Нега Президент қарорига амал қилинмади?
Молия ва соғлиқни сақлаш
вазирликларига!
Коронавирус пандемияси мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир қилибгина қолмай, катта тажрибага эга бўлган анча-мунча шифокорларни ҳам ногирон қилиб қўйди. Неча юзлаб тиббиёт ходимлари инфекция юқтиргани оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмди.
1982 йили Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида туғилган Рамизжон Каримов Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими бошлиғи сифатида 2020 йилда эндигина иш бошлаган эди. Бироқ Навоий вилояти марказидаги шифохоналардан бирида коронавирусга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида ўзи ҳам шу балони юқтириб олди. Узоқ даволанди, бутун оиласи билан бирга қайта оёққа туришини кутди, яхши ниятлар қилди. Бўлмади. Кетма-кет жарроҳлик операцияларидан сўнг 2020 йилда иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Севган касбидан, ишидан бутунлай айрилди.
Яна бир навбаҳорлик шифокор, 1983 йилда туғилган Шаҳриддин Фахриддиновнинг тақдири ундан-да аянчли кечди. У коронавирус инфекциясидан азоб чекаётган ҳамюртларимизни даволаётган пайтида ўзи ҳам худди шу дардни юқтириб, 2020 йили оламдан кўз юмди.
Президентнинг 2020 йилнинг 16 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида таъкидланганидек, коронавирус инфекцияси туфайли иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган шифокор Рамизжон Каримовга 100 миллион сўм, шу офат туфайли орамиздан эрта кетган Шаҳриддин Фахриддиновнинг оиласига 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўлов берилиши шарт эди. Аммо ҳужжат ижросига келганда, ҳар иккала шифокорнинг яқинларига турли баҳоналар рўкач қилиниб, белгиланган маблағ берилмади.
Президент қарори ижроси ўз вақтида таъминланмагани учун кимдир асосли жавоб бера оладими?
Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»
Ўзбошимчалик қачонгача?
Олий Суд ва Бош прокуратурага!
Сариосиё туманидаги «Сардор Парвин» болалар оромгоҳи ҳудудидаги қудуқ ва супаси ҳамда қудуқ атрофидаги 3200 кв.м. жойда Ҳайитбобо Мелибобоев ўзбошимчалик билан, ҳеч қандай ҳужжатсиз уй-жой қуриб, яшаб келмоқда.
Оромгоҳ раҳбариятининг 2017 йилдан буён маҳаллий раҳбарларга қилаётган шикоятларига ҳеч бир мутасадди жавоб беришга шошмаётир. Таажжубланарлиси шундаки, 2019 йилнинг 26 ноябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг очиқ сайёр суд мажлиси низоли ҳудудда бўлиб ўтди. Унга судья А.Раҳимов раислик қилди. Сайёр суд мажлисида жавобгар Ҳ.Мелибобоев «Сардор Парвин» болалар оромгоҳи кадастр топосъёмка чизмасидаги оромгоҳ ҳудудида уй-жой ва хўжалик биноларини ўзбошимчалик билан қуриб олгани аниқланди. Низоли жойда оромгоҳнинг ичимлик суви қудуғи жойлашгани ҳам ўз тасдиғини топди.
Сайёр суд якунида даъвогар «Сардор Парвин» болалар оромгоҳининг жавобгари Ҳ.Мелибобоев ва Сариосиё тумани Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимига нисбатан уй-жойни бузиш ва жавобгарни мол-мулки билан оромгоҳ ҳудудидан чиқариш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш ҳақида ҳукм чиқарилди.
2020 йил 13 август куни Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди кассация судлов ҳайъатининг ажрими эълон қилинди. Унга кўра, даъвогар «Сардор Парвин» болалар оромгоҳи жавобгари Ҳ.Мелибобоевга нисбатан «Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани буздириш ва ҳудуддан чиқариш тўғрисида»ги даъво аризаси юзасидан чиқарилган Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 26 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, берилган шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Сўнгра ушбу масала 2021 йил 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати видеоконференцалоқа режимида ўтказган очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Унга кўра, мазкур фуқаролик иши юзасидан қабул қилинган Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 26 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди кассация инстанциясининг 2020 йил 13 августдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилди. Жавобгар Ҳ.Мелибобоевнинг вакили С.Омоновнинг кассация тартибидаги шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Аммо суднинг ушбу ҳал қилув қарори мажбурий ижро бюросининг Сариосиё тумани бўлими томонидан ҳали-ҳануз ижро этилмай келиняпти. Қонун устуворлиги таъминланиши учун Мажбурий ижро бюросининг Сариосиё тумани бўлимига яна кимнинг қарори чиқариб берилиши керак?
