Юртимизда ҳам сўнгги пайтлар бозорларда гўшт, тухум, айниқса, ёғ ва шакар нархи анча юқорилади. Натижада ўртаҳол оилалар бозор-ўчарга доимий ажратилган маблағни тежашга, айрим маҳсулотларни бозорлик рўйхатидан ўчириб, бола-чақалари ризқини қийишга тўғри келмоқда.
Хўш, кундалик эҳтиёжимиз учун зарур бу маҳсулотлар нега қимматлашди? Хусусан, шакар нархи ошишининг асл сабаблари нималарга боғлиқ?
Биз ушбу саволларга аниқ жавоб топиш мақсадида пойтахтимиздаги «Юнусобод» ва «Қўйлиқ» деҳқон бозорларида бўлдик. Харидорлар, сотувчилар ва бозор масъуллари билан суҳбатлашдик.
Айни дамда «Юнусобод» деҳқон бозорида шакарнинг килоси махсус расталарда 9500 сўмдан, чакана савдода эса 13-14 минг сўмдан сотилмоқда. Бозор раҳбарининг ўринбосари Дилмурод Жўраевнинг таъкидлашича, махсус расталарга шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳар куни 3 тонна шакар етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, бозор раҳбарияти томонидан қўшимча равишда шакар захираси шакллантирилган. Хусусан, 1 май ҳолатига кўра, захирада 10 тонна шакар бўлиб, бугунгача 2 тоннаси қолган, холос.
– Бозордаги нарх-навони имкон қадар назорат қилиб бориш пайида бўламиз, – дейди Д.Жўраев. – Аммо талабга яраша таклиф бўлгани боис ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқолмаймиз. Масалан, шакарни 13-14 минг сўмдан пуллаётган чакана савдо билан шуғулланувчиларни «Маҳсулотингни биз белгилаган нархда сотасан», деб мажбурлай олмаймиз. Чунки улар солиқларни тўлаб, қонуний савдо қилишмоқда. Шу боис фаолиятига аралашишга ҳаққимиз йўқ.
– Кеча бир қоп шакарни 580 минг сўмга олдим, – дейди исми сир қолишини истаган сотувчи. – Бу демак, унинг бир килоси менга 10800-11000 минг сўмдан тушди дегани. Мавсумдан фойдаланиб, устига бир-икки минг сўм қўйиб сотмасам, бу ерда туришимдан фойда йўқ. Аслида шакар қўлдан-қўлга ўтиб, бизга нархи ошган ҳолда етиб келади. Бозорда ҳеч ким уни биринчи қўлдан олмайди ва ололмайди ҳам. Чунки бу иш билан фақат айрим шахсларгина шуғулланади. Биз улардан айтган нархида ва имкониятимиздан келиб чиқиб, харид қиламиз.
Шерали исмли шакар тарқатувчининг айтишича, у «катта партия» билан шуғулланадиган танишларидан айни кеча-кундузда ҳар қоп шакарни 550-560 минг сўмга олган. Улар бу маҳсулотни заводдан қанчага харид қилишгани билан қизиқмаган. Лекин ўзига таниш савдогарларга 570 минг сўмдан сотган.
– Шакар бизнесида сунъий тўсиқлар кўп, – дейди «Қўйлиқ» бозоридаги сотувчилардан бири. – Шу боис у етарли бўлган тақдирда ҳам, ҳар мавсумда нархи ошиб кетади. Сабаби, мамлакатимизга шакарни фақат маълум доирадаги одамларгина тарқата олишади. Бошқаларга рухсат йўқ! Ишонмасангиз, хориждан шакар келтириб, бозорда сотиб кўринг, шунда гапимни тушунасиз. Яқинда бир танишим билан шундай ҳолат рўй берди. У хориждан ўз пулига қонуний тартибда гўшт, ёғ ва шакар олиб келди. Фойда кўриш нарида турсин, маҳсулотларини лоақал махсус растада арзонлаштирилган нархда ҳам сотолмади. Ишончим комил, шакар бизнеси билан шуғулланиш учун барчага бирдек имконият яратилса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади. Афсуски, ҳозирча бу бизнес монополистлар қўлида.
Суҳбатларимиз жараёнида айрим сотувчилар шакар қимматлигини хорижий валюталар курси ошиб бораётгани билан ҳам боғлашади. Бироқ бу асосли далил эмас. Мабодо, шундай бўлса, нега доллар қиймати пастлаганда шакар арзонлашмаяпти? Бизнингча, уни қиммат пуллаётганлар ё давлат томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишмаяпти ёки бозор «катта»ларининг ўзлари шунга йўл очиб беришяпти.
– Бу маҳсулотнинг асосий қисми ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бир вақтда нархи тобора кўтарилиб бораётганини асло тушунмайман, – дейди махсус растадан шакар харид қилаётган харидор. – Ички бозоримиз юз фоиз таъминланган, маҳсулот етарли бўлса, нархи нега қимматлашади? Менимча, бозорлардаги тайёрга айёр олибсотарлар кўпинча нархларни сунъий равишда ошириб юборишмоқда.
Хўш, бу ҳолатни масъуллар қандай изоҳлашади?
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бундан бир ярим ой муқаддам шакар ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳамда реализация қилувчи маҳаллий тадбиркорларнинг 2022 йилги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани, Россия ва Украинада шакар ва буғдой экспортига киритилган чекловлар Ўзбекистон ички бозорларидаги эҳтиёж ва нархларга таъсир қилмаслиги ҳақида баёнот берган эди. Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда иккита шакар заводи – «Хоразмшакар» ва «Ангреншакар» фаолият юритмоқда. Маҳаллий заводлар шакар хомашёсини Бразилиядан жаҳон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда харид қилмоқда. Хусусан, 15 март ҳолатига кўра, бу корхоналарда 260 минг тонна шакар маҳсулоти захираси мавжуд бўлган. Шундан 40 минг тоннаси тайёр шакар ва 32 минг тоннаси хомашё. Июнь ойигача яна 178 минг тонна хомашё етказиб берилади. Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида март ойидан бошлаб биржа савдосига қўйиладиган шакар ҳажми 30 фоизга оширилган.
Қўмита баёнотидан англашиладики, нарх-наво кўтарилишига ташқи омилларнинг таъсири йўқ. Демак, ҳукумат кўраётган чора-тадбирларга қарамай, нарх-навонинг бу қадар ўсаётганида, энг аввало, инсон омили, жумладан, шакар бизнеси билан фақат маълум доирадаги шахслар шуғулланаётгани сабаб бўлмоқда.
Яна бир гап: мазкур баёнот 15 мартда берилган эди. Шакар нархи эса апрелнинг ўрталарида кўтарилишни бошлади. Хўш, захира етарли бўлган бир пайтда нарх-навони асоссиз ошираётганлар билан нега ҳеч ким шуғулланмаяпти? Адашмасак, бу вазифа бевосита Монополияга қарши курашиш қўмитасига тааллуқли.
шундай экан, мавсумни рўкач қилиб, нарх-навони сунъий ошираётган сохта тадбиркорлар, олибсотарлар, чайқовчилар ва монополистларнинг ноқонуний фаолиятини жиддий назорат остига олиш, соҳада вужудга келган муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш керак. Энг ачинарлиси, бу масаланинг замирида сунъий тўсиқлар ётибди. Уларни йўқотишда эса нафақат давлат органлари ходимлари, балки халқимиз ва ҳар бир фуқаро ҳам фаол қатнашмоғи даркор. Ана шундагина эл дастурхони тўкин ва турмуши фаровон бўлишига ҳисса қўшишимиз мумкин.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
