Сирдарёлик шифокорлар майдонда

130

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгаши, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Врачлар ассоссацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида ҳар йилги анъанага кўра марҳум шифокор Облоқул Эркаев  хотирасига турнир ташкил этилди.

– Одатда беморларимизга хасталанмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлиш ва спортнинг бирор тури билан мунтазам шуғулланишларини тавсия қиламиз. Бу тавсияга, албатта, ўзимиз ҳам амал қиламиз, – дейди  Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокори Ғойибназар Райимназаров.

Турнирда 12 та жамоа ўзаро куч синашди. Голларга бой бўлган финал учрашуви ғолиблар кетма-кетлигини аниқлади: вилоят онкология маркази 3-, Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси 2-, Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокорлари 1-ўринни қўлга киритишди.

Ғолибларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, қатор номинация эгалари рағбатлантирилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,

«ISHONCH»