12-14 май кунлари Озарбайжоннинг маданият пойтахти ҳисобланган – Шуша шаҳрида “Харибулбул” V халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Литва, Белоруссия, Ўзбекистон, Нидерландия, Туркия ва Израил каби давлатлардан санъат усталари иштирок этишди.
Фестивалда тақдим этилган концерт дастурлари Озарбайжон мусиқа санъатининг буюклиги ва ранг-баранглигини ўзида акс эттирди. Фестивалнинг иккинчи кунидаги концерт томошабинлар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолиши шубҳасиз. “AZERTAJ” ахборот агентлиги хабарига кўра, фестивалнинг иккинчи куни “Жидир дюзу” ўрнатилган саҳнада Озарбайжоннинг “Cəнги” эстрада-фольклор ансамбли, шунингдек, торчи Арслан Новраслининг этно-жаз гуруҳи хонанда Гочаг Аскеров билан биргаликда қизиқарли концерт дастури намойиш этишди.
“Cəнги” ансамбли Жаванҳир Гулиевнинг “Бура ватандир”, Восиф Ҳусайннинг “Ҳузур”, “Лейла”, Воқиф Мустафозоданинг “Қафқаз”, Эдуардо Ди Капонинг “О соле мио”, шунингдек, “Ўзбек халқ қўшиқлари”ни ҳам юксак маҳорат билан ижро этди. “Аман, аман айрıлиқ” Полад Булбул ўғли, Огтай Казимовнинг “Даглар” ва Вагиф Герайзоданинг “Ё сенингдир, ё менинг” каби қўшиқлари ижро этилди. Концерт дастурида торчи Арслан Новрасли бошчилигидаги этно-жаз гуруҳи хонанда Гочаг Аскеров билан бирга ўз чиқишларини намойиш этди. Гуруҳ ижросидаги “Баяти курд”, “Блуес-Муғам”, “Сур” ва “Ялли” композицияларида Озарбайжон мусиқасининг таъсири нақадар чуқур эканини яна бир намоён этди.
Эслатиб ўтамиз, 2006 йилда биринчи миллий телевизион мақом танлови ғолибларидан бири бўлган Гочаг Аскеров 2013 йилда Роял Алберт ҳолда ББC томонидан ташкил этилган “Променаде” тунги концертида илк бор озарбайжон мақомини ижро этган эди. Кўплаб фестивал ва танловлар ғолиби ва лауреати Арслан Новрасли гармоник жазз стандартларидаги тор ижрочиси. У мазкур асбобда мақом ва мумтоз мусиқаларни ижро этиб, мамлакатимиз ва хорижда концертлар беради, юқори профессионал мусиқий жамоалар билан бирга саҳнага чиқади.
14 май куни ниҳояланган “Харибулбул” Халқаро фольклор фестивалида мусиқачилар, турли халқ йўналишдаги рақс жамоалари, шунингдек, Озарбайжоннинг турли вилоятларидан келган фольклор жамоалари ўзаро бир-бирларининг ижоди билан яқиндан танишишди ва ижодий ҳамкорлик алоқаларини бир поғанага мустаҳкамлашди.
Улар орасида Ўзбекистоннинг Мукарама Турғунбоева номидаги “Баҳор” Халқ рақс ансамбли ҳам борлиги биз учун ниҳоятда қувончли. Фестивалда раққоса қизларимиз миллий Хорзм рақси – “Лазги”ни ижро этишди. Қалбларни жўштирувчи мазкур рақс юқори маҳорат билан ижро этилар экан, меҳмонлар ва ташкилотчилар олқишига сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фестиваль анъанавий равишда Шуша ҳамда Қорабоғнинг бошқа минтақаларида ўтказиб келинган. Аммо Қорабоғ ишғол остида бўлган сўнгги чорак аср давомида мазкур маданий тадбирни ўтказиш имкони бўлмаган. Шунга кўра, кўп йиллик танаффусдан кейин ташкил қилинаётган фестивалга катта эътибор қаратилмоқда. Унинг очилишида мамлакат президенти Илҳом Алиев ва унинг рафиқаси ҳам қатнашган.
Озарбайжонда 2022 йил «Шуша шаҳри йили» деб эълон қилинган. Қолаверса, жорий йилда мазкур тарихий шаҳарнинг 270 йиллиги нишонланмоқда. Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти, санъат бешиги саналади. Асрлар мобайнида бу заминдан атоқли сўз ва соз санъати усталари етишиб чиққан. Шаҳарда юзйиллик мобайнида меъморчилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривож топган.
Эслатиб ўтамиз, Шуша TÜRKSOY ташкилоти томонидан 2023 йилда «Туркий дунёнинг маданий пойтахти» деб эълон қилинган.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»