Ҳабибулло ЗОКИРОВ,
Сариосиё туманидаги «Сардор Парвин» болалар оромгоҳи директори
Нукус – Учқудуқ йўли қайта тикланса…
Автомобиль йўллари қўмитасига!
Нукус ва Учқудуқ шаҳарлари ўртасидаги асфальт йўл неча йилдирки, таъмирталаб аҳволда. Кейинги йилларда бу йўл орқали автотранспорт қатнови деярли тўхтаган. «Ғузор – Бейнеу» автомагистрали орқали келаётган юк машиналари Учқудуқ шаҳрига Нукусдан бориш учун ҳозир «Нукус –Бухоро – Навоий – Зарафшон – Учқудуқ» маршрути орқали 930 километр масофани босиб ўтиши керак.
Энди аввалги автотранспорт қатнайдиган трассани ҳисоблаб кўрайлик: Нукус шаҳридан Учқудуққа тўғри борадиган йўл масофаси – 390 километр. Айирма эса 540 километр.
Бу давлатга қанча қимматга тушаётганини тушуниш қийин эмас. Ушбу йўл таъмирланиб, автотранспорт қатнови қайта тикланса, катта саноат шаҳри – Зарафшон билан ҳам масофа анча қисқарарди.
Шунингдек, 2025 йилда Қозоғистоннинг Қизилўрда ва Ўзбекистоннинг Учқудуқ шаҳарлари ўртасида 280 километрлик янги магистраль йўл қурилиши режалаштирилмоқда. Демак, назарда тутилаётган йўлнинг аҳамияти қанчалик муҳим экани ўз-ўзидан аёнлашади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, автомобиль йўл масофаси қисқариши экологияга ҳам фойда, чунки ҳавога кам заҳарли газ чиқарилади, товарлар эса манзилга ўз вақтида етиб боради, транспорт харажатлари ҳам камаяди.
Адилбек СЕЙТИМБЕТОВ
Нукус шаҳри
Эрта-индин қачон келади?
Сурхондарё вилояти ҳокимлигига!
Қумқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги «Янгиер» маҳалласида жойлашган 101-оилавий поликлиника икки қаватли бўлиб, 100 қатновга мўлжалланган. Унда 10 ўрин болалар ва 10 ўрин туғруқ учун ажратилган.
Мазкур маҳалла 2019 йилда «Обод маҳалла» давлат дастурига киритилган. Шу боис маҳаллада кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Жумладан, айрим кўчалар асфальтланиб, қолганларига тош тўшалган. Тадбиркорлар томонидан кўркам савдо дўконлари, турли ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилган.
Давлат дастурига асосан 101-оилавий поликлиника ҳам икки босқичда қайта реконструкция қилиниши белгиланди. Бу бунёдкорлик ишини Панжи Қувватов раҳбарлик қилаётган «Ботиралихон» хусусий корхонаси амалга оширишни бошлади. 1-босқичда 101-оилавий поликлиника биносининг ташқи қисми ва устки (том) қисми тўлиқ қайта таъмирланди. Бу ишлар якунланганига ҳам 2 йилча бўлиб қолди. Бироқ бинода 2-босқичда амалга оширилиши лозим бўлган ишларга ҳанузгача қўл урилмаяпти. Яъни, бинонинг 1-, 2-қаватларининг ички қисми, поли ва хоналари таъмирига, шунингдек, пардозлаш ишларига киришилмади.
Бундан ташқари, 101-оилавий поликлиника замонавий тиббий асбоб-анжомлар, мебеллар билан таъминланиши назарда тутилган. Бу ишлар ҳам «Ботиралихон» хусусий корхонаси томонидан амалга оширилиши керак. Биздаги маълумотларга қараганда, бунинг учун 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бу иш нега амалга оширилмай қолганини суриштирсак, туман тиббиёт бирлашмасидаги мутасаддилар «эрта-индин бажарилиб қолади» дейишдан нарига ўтишмаяпти.
Хўш, эрта-индин қачон келади?
Феруза ҚОСИМОВА,
Қумқўрғон туманидаги 101-оилавий
поликлиника мудири
Хусусий клиникалар фаолияти қандай назорат қилинмоқда?
Бош прокуратурага!
«Guangzhou medical of China» клиникасида фош бўлган қаллобликлар ортидан ушбу МЧЖнинг бир гуруҳ мансабдор шахслари ҳамда ходимларига Жиноят кодексининг 1863-моддаси 2-қисми «б» банди аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганини ҳаммамиз эшитдик, ўқидик.
Адолат тантана қилиб, ушбу шахслар жазога тортилди ҳам дейлик. Аммо бу билан узоқ йиллардан буён мадда бойлаб келаётган муаммолар ҳал бўлиб қоладими?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг ўтган йил якунлари бўйича берган маълумотига кўра, юртимизда салкам 6 900 та хусусий клиника фаолият кўрсатаётган экан.
