия йўналишининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшди. Малика Абдуллахўжаева бугун орамизда йўқ. Бироқ ўзбек олимасининг мазмунли умр йўли, сермаҳсул ва серқирра илмий-амалий меҳнат фаолияти мудом эъзозда.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, Халқаро Патология Академиясининг Марказий Осиё бўлими Президенти, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор, республика Патологик анатомия маркази директори, ХХ асрнинг энг кўзга кўринган 500 нафар олимларидан бири эди. Малика Абдуллахўжаеванинг инсониятга хизмат қилаётган умрбоқий илми муносиб баҳоланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси бўлди.
Йирик патологоанатом сифатида Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида трансплантацион иммунитетни ўрганиш орқали иммун патология ривожланиши равнақига катта ҳисса кўшди. МДҲ давлатларида биринчи марта макро ва микроскопия телемедицинанинг Телепатология йўналиши ташкил этилиб, биопсия бўйича Европанинг барча мамлакатларидаги шифокорлар билан консультация олиб бориш ва барча тиббиёт институтлари талабаларини дистанцион ўқитиш имконияти яратилди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти эскперти сифатида дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ўтган Халқаро конференцияларда ўнлаб маърузалари билан иштирок этган ўзбек олимасига АҚШнинг Калифорния штатида Фресно шаҳри фахрий фуқароси мақоми берилганди. У аввало ўз юртининг, истараси иссиқ жондан азиз ватандошларининг фахри эди. Шунинг учун изланишлари даврида йилт этан янгиликни илғаб олиб, Ўзбекистон амалиётига киритишга жон-жаҳди билан киришарди. Мақсадлари рўёбга чиқмагунича, тиним билмасди. У тиббиёт илмини энг аввало инсонлар ҳақида қайғуриш деб тушунарди. Малика Абдуллахўжаеванинг шогирдлари билан суҳбатлашиб қолсангиз, устозларининг соғлиқни сақлаш амалиётига жаҳон стандартлари асосидаги замонавий усулларни жорий этишдаги жасорати ҳақида гапириб беришни ўзлари учун шараф деб билишади.
Одам патологиясини ўрганиш мақсадида Тошкентда Республика патологик маркази ташкил этилди. Паталогик анатомия маркази биносини қурилишига шахсан ўзи бош-қош бўлди. Республика патологик анатомия маркази илк тамал тоши қўйилган кундан ҳозирги давригача бўлган қизғин илмий-амалий фаолияти давомида худди шу тенденцияга қатъий амал қилиб келади. Бунинг биринчи сабаби орамизда одамларга сидқидилдан хизмат қилиш, инсон ҳақида қайғуришни ўз виждони амрига айлантира олган фидоийларнинг борлигида.
Ўзбекистон Қаҳрамони Малика Абдуллахўжаеванинг бу ёруғ дунёдаги вазифаси ва ҳаётдаги миссияси шу оддий ва ўз ўрнида мураккаб қоидага асосланганида, дея хотирлайди, шогирдларидан бири, профессор Ҳасан Турсунов.
Ўз атрофига муносиб шогирдларни жамлаб уларга ҳақиқий устозлик даражасида йўл кўрсата олган, кези келганида бирига опа, бирига она бўлиб бошини силаган, илмий фаолиятдан ташқари шахсий ҳаётда ҳам уларнинг ҳар бирига қайишиб, шогирдларининг корига яраган хазрати инсон ҳақида кўпроқ билгим келарди.