Соҳада рақобат бўлгани яхши, албатта. Лекин мамлакатимизда хусусий клиникалар фаолиятини назорат қиладиган самарали тизим борми ўзи? Ахир юқорида тилга олинган клиниканинг ҳам фаолият олиб бориши учун қайсидир ташкилотлар лицензия берган, клиника қўллаётган дори воситаларини сертификатлаштирган, ходимларининг касбий лаёқатини текширган.
Агар масалага чуқурроқ назар солинса, бу ерда жуда катта лоббизм ҳамда коррупциявий ҳолатлар чуқур илдиз отганини кўриш мумкиндир?
Бу биргина клиникалар фаолияти билан боғлиқ масала эмас. Телеканаллар зўр бериб реклама қилаётган, ижтимоий тармоқларда лоп этиб олдингиздан чиқадиган шубҳали клиникалару «Alhadaya», «Laminariya» каби ўнлаб бошқа биологик фаол қўшимчалар билан ҳам худди «Guangzhou medical of China» МЧЖга ўхшаш ҳолат рўй бермайди, деб ким кафолат беради?
Энг ачинарлиси, халқ «ўлимдан бошқа ҳар қандай дардга даво» бўладиган дори воситаларининг рекламаларига ишоняпти. Яқин-яқингача давлат телевидениесида ҳам ҳар ярим соатда эфирга кетган «Guangzhou medical of China» клиникасининг «Гуанжоу – зўр!» рекламасига ишонгандек…
Гап кимнидир жазолаш, қонун устуворлигини таъминлаш эмас, балки мамлакатимизда бу каби қаллобликларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида кетмоқда!
Бош прокурорнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси билан мурожаат этиши мумкинлигини инобатга олиб, бу соҳадаги қонунчилик тизимини такомиллаштириш фурсати келмадими?
Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА
Тақиқ муаммога ечимми?
Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлигига!
Ҳаво кундан кунга исиб бормоқда. Ҳадемай ёз мавсуми бошланади. Жазирама иссиқда кўпчилик салқин табиат қўйнида дам олишни, сувда чўмилишни хоҳлайди.
Ёз яқинлашиши билан босма нашрлар ва сайтларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ишловчи ходимларнинг тақиқланган ҳудудларда чўмилмаслик ҳақидаги мақолалари чоп этилади, телевидение ва радиода туркум кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилади. Бироқ юртдошларимиз очиқ сув ҳавзаларида чўмилишда давом этаверади. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 300 минг нафарга яқин инсон белгиланмаган жойларда чўмилиш оқибатида ҳаётдан кўз юмар экан. Мамлакатимизда ҳам ҳар йили юзлаб инсон сувга чўкиб, нобуд бўлади. Улар орасида болалар ҳам бор.
Хўш, фожиали ҳолатлар бу йилги ёзда такрорланмаслиги учун мутасаддилар томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Айтайлик, Хоразм вилоятида?
Бундан бир неча йиллар аввал Шовот каналининг Урганч шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида, Хоразм марказий ўйингоҳида очиқ чўмилиш ҳавзалари фаолият кўрсатган. Ҳозир эса вилоятда бирорта ҳам рухсат этилган очиқ сув ҳавзаси йўқ. Шу сабабли саноқли ёпиқ сув ҳавзалари ёз мавсумида ниҳоятда гавжум бўлади. Аммо пандемия туфайли баъзида улар ҳам маълум муддатга ёпиб қўйилмоқда. Қолаверса, ёзда ёпиқ сув ҳудудида чўмилиш инсонга ҳузур бағишламайди. Чўмилувчилар кўплиги сувнинг тез ифлосланишига, юқумли ва тери-таносил касалликлари тарқалишига сабаб бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Сувда сузиш – инсон соғлиғи учун фойдали. Айниқса, ўсиб келаётган авлод учун. Сузиш кўпгина касалликларнинг олдини олади, айримларини даволайди, иммун тизимини мустаҳкамлайди. Демак, ҳар қандай фаслда ҳам сузишга эҳтиёж бор. Бироқ, нима учундир мутасаддилар масаланинг бу жиҳати ҳақида бош қотиришни ўйламайдилар.
Амударё соҳилларида, каналлар бўйларида аҳолига қулай ва хавфсиз очиқ сув ҳавзалари барпо этиш фурсати аллақачон келмадимикин? Бу ёз ҳам фақат тақиқланган ҳудудда чўмилманг, рухсат этилмаган ҳудудда чўмилманг қабилидаги огоҳлантиришлар билан ўтадими ёки тақиқланмаган ҳудудлар ташкил қилинадими?
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch»