–Ёшим олтмишдан ошди…ҳаётда кўп инсонларни кўрдим. Илмнинг машаққатли йўлларида неча бор йиқилиб, неча бор қайта турдим…мен билган инсонлар орасида онамдай меҳрим тушган устозим, Малика Абдуллахўжаеванинг ўрни бўлакча эди. Мен бу инсон билан учрашувимизни тақдирнинг менга ато этган мукофоти деб биламан…40 йил унинг илмидан сабоқ олдим, 40 йил у кўрсатган йўлдан юрдим, 40 йил унинг одамларга қилган яхшиликларидан сабоқ чиқардим”. “Мен меҳнат таътилига чиқишга қўрқардим. Нега, биласизми?, – дейди профессор Ражаббой Исроилов. – Сабаби, ўша мен дам олган пайтда устозим Малика опа менга нотаниш бўлган илмий терминларда гапира бошласа ҳеч нарсага тушунмаяпман дейишдан уялардим. У доим ўз илмини ошириб боргани учун ҳам дунёдаги етакчи клиника олимлари билан уларнинг тилида бемалол баҳсга кириша оларди. Замонавий патологик анатомиянинг дунё миқиёсида қандай тараққий топишини ҳар бир маърузасида чуқур илмий салоҳият, пухта билим, замонавий илмий қарашлар билан исботлаб берарди. Хорижий мамлакатларда ўтказилган ўнлаб халқаро анжуманларда соф инглиз тилида патологик анатомия ва тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган илмий маърузалари билан иштирок этиб, илм аҳлини, хорижлик ҳамкасбларини ҳайратга солганига ўзим гувоҳман. Устозимнинг шарафли номи дунё олимлари орасида ҳалигача катта ифтихор билан тилга олинади. Россия, АҚШ, Швейцария, Болгария, Венгрия, Италия, Белгия, Югославия давлатларида чоп этилган илмий мақола ва рисолалари эса хорижий тиббиёт муассасаларида ишончли манбаа сифатида фойдаланиб келинмоқда. Тошкент тиббиёт академисидаги ҳар бир устоз педогогнинг Малика опа тўғрисида ҳар доим шундай тўлқинланиб гапириши сабабини олиманинг қизи Дилором Абдуллахўжаева қуйидагича изоҳлайди:
– Мен ақлимни танибманки, уйимиз талабалар билан гавжум бўлган. Онам кеч соат олтида ишдан қайтиб уйга кирсалар, орадан бир соат ўтиб, 7 да шогирдлар кириб келишарди. Ўшанда саккиз ёшда эдим. Мен уларнинг савол- жавоблари, гапларининг мазмунини тўлиқ тушунмасам-да, онамнинг бу одамларга ўта меҳрибонлигини ҳис этиб турардим. Балоғат ёшига етганимдан сўнг онамнинг сирдоши ва маслакдошига айландим. Ҳамиша унинг меҳри дарёлиги ҳайратга соларди. Кафедрада, ишда, яқин қариндошлар орасида у ҳамиша масъулиятни ўз зиммасига оларди. Қўлидан келадиган иш бўлса, бировнинг ҳожатини чиқариб ёрдам беришни ўз бурчи ҳисобларди. Ҳалигача унинг шогирдлари, ҳатто оддий ишчи, фаррош ва ҳайдовчилардан онам қилган катта яхшиликлар борасида эшитаман. Ва шуни англаб етдимки, одамларга нафи тегадиган илм билан одамгарчилик ҳамиша бир-бирини тўлдириб тураркан. Ўзгаларнинг ташвиши билан яшай олган инсонлар ҳақиқий илм кишилари экан. Мен шунда забардаст аёлнинг тарбиясини олиб, унинг йўлидан бораётганимни тақдирнинг менга ато этган беназир неъмати деб биламан.
Америкадаги Халқаро Биография институти томонидан ХХ асрнинг энг буюк 500 алломаси сафига киритилган биринчи ўзбек олимаси.
Хотин-қиз талабалар орасида биринчилардан бўлиб Давлат стипендияси соҳиби.Патологик анатомия фани бўйича биринчи фан доктори, профессор.
Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги мамлакатларидан чиққан энг биринчи ва яккаю ягона Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) илмий маслаҳатчиси, эксперти ва муваққат маслаҳатчиси.
Халқаро Патология Академияси Марказий Осиё бўлимининг биринчи президенти. Республика Патологик анатомия маркази ташкилотчиси, биринчи директори. Кембридж илмий маркази мутахассислари томонидан 1998 йилнинг энг салоҳиятли аёли унвонига сазовор бўлган биринчи ўзбек аёли эди. Жаҳонга таниқли олима, бағрикенг ва меҳрибон она, самимий устоз, миллий тиббиётимиз равнақига улкан ҳисса қўшган олима Малика Абдуллахўжаева 2018 йилнинг 26 июнида Тошкент шаҳрида 86 ёшида вафот этган. Малика Абдуллахўжаева 15 та монография, 250 дан ортик илмий мақолалар, 15 та тематик тўплам, 7 та муаллифлик гувоҳномаси, тиббиёт тарихига бағишланган 2 та дарслик ва врачлар учун мўлжалланган битта қўлланма яратган. 1997 ва 2012 йиллларда тиббиёт институтларининг 3-босқич талабалари учун 2 жилдлик “Одам патологиясининг асослари” дарслигини ўзбек ва рус тилларида чоп эттирган. Ўзбек зиёлилари орасида ҳам латиф ҳам шарифлик мақомига эриша олган бу аёлнинг беназир илми, кучли мушоҳада, камдан кам шифокорга насиб этадиган чуқур анотомик сезгиси, одамлар қалбига йўл топа олишдек теран фалсафаси ҳамон у яратиб кетган катта илмий хазина сифатида инсонлар саломатлиги йўлида хизмат қилишда давом этмоқда.
Турдиқул БОБОМУРОТОВ,
Тошкент тиббиёт академияси проректори
Гулчеҳра МИРЗАЕВА,
Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби
